АНГОР ТУМАНИДАГИ «НОВШАҲАР» КАНАЛИ РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИНМОҚДА
2025-06-13 12:40:00 / Янгиликлар
1950 йил фойдаланишга топширилган «Новшаҳар» каналининг умумий узунлиги 16,5 километрни ташкил этади. Ўтган вақт орасида каналда доимий сув оқиб тургани учун аввал бетонлашган қисми яроқсиз ҳолга келиб, тупроқ ўзани нураши туфайли сув ўтказиш қуввати пасайган. Шу сабабли канални реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

«Сурхондарёсувқурилишинвест» давлат муассасаси буюртмасига асосан «Узунмахсуссувпудрат» МЧЖ қурувчилари томонидан каналнинг ўта таъмирталаб 5 километр қисми бетонлаштирилаяпти.
Реконструкция жараёнида каналдаги гидротехника иншоотларининг 12 таси таъмирланади ва янгисига алмаштирилади. Шунингдек, 4 та «Ақлли сув» қурилмаси ўрнатилади. Айни пайтда пудрат ташкилоти бунёдкорлари объектда 4 миллиард 324,4 миллион сўмлик иш бажариб, каналнинг 3,5 километр узунликдаги қисмига бетон қоплама ётқизишди. Реконструкция ишлари якунлангач, 5725 гектардан зиёд экин майдонларининг сув таъминоти яхшиланади.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати


