ВОДИЙЛИКЛАР БЕТОНЛАШТИРИЛГАН АРИҚЛАРДАН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ОЛМОҚДА
2025-04-24 14:20:00 / Янгиликлар

Сув тириклик, ризқ-рўз, фаровонлик манбаи сифатида қадрланади. Ота-боболаримиз ундан мақсадли фойдаланиш, исроф ва ифлос қилмасликка чорлаган. “Сувга тупурма, чиқинди ташлама, сув “кўзи”ни тўсма” каби панд-насиҳатлар орқали уни асраш, тежаш, мақсадли фойдаланишга ундаган. Айниқса, ариқларнинг тозалиги, сувнинг бир маромда оқиб туришига алоҳида эътибор қаратган.
Бир пайтлар сув кучи ёрдамида улкан тегирмон тошини гир айлантириб, дон-дун янчиш буюк кашфиёт сифатида баҳоланган. Энди замонавий гидроиншоотлар қуриш, яшил электр энергияси олиш имконияти яратилди. Ана шу мақсадда каналлар, сув йўллари таъмирланиб, бетонлаштириляпти. Бунинг ҳисобига ариқлардаги сув оқими тезлашиб, кичик ГЭСлар қуриш, электр энергияси олиш усуллари оммалашди. Мазкур чора ортиқча маблағ, ишчи кучи ва ер ости бойликларисиз муқобил энергия олиш имконини беради.
Президентимиз Андижон вилоятига ташрифи доирасида бу муҳим масалага алоҳида эътибор қаратиб, избосканлик тадбиркор томонидан ишга туширилган, қуввати 3,2 мегаваттли кичик ГЭС йилига 8 миллион киловатт соат электр энергияси бераётгани, бу туман аҳолиси истеъмолининг 20 фоизини қоплашини эътироф этди. Бу бежиз эмас, албатта.
Намунали лойиҳа вилоятнинг сув оқими юқори бўлган ариқ ва каналларида жорий этилса, 75 мегаватт қувватга эга кичик ГЭСлар қуриш имконияти вужудга келади. Бу йил Андижон вилоятида қуввати 24 мегаваттли, кейинги йилда яна 20 мегаваттли жами 763 та кичик ГЭС ишга туширилиши ҳисобига 38 минг хонадон узлуксиз электр билан таъминланиб, вилоятнинг электр импорти 10 фоиз қисқаради.
Бундан 7-8 йил аввал бундай истиқболли лойиҳалар ҳақида ўйлаш, гапириш, мулоҳаза, мушоҳада юритиш хомхаёл эди. Мавжуд ресурслар фақат экинзорларни суғоришга хизмат қилган. Энди бу борадаги қарашлар, фикрлар ўзгарди. Сув ўзанлари муқобил, арзон ва сифатли электр энергияси манбаси сифати халқ хўжалиги, аҳоли манфаати йўлида хизмат қилаётган муҳим тармоққа айланди. Ҳаётбахш ислоҳотлар одамлар оғирини енгил, узоғини яқин қиляпти.
Фарғона туманининг чекка ҳудуди бўлган Шоҳимардон қишлоғидаги Кўксув сойида 2,2 мегаваттли ва Юқори Водил қишлоғида 430 киловаттли кичик ГЭС барпо этилиб, яқин маҳаллалардаги аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаб келяпти. ГЭС қурилиши ҳудудларга ободлик, одамлар кўнглига ёруғлик олиб кирди. Кичик ГЭС йилига 13 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Натижада йилига 3,5 миллион куб метр табиий газ сарфининг олдини олади.
Маълумотларга кўра, ўтган йили Шоҳимардон қишлоғидаги 1100 фуқаро ва 43 улгуржи истеъмолчи томонидан 9,8 миллион киловатт соат электр энергияси ишлатилган. Истеъмолдан ортган йиллик 3,2 миллион киловатт соат электр энергияси қўшни республикага экспорт қилинди.
– Кичик ГЭС ишга туширилгани иқтисодий самара келтириш билан бирга, сайёҳлик инфратузилмаларининг ривожланишига ҳам хизмат қиляпти, – дейди “Шоҳимардон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Икромжон Абдухолиқов. – Бундан ташқари, янги иш ўринлари очилиб, ёшларнинг бандлиги таъминлангани ҳам бизни қувонтиради. Қишлоғимиз қоқ ўртасидан ўтган сув асрлар давомида шовуллаб оқиб турган. Аммо ундан мақсадли фойдаланиш, электр энергияси олиш, одамлар корига ишлатиш учун ҳеч қандай лойиҳа амалга оширилмаган. Энди ҳаммаси мутлақо бошқача. Сувдан самарали фойдаланиш, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббуслар қишлоғимизга янги ҳаёт, кўтаринкилик олиб келди. Қишлоғимизда энди чироқ ўчмайди.
