ПОЛЬШАЛИК ОЛИМЛАР БИЛАН УЧРАШУВ ЎТКАЗИЛДИ
2025-05-30 12:35:00 / Янгиликлар

Бугун Сув хўжалиги вазирлигида вазир ўринбосари – Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги директори З.Ишпулатов улар билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бу жараёнда сув хўжалиги соҳасига эътибор, амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.
– Сув хўжалиги соҳаси олдида турган вазифаларни илмий ёндашувларсиз ҳал этиб бўлмайди. Шу сабабли, вазирлик ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтига катта масъулият юкланган, – деди учрашувда вазир ўринбосари.
Жорий йил июнь ойида Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг 100 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўрилмоқда. Дунёнинг турли давлатларидан нуфузли ташкилотлар вакиллари, олимлар, экспертлар таклиф қилинган.
Шу кунларда Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг инновацион фаолиятини модернизациялаш концепциясининг (2025–2030 йилларга мўлжалланган) таркибий қисми халқаро экспертлар иштирокида муҳокама қилинмоқда.
Вазир ўринбосари польшалик олимларни муҳокамаларда фаол қатнашишга чақирди.
– Иқлим ўзгариши шароитида дунё мамлакатларида кузатилаётган сув хўжалиги соҳасидаги муаммоларнинг ечими технологияларга боғлиқ. Европа мисолида оладиган бўлсак, анъанавий усулларни технологияга таянган ҳолда модернизация қилишга катта аҳамият қаратилмоқда. Биз бу борада ҳамкорликка тайёрмиз, – деди учрашувда профессор Марек Громец.
Учрашувда илмий-тадқиқот йўналишдаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ахборот хизмати



