СУВ ХЎЖАЛИГИ СОҲАСИ ХОДИМЛАРИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ
2025-06-05 08:20:00 / Янгиликлар

Шу қутлуғ кунларда сувчиларимиз айёмни муносиб нишонлаш баробарида эл-юртимизга улуғ неъмат – оби ҳаётни узлуксиз етказиб беришдек ўзларининг савобли ва хайрли амалларини давом эттираётганликлари барчамизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Бизда “Қурбон ҳайити” ёки “Кичик ҳайит” деб номланадиган кун диний манбаларимизда “Ийд ал-Адҳо” деб юритилади. “Ийд” сўзи араб тилида “қайта-қайта такрорланиш”, “фойда-манфаат” маъноларини билдиради. “АлАдҳо” эса “қурбонлик қилиш”, деган маънони англатади. Қурбон ҳайити байрами зулҳижжа ойининг ўнинчи кунидан бошланади.
Кўҳна тарихимиз давомида юртимизнинг маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаб, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойилларини ҳар томонлама барқарор этиб келаётган бу улуғ байрам барчага муборак бўлсин!
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуслари билан сув ресурсларини самарали бошқариш, суғориш тармоқларини бетонлаш, рақамлаштириш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кўпайтириш, сув ва электр энергиясидан тежамли фойдаланиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Йил бошидан буён мамлакатимизда давлат дастури асосида 396 км каналлар бетонланди ва реконструкция қилинди. Хўжаликлараро 4 минг км каналлар, кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 18 минг км ички суғориш тармоқлари бетон қопламага ўтказилди.
506 минг гектарда сув тежовчи технологиялар, шундан 62 минг гектарда томчилатиб, 25 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этилди.
Бу ишларнинг амалий натижаси суғориш мавсумида сув исроф бўлишининг олдини олишда қанчалик сезилаётганини барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз.
Ўзаро аҳил ва иноқ кўп минг сонли сувчилар жамоаси бир ёқадан бош чиқариб Давлатимиз раҳбари томонидан олдимизга қўйилган топшириқларни уддалашига ишонаман.
Муқаддас Қуръони каримнинг бир неча ўринларида хайр-эҳсон, эзгуликнинг мукофоти фақат яхшилик экани алоҳида таъкидланган. “Дилинг – Аллоҳда, қўлинг – меҳнатда бўлсин”, деган олижаноб қоидага амал қилиб, кечаю кундуз тиним билмасдан, ёзнинг иссиғида ҳам куйиб-пишиб сув ёқалаб юрган сувчиларимизга, уларнинг юрт равнақи йўлидаги савобли ишларига Яратганнинг ўзи ажру азим беради, албатта.
Қурбон ҳайити – улуғ байрам. Ушбу кунда яқинларни йўқлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, ёши улуғ ҳамкасбларни зиёрат қилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, оилаларга хурсандчилик улашиш ва байрамнинг кўркига кўрк қўшадиган солиҳ амалларни қилиш мақсадга мувофиқ.
Шу маънода, тизимдаги барча ташкилотлар раҳбарларини сув хўжалигида эзгу анъанага айланган амалларимиз – байрам арафасида ҳар бир ходимга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тарқатиш, кекса ва фахрий ҳамкасбларни йўқлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, мурувват кўрсатиш ва эҳсон улашиш бўйича тадбирларни уюшқоқлик ва юқори савияда ташкил этишга даъват қиламан.
Фурсатдан фойдаланиб, сув хўжалиги ходимларини, уларнинг оила аъзоларини яна бир бор улуғ ва муқаддас байрам – Ийд ал-Адҳо билан самимий табриклаб, уларга мустаҳкам соғлик, фаровонлик тилайман.
Барокатли ва нурафшон кунларда меҳнаткаш ва оқкўнгил халқимизнинг барча эзгу ният ва дуолари ижобат бўлсин!
Жонажон Ватанимизни, азиз халқимизни Яратганнинг Ўзи паноҳида асрасин!
Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Хамраев,
Ўзбекистон Республикаси
Сув хўжалиги вазири
2025 йил, 5 июнь