Юқори Водил маҳалласидаги кичик ГЭСда йилига ўртача 2,17 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариши ҳисобига 615 минг метр куб табиий газ сарфининг олди олинди. Янги тармоқ электр таъминоти оғир бўлган ҳудуд аҳолисини узлуксиз электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилмоқда.
Тоғларнинг ўйноқи жилғалари бирлашиб, шарқираб оқадиган сой ва дарёларга айланади. Уларнинг кучли оқими эса янги гидроиншоотлар қуриш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Қува туманидаги Толмозор қишлоғи Каркидон сув омборининг қуйи қисмида жойлашган. Сув омбори қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш мақсадида 1967 йили қуриб битказилган бўлиб, унга сув Исфайрамсой ва Жанубий Фарғона каналидан оқиб келиб қуйилади. Иншоотдаги тўлиқ сув ҳажми 216 миллион метр куб. Сув омбори атрофида 1,6 минг гектар ўзлаштирилмаган адирлик бор.
Президентимиз ўтган йили Фарғона вилоятига ташрифи чоғида мазкур сув омбори атрофидаги 250 гектар майдонда экотуризм мажмуаси, 100 дан зиёд дам олиш, савдо-сервис, кўнгилочар масканлар, замонавий меҳмонхона барпо этиш борасида ишга солинмаган имкониятлар борлиги, ундан мақсадли фойдаланиш юзасидан керакли кўрсатмалар берганди. Бугун бу ерга келган киши “Яшил белбоғ” яратиш, экотуризм, гастрономик туризм тармоқлари барпо этиш борасидаги бунёдкорлик ишларининг гувоҳи бўлади.
Каркидон сув омборининг қуйи қисмидан оқиб ўтган сув ўзани замонавий андозлар асоосида таъмирланиб, бетонлаштирилаётгани исрофгарчиликларнинг олдини олиш билан бирга, энергия гидроиншоотларини қуриш имкониятини кенгайтирди.
Бу ерда соатига 120 киловат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга 5 та кичик гидроэлектр станцияси қурилиши поёнига етди. Мутахассислар сув тармоқлари четини бетонлаш ҳисобига сув оқимини янада тезлаштирди. Айтишларича, бир сув оқими олти марта электр энергияси ҳосил қилиш имконини берар экан. Янги лойиҳа бир вақтнинг ўзида 250 дан ортиқ хонадон ва бошқа ишлаб чиқариш тармоқларини арзон электр энергияси билан таъминлайди.
Чархпалак кўринишидаги қурилма ўзига хослиги билан ажралиб туради. Гидроэлектр станцияси сув сатҳига мос ҳолда генераторни ҳаракатлантириб, электр энергияси ишлаб чиқариб беради. Яъни сув миқдори камайса ҳам бир меъёрда фаолият юрита олади.
– Маҳалламиз ҳудудидан оқиб ўтган сувдан шу кунга қадар фақат экинзорларни суғоришда фойдаланганмиз, холос, – дейди МФЙ раиси Фазлиддин Раимжонов. – Энди ундан муқобил электр энергияси оляпмиз. Бу жуда катта имконият, қулайлик. Қишлоғимиздаги сув ўзанининг умумий узунлиги 5 километрдан ортиқ. Бу яна ўнлаб мана шундай кичик қувватли гидроэлектр станциялари қуриш, қўшимча электр олиш имконини беради. Айни кунда 1040 хонадон, хизмат кўрсатиш тармоқларини муқобил электр энергияси билан таъминлаш, қурилмаларнинг имконияти, иқтисодий самарадорлиги юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боряпмиз.
Каркидон сув омбори ҳудудидаги сойлар, дам олиш масканларидаги сув ҳавзаларининг имкониятини ўрганган ҳолда 10 та микро ГЭС қуриш борасида ишлар давом эттириляпти. Ҳозирга қадар кунлик қуввати 2400 киловаттли кичик ГЭСлар қурилиши якунланди. Бу бир вақтнинг ўзида 480 та хонадонни муқобил электр энергияси билан таъминлайди. Бир йилда 216 минг куб метр табиий газни тежаш га хизмат қилади. Мазкур миқдор туман ҳудудидан оқиб ўтган бошқа сой ва каналларга нисбат қилинса, кичик ГЭСнинг катта имкониятини чамалаб олиш қийин эмас. Оддий қилиб айтганда, бир оқим бўйича юқоридан пастга ҳаракатланиб келаётган сув сарфидан қайта-қайта фойдаланиб, экологик тоза энергия олинади.
