Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги директори Зокир Эшкурбонович Ишпулатовнинг сув хўжалиги тизимида фаолият олиб бораётган соҳа ходимларига мурожаати
2025-07-22 14:35:00 / Янгиликлар

Бюрократия ва коррупциянинг турли кўринишларига қарши курашиш мамлакатимизда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди.
Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.
Аммо шунча қилинган саъй-ҳаракатларга қарамасдан коррупция иллатидан ҳали тўла халос бўлолганимиз йўқ. Бунинг учун ҳар биримиз ҳаракат қилишимиз кераклигини замоннинг ўзи тақозо қилиб турибди.
Коррупция ва яширин иқтисодиётнинг энг катта душманларидан бири бу – очиқлик ҳисобланади. Сув хўжалиги соҳасида ҳам бу борада сезиларли қадамлар ташланмоқда. Очиқлик ва ошкоралик тамойилларининг таъсирчан шаклларини жорий этиш, соҳада жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича бошлаган ишлар ортга қайтмас тус олган.
Ўтган йилларда коррупциянинг олдини олишга қаратилган муҳим превентив механизмлар яратилганлиги, давлат бошқарувида бюрократияни камайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш, рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг муҳим элементлари бўлиб хизмат қилди.
Хусусан, ўтган йилда амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар орқали сув хўжалиги тизимининг энг муҳим бўғини – “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ ташкил этилиб, такрорланувчи функциялар тугатилди. Энг асосийси, бюрократия қисқартирилиб, сув истеъмолчилар билан тўғридан-тўғри ишлаш механизми жорий қилинди.
Коррупциянинг олдини олиш ҳамда фермер хўжаликлари ва истеъмолчиларга сув етказиб беришда шаффофликни таъминлаш мақсадида “Сув ҳисоби” платформаси ташкил этилиб, платформа орқали сув лимитларидан доимий хабардор бўлиб туриш, шартномалар ва далолатномаларни расмийлаштириш ҳамда солиқ идораларига тўғридан-тўғри юбориш имконияти яратилди. Энг муҳими, бунда ҳеч қандай бюрократик тўсиқлар ёки коррупцион ҳолатлар бўлмайди.
Шу билан бирга, амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамасдан, тан олиб айтиш керак, коррупцияни тўлиқ бартараф этиш учун ҳали жуда кўплаб чораларни кўришимиз керак. Шу мақсадда биз коррупцияга қарши курашиш бўйича мавжуд тенденцияларни таҳлил қилган ҳолда, соҳада сақланиб қолаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича устувор вазифаларни белгилаб олишимиз зарур. Бу борада эса тизимда фаолият юритаётган ҳар битта ходимга суянамиз.
Албатта, бу якуний ёки ўзгармас йўналишлар эмас. Уларни кундан кунга такомиллаштириб, янгилаб боришимиз лозим. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Бизнинг жамиятда бу иллатга мутлақо ўрин бўлмаслиги учун қаттиқ курашамиз. Мана шундай принципиал қараш жамиятимиз ҳаётида мустаҳкам қарор топиши учун барчамиз биргаликда қатъий ҳаракат қилишимиз зарур.”
Азиз ҳамкасблар!
Коррупцияга қарши биргаликда курашайлик! Келажак авлод учун турли зарарли иллатлардан ҳоли, очиқ ва шаффоф янги Ўзбекистонни биргаликда бунёд этайлик.
