СУҒОРИШ МАВСУМИНИНГ ЭНГ МУҲИМ ПАЛЛАСИ – БЕФАРҚ БЎЛИШ МУМКИН ЭМАС
2025-07-08 18:45:00 / Янгиликлар

Ёзнинг иссиғи “ёндираётган” шу кунларда республикамизнинг ҳамма ҳудудларида сувга талаб юқори. Сув ресурслари чекланган, бунинг устига йил сайин камайиб бораётган бир шароитда мавжуд ресурсларни тўғри тақсимлаб, аниқ ҳисоб-китоб билан истеъмолчига етказиб бериш ҳар қачонгидан ҳам муҳим масалага айланган.
Албатта, ҳар қандай тизимда ҳам иш жараёнида саволлар, тушунмовчиликлар бўлиши табиий. Ёзги суғориш мавсумида сув таъминотида муаммо юзага келган фермерлар, томорқа эгалари ва бошқа сув истеъмолчилари мурожаат қилиши учун Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида 24/7 режимида “Call-markaz” (тел.: 71-202-48-00) ишлаб турибди.
Мурожаатлар бир кундан ошмаган муддатда ҳал этилади. Шу билан бирга, истеъмолчилар 71-202-48-00 рақамли телефон орқали мурожаатларни Вазирлик ҳузуридаги Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлигига йўллаш мумкин.
Бугун Вазирлик томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳа олдида долзарб бўлиб турган 4 та муҳим масала муҳокама қилинди. Йиғилишни Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев олиб борди.
Коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов. Бу иллатга қарши курашиш бир марталик, бир ойлик тадбир эмас, балки доимий жараёндир.
Йиғилишда дастлаб коррупцияга қарши кураш ва комплаенс назорат йўналишида 2025 йил ярим йиллигида амалга оширилган ишлар, келгуси вазифалар муҳокама қилинди. Вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш, соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган вазифа ҳамда топшириқлар ижросини таъминлашда айрим хато-камчиликларга йўл қўйилгани таъкидланди.
Ички идоравий ҳужжатлардаги коррупциявий омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан белгиланган талаб ҳамда механизмлар ижросини самарали таъминлаш, тизимда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, ходимларни коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимли равишда ўқитиш ҳамда малакасини ошириб бориш амалиётини йўлга қўйиш, бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланишининг олди олиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Бугунги кунда ерларни суғоришга давлат бюджети ҳисобидан 1 минг 700 га яқин насос станция ишлатилмоқда. Уларга бир йилда 7 млрд кВт/соат электр энергияси сарфланади.
2025 йилда вазирлик тизимидаги насос станцияларда хизмат муддатини ўтаб бўлган 150 та насос ва 166 та электродвигателларни янгилаш режалаштирилган бўлиб, январь-июнь ойлари давомида амалда 157 та (105%) насос ва 161 та (97%) электродвигателлар харид қилинган ва ўрнатилган.
1 443 та (145%) ёруғлик диод лампалар, 165 та (141%) конденсатор қурилмалари, 135 та (130%) частота ўзгартирувчи (плавный пуск) қурилмалар, 752 кВт (167%) қуёш фотоэлектр панеллари, 27 та (100%) (5 400 литр) қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилган.
Мазкур ишлар натижасида биринчи ярим йилликда тасдиқланган лимитга нисбатан 304,3 млн кВт/соат электр энергияси тежалди.
Йиғилишда Бухоро насос станциялари ва энергетика бошқармаси, Сурхондарё насос станциялари ва энергетика бошқармаси ва Аму-Бухоро магистрал каналидан фойдаланиш бошқармаси январь-июль ойларида ажратилган электр энергия лимитига нисбатан электр энергиясини ортиқча ишлатилишига йўл қўйгани танқид қилинди.
2025 йилда режалаштирилган 12 та насос станциясини энергия аудитдан ўтказиш, энергия тежамкор қурилмалардан самарали фойдаланиш, насос станцияларни бир хил режимда ишлатиш ҳамда бириктирилган экин майдонларида агротехник тадбирлар амалга оширилиши ҳисобига электр энергиясини тежаш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида хусусий шерикликка берилган объектларга инвестиция киритилиши таҳлил қилинди, жорий йилда амалга ошириладиган лойиҳаларнинг ҳолати кўриб чиқилди.
ДХШ асосида хусусий сектор бошқарувига бериш режалаштирилган объектлардан Андижон вилоятида 47 тасига, Фарғона вилоятида 24 тасига молиявий хулосалар олинмагани танқид қилинди.
Молиявий хулосалар олишни тезлаштириш, хулоса олинган лойиҳаларни эълон қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Айни кунларда сув тежовчи технологияларни жорий этиш энг қизғин паллага кирган. Вазирликнинг ўтган ҳафтада бўлиб ўтган аппарат йиғилишида сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича “Долзарб 10 кунлик” эълон қилинган эди.
Маълумотларга кўра, биринчи ярим йилликда республика бўйича жами 198,6 минг гектар майдонда (лазер текислаш ишларидан ташқари) сув тежовчи технологиялар жорий этилган. Шундан томчилатиб суғориш 87,1 минг гектар (100 фоиз), ёмғирлатиб суғориш 28,7 минг гектар (81 фоиз) ва дискрет суғориш 6,6 минг гектар (24 фоиз)га тўғри келади.
Йиғилишда “Долзарб 10 кунлик” эълон қилинганидан сўнг ўтган бир ҳафда давомида республика бўйича 7,7 минг гектарда томчилатиб ва 380 гектарда дискрет суғориш технологиялари ишга туширилгани, 215 комплект эгилувчан қувурлар харид қилиниб, 1,1 минг гектарда эгатга плёнка тўшаб суғориш ишлари йўлга қўйилгани айтиб ўтилди.
Томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича Навоий ва Тошкент вилоятларида ишлар суст эканлиги танқид қилинди. Шунингдек, дискрет суғориш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида, эгилувчан қувурларни харид қилиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида, эгатга плёнка тўшаб суғориш бўйича Тошкент вилоятида ишлар талаб даражасида эмаслиги таъкидланди.
Қораўзак, Бўстон, Қўрғонтепа, Қарши, Муборак ва Чироқчи туман “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ раҳбарларига ҳайфсан эълон қилинди.
Видеоселектор йиғилишида вазир ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Ахборот хизмати





