СУВ ХЎЖАЛИГИ МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА ЎЗБЕК-ҚИРҒИЗ ҚЎШМА КОМИССИЯСИНИНГ ЙИҒИЛИШИ ЎТКАЗИЛДИ
2025-06-13 10:15:00 / Янгиликлар

Ишчи комиссиянинг қирғиз томонига Қирғиз Республикаси Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири ўринбосари Нурлан Жумаев, Ўзбекистон томонига Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев раислик қилди.
Йиғилишда Қирғиз Республикасининг Ўш, Боткент, Жалолобод вилоятлари сув хўжалиги бошқармалари раҳбарлари, Сув ресурслари хизмати масъуллари, Ўзбекистон Республикасидан Норин-Қорадарё, Норин-Сирдарё, Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, Фарғона водийси магистрал каналларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиқлари ҳамда вазирлик мутахассислари қатнашди.
Мулоқотларда икки томонлама ҳамда минтақавий аҳамиятга эга бўлган сув хўжалиги масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, Фарғона водийсидаги кичик дарёлар бўйича жорий йил учун сув олиш режа-жадваллари ҳамда Қорадарё дарёсига сув ташлаш бўйича режа-жадваллари муҳокама қилинди ҳамда имзоланди.
Томонлар “Косонсой” сув омборидан биргаликда фойдаланиш масаласини муҳокама қилди. Икки давлат ҳудудидан ўтувчи каналларда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш бўйича янги ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.
Шунингдек, “Андижон” сув омборидан биргаликда фойдаланиш масаласи ҳам кўрилди.
Ахборот хизмати



