КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ҲУЖЖАТЛАР ИМЗОЛАНДИ
2025-04-26 12:05:00 / Янгиликлар

Коррупция – дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан бири. У, энг аввало, ривожланиш ва ислоҳотлар йўлидаги улкан тўсиқдир.
Шу боис сўнгги йилларда юртимизда бу иллатга қарши курашиш бўйича қонунлар қабул қилиниб, янги тизим яратилди. Жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ муҳит шаклланди.
Жорий йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида Давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича қилинган ишларга баҳо берилди.
Йиғилишда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, коррупцияга қарши курашишга жамоатчилик, парламент ва фуқаролик жамияти институтларини кенг сафарбар этиш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида “ҳалоллик вакцинаси” тамойили асосида коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида Президентимиз томонидан иккита муҳим ҳужжат – Фармон ва қарор имзоланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 апрелдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-71-сонли Фармонида кескин ва таъсирчан ҳуқуқий механизмлар назарда тутилган.
Фармонга биноан, ҳар йили ҳудудлар кесимида коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш, шу жумладан, маиший коррупцияга барҳам бериш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантириш бўйича “йўл харита”си тасдиқланади, ижроси назоратга олинади.
Олий Мажлис палаталарига:
- ҳар йили бюджетдан энг кўп маблағ оладиган учта вазирлик ва идорада коррупциявий омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш;
- вазир ва ҳокимлар лавозимига номзодлар кўриб чиқилаётганда улар томонидан коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ режа ҳимоя қилинишига оид тартибни қонун ҳужжатларида белгилаш;
- масъул идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузган ҳолда “жиноятчиликка қарши курашиш ҳафталиги” давомида ҳар ойнинг 1–5 саналарида режа асосида “қизил” тоифадаги маҳаллаларга тушиб, жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш каби тадбирлар тавсия этилди.
Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти янги тартиб асосида йўлга қўйилади. Хусусан,
прокурор, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарлари секторлар фаолияти бўйича юклатилган вазифалардан озод этилади;
секторлар ишига Бош вазир ўринбосарлари ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари масъул этиб белгиланади.
Фармонда иқтисодиётда коррупциявий омилларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Унга кўра,
давлат харидларида сотиб олинадиган товар ва хизматлар нархи ҳамда унинг ўртача бозор нархи ўртасидаги тафовутнинг энг кўп йўл қўйиладиган чегарасидан четга чиққан ҳолда харидларни амалга оширган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилади;
2025 йилнинг 1 июлидан йирик инвестиция лойиҳаларида коррупцияга қарши халқаро стандартлар ҳамда йирик аукцион шартларини рақобатбардошлик экспертизасидан ўтказиш тартиби жорий этилади;
“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими қамрови янада оширилиб, босқичма-босқич халқаро ташкилотлар иштирокидаги лойиҳаларга жорий қилинади.
2025 йил якунига қадар халқаро тендер объектлари бўйича субпудратчиларни “Шаффоф қурилиш” тизими орқали жалб қилиш, қиймати 2 млн АҚШ долларигача бўлган халқаро молия ташкилотлар ҳисобидан молиялаштириладиган маҳаллий тендерларни “Шаффоф қурилиш” тизимида ўтказиш ҳамда халқаро тендерлар бўйича жалб қилинган чет эл пудрат ташкилотлари шартнома қийматининг камида 60 фоизини ўз кучи билан бажариш тартиби жорий этилади.
2026 йил 1 январга қадар вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар томонидан кўрсатиладиган барча давлат хизматларини туман (шаҳар) кесимида аҳолининг ўзи баҳолайдиган тизим йўлга қўйилади. Бунда аҳоли томонидан “қониқарсиз” деб баҳоланган давлат хизматларини кўрсатувчи вазирлик, идора раҳбарлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимларининг шахсий жавобгарлиги белгиланади.
Коррупциянинг олдини олиш – давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашдан бошланади. Президентимизнинг 2025 йил 21 апрелдаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-147-сонли қарорида бу борадаги вазифалар белгиланган.
Қарорга мувофиқ,
давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ўз фаолиятида бевосита ташкилотнинг биринчи раҳбарига, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларида эса кузатув кенгашига бўйсунади ва унинг олдида ҳисобдор бўлади;
давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмалари ва таркибий ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари томонидан тайинланади ҳамда фаолияти улар томонидан мувофиқлаштирилади.
2027 йил 1 январгача Коррупцияга қарши ички назорат тизими самарадорлигини ошириш бўйича ҳуқуқий эксперимент жорий этилади. Унга мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда “Ўзсувтаъминот” АЖнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбари лавозимига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари тайинланади;
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳуқуқий экспериментнинг натижаларини таҳлил қилиш асосида 2027 йил 1 январга қадар ушбу тизимни бошқа давлат органлари ва ташкилотларига ҳам татбиқ этиш юзасидан асослантирилган таклифлар киритади.
Фармон ва қарорда кўзда тутилган чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида жамиятда барқарорлик муҳити ва одамларнинг розилиги ортади. Аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги юксалиб, коррупцияга қарши курашишга дахлдорлик туйғуси мустаҳкамланади.
Ахборот хизмати