– Қува тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Жанубий Фарғона каналида чархпалак типидаги микро ГЭС – “200 киловатт Қува–1” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унинг фундамент ишлари якунланди, – дейди Фарғона давлат техника университети докторанти Дониёржон Ботиров. – Мазкур лойиҳа орқали йилига 43 минг 200 киловатт соат электр энергияси ҳосил қилинади. Олтиариқ тумани ҳудудида эса Малайзия ҳуқукумати инвестицияси ҳисобига қуввати 150 киловатт соат бўлган микро ГЭС қурилиши бошланди.
Сой ва каналларда чархпалак кўринишидаги кичик гидроэлектр станциялари қуриш орқали муқобил электр энергияси олиш тажрибаси Фарғона вилоятидаги бошқа шаҳар ва туманларда ҳам оммалашяпти. Хусусан, Ёзёвон тумани ҳудудидан оқиб ўтган Катта Андижон ҳамда Катта Фарғона каналларининг Хонобод ирмоғи ҳамда Ёзёвонсой ташламасида қуввати 340 киловаттли 10 та кичик ГЭС қурилиши бўйича лойиҳа амалга ошириляпти. Бу иншоотлар қурилиши натижасида соатига 340 киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бир ойда ўртача 183 минг, бир йилда 2 миллион 203 минг киловатт соат қўшимча электр энергияси олиш имконияти вужудга келади.
Фарғона давлат техника университети олимлари германиялик мутахассислар билан ҳамкорликда сой ва каналларга қуввати 3 киловаттдан 100 киловатт соатгача бўлган микро ГЭСларнинг янги конструкцияларини лойиҳалаш, тайёрлаш, қуриб ўрнатиш ва тажриба-синов ўтказиш, тижорийлаштириш борасида амалий ишлар қилинмоқда. “Технопарк” ва “Микро ГЭСларни лойиҳалаш” маркази ташкил этилган. Шу кунга қадар қуввати 50 киловаттгача бўлган экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарувчи илк микро ГЭС Марҳамат туманидаги “Роҳат” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ишга туширилиб, 240 та хонадон муқобил электр энергияси билан таъминланди.
– Вилоятимизда муқобил электр энергияси ишлаб чиқариш орқали истеъмолчиларнинг электр энергиясига эҳтиёжини таъминлаш борасида катта имконият бор, – дейди Фарғона давлат техника университети профессори, техника фанлари доктори Сирожиддин Эргашев. – Бугун қуввати 3 киловаттдан 500 киловаттгача бўлган янги авлод турбинали микро ГЭСлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Биринчи босқичда вилоятимиз ҳудудидан ўтган Катта Фарғона ва Жанубий Фарғона каналлари, Андижон канали ва тармоқларига (сув оқимининг талаб қилинган параметрларига эга) ўртача қуввати 50 киловаттли 230 та микро ГЭС қуриш мумкинлиги аниқланди. Уларнинг ўртача йиллик иш соати 8000 бўлса, ишлаб чиқарган электр энергияси қуввати 92 миллион киловатт соатни ташкил этади. Бу вилоят бўйича бир йилда сарфланадиган электр энергиясининг икки фоизини иқтисод қилиш имконини беради. Бундан ташқари, Германиянинг гидроагрегат ишлаб чиқарувчи “WASSERKRAFT VOLK AG” ҳамда “NEXTGEN SOLUTIONS” консалтинг компаниялари билан ҳамкорликда Қува ва Фарғона туманларида микро ГЭСлар ва 200 киловатт соатгача электр энергияси ишлаб чиқарувчи янги турбогенератор типидаги гидроагрегатлар тайёрлаш борасида ишлаяпмиз.
Олимларнинг амалий изланиши туфайли муқобил электр энергияси ишлаб чиқарувчи шамол агрегатлари, қуёш панеллари, қуёш иссиқлик тизимларининг тажриба нусхалари яратилди. Ҳозир кичик оқимли дарё ва каналларга чархпалак типидаги гидроиншоотлар ёрдамида электр энергияси олиш бўйича саккизта лойиҳа муваффақиятли ишлаб турибди.
Сув йўқотилишини камайтириш мақсадида каналларни бетонлаш дастури сув оқимини тезлаштириш ҳисобига кичик ГЭСлар қуриш имкониятини янада кенгайтирмоқда.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
(“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2025 йил 24 апрелдаги 83(1409)-сонидан олинди).



