НАЗАРИЙ БИЛИМЛАР, АМАЛИЁТ ВА МАҲОРАТ УЙҒУНЛАШГАН СЕМИНАР
2025-04-24 16:25:00 / Янгиликлар

Тадбирда Сув хўжалиги вазирлиги, “Қорадарё-Майлисой” ИТБ, Андижон, Балиқчи, Пахтаобод ва Избоскан туманидан сув хўжалиги тизимида фаолият юритаётган ташкилотлар раҳбарлари, мутахассислар ҳамда муҳандис-гидрометрлар фаол иштирок этди.
Семинарнинг асосий мақсади — гидрометрия бўйича асосий тушунчаларни бериш, гидрометрия соҳасидаги замонавий ёндашувларни ўрганиш ва амалиётда татбиқ этиш, сув ҳисобини аниқ юритишни ўргатишдан иборат бўлди. Семинарнинг назарий қисмида гидропост турлари, уларнинг ишлаш принциплари, сув сарфини ўлчаш масалалари тушунтирилди. Амалий қисмида гидрометрия полигонида гидропост турларини амалда кўрсатиш, уларга қўйилган талабларни тушунтириш, аттестациядан ўтказиш, рейканинг “ноль” сатҳини нивелир ёрдамида аниқлаш, техник паспортларни расмийлаштириш ҳамда учинчи қисмида каналда сув сафрини 3 хил турдаги сув ўлчаш асбоблари ёрдамида ўлчаб намойиш қилиб берилди.
Тадбир доирасида гидропост турлари ва уларнинг ишлаш принциплари, сув ўлчаш, сув ўлчаш жараёнларидаги аниқлик ва самарадорликни ошириш каби долзарб масалалар муҳокама этилди.
Шунингдек, “маҳорат дарслари”да 3 хил сув ўлчаш асбобида каналдаги сув сарфи ўлчаниб, намойиш қилинди. Бунда ГР-21М, MGG/KL-DCB русумдаги Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган гидрометрик вертушка ҳамда замонавий “Доплер” ускунасида ўлчанган сув сарфлари натижалари бир-бирига таққосланиб, хатоликлар ҳисоб-китоб қилинди. Сув ўлчаш натижалари асосида гидропостнинг сув сарфи жадвалига тузатишлар киритиш тушунтириб берилди. Тадбир қатнашчилари бу усулларнинг афзалликлари, амалий аҳамияти ва қўллаш имкониятлари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар.
Семинар давомида қатнашчилар Андижонда ташкил қилинган “Гидрометрия дала полигони”да бўлиб, гидропостларни аттестациядан ўтказиш, характерли нуқталардан нивелир ёрдамида геодезик белгилари — отметкалар олиш, рейканинг "ноль" нуқтадаги сатҳини текшириш каби муҳим жараёнлар билан яқиндан танишдилар. Шу билан бирга, гидропостнинг техник паспортларини тўғри тўлдириш, расмийлаштириш, сув сарфи жадвалларига зарур тузатишлар киритиш, турли хилдаги гидропостларнинг ишлаш принциплари ва техник характеристикалари батафсил ўрганилди.
Семинарнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, назарий билимлар амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди. Қатнашчилар ҳар бир жараённи ўз қўллари билан бажариш имконига эга бўлдилар. Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Эргашев томонидан ҳар бир иш жараёни устида ўрнакли кўрсатмалар, жонли мисоллар берилиб, йўл қўйилаётган хатолар ва уларга берилган ижодий ечимлар, шубҳасиз, иштирокчиларнинг хотирасида муҳрланиб қолди.
Бу галги тадбир ўзининг мазмун-моҳияти, амалий аҳамияти ва ўзига хос руҳи билан алоҳида эътиборга молик бўлди. Семинарда фаолият юритиб келаётган тажрибали мутахассислар билан бир қаторда, ёш шогирдлар, гидропостларда яқинда иш бошлаган кадрлар ҳам иштирок этишди. Бу эса тадбирни нафақат ўқув-амалий, балки анъанавий ва маънавий тарбиявий аҳамиятга эга воқеага айлантирди.
Семинар якунида қатнашчилар ўз ташкилотларида олинган билим ва тажрибани жамоага етказиш, ёш кадрларга ўргатиш, гидроучасткаларда ҳам ана шундай амалий ишлар олиб бориш бўйича аниқ кўрсатма ва вазифаларни олдилар. Тадбир иштирокчилар учун нафақат билим, балки илмий-назарий ва амалий ечимларни тақдим этган фойдали платформага айланди. Шубҳасиз, бундай семинарлар сув ресурсларини тежамкорлик билан бошқариш, улардан самарали фойдаланиш ҳамда гидрометрия соҳасидаги мутахассислар малакасини оширишда муҳим ўрин тутади.
Семинар якунида қатнашчилар олган билим ва кўникмаларни иш жараёнларига татбиқ этиш, мавжуд гидропостларда аниқлик ва самарадорликни ошириш юзасидан ўз режа ва фикрларини баён этишди. Кўпчилик иштирокчилар, айниқса, ёшлар бу каби тадбирларни мунтазам равишда ташкил этиш таклифи билан чиқдилар.
Норин-Қорадарё ИТҲБ матбуот хизмати





