НАСОС СТАНЦИЯСИ ВА УЧАСТКА БОШЛИҒИ ЛАВОЗИМИДАН ОЗОД ҚИЛИНДИ
2025-06-03 09:30:00 / Янгиликлар

Аму-Сурхон ИТҲБ ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаси балансидаги техника паркида барча насос станциялари ҳамда туманлар насос станциялари участкалари бошлиқлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Танқидий-таҳлилий руҳда бўлиб ўтган йиғилишда Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари И.Жўраев, вазирлик масъул ходимлари И.Эргашев, Ш.Исроилов қатнашди ҳамда ўрганишлар жараёнида аниқланган камчиликларга асосланиб, «Насос станциялари самарадорлигини ошириш» йилида Сурхондарёдаги насос станцияларида бажарилаётган ишлар шу кун талаблари даражасида эмаслиги танқид қилинди.
Таъкидланганидек, айрим насос станциялари жамоалари агрегатларни суғориш мавсумига таъмирлаш жараёнида қатор хатоларга йўл қўйгани боис айни сувга талаб ортган пайтда агрегатлар тўхтаб қолаётгани учун истеъмолчилардан эътирозлар кўпаймоқда. Бир неча насос станциялари мутахассислари агрегатларни режим ва навбат бўйича ишлатмаётгани, шунингдек, насос станцияларида энергия тежамкор жиҳозлар ўрнатилмаганлиги сабабли лимит бўйича ажратилган электр энергияси ортиқча сарфланган. Натижада агрегатларни вақтинча тўхтатиш эвазига истеъмолчилар даласига сув етиб бормаяпти. Насос станцияларидан кўпчилигининг атрофи ободонлаштирилмаган, экилган мевали-манзарали дарахтлар парвариши тўғри ташкил қилинмаган. Ходимларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга таянч бўладиган ёрдамчи хўжаликлар ҳолатини ҳамма насос станцияларида ҳам қониқарли деб бўлмайди. Айрим насос станцияларида шароит бўла туриб, ёрдамчи хўжаликлар ташкил қилинмаган, ташкил қилинган насос станцияларида ҳам икки бош эчки ёки 30 та товуқдан бошқа ҳеч нарса йўқ.
Йиғилишда ишда йўл қўйган қатор камчиликлари ва эгаллаб турган вазифасига нисбатан лоқайдларча муносабатда бўлгани учун «Каттақум-1» насос станцияси раҳбари Б.Қурбонов ҳамда Шўрчи тумани насос станциялари участка бошлиғи О.Абраевлар лавозимларидан бўшатилди. Шунингдек, «Янгиобод» насос станцияси, Шеробод ва Узун туманлари насос станциялари участка бошлиқларига охирги огоҳлантириш берилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати

