ВОҲАДАГИ ЙИРИК КАНАЛНИНГ ҲОЛАТИ ЎРГАНИЛДИ
2025-04-07 15:00:00 / Янгиликлар

Каналнинг ПК-84+30 қисмида жойлашган дюкерда «Сувхўжаликназорат» инспекцияси Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан каналга хизмат кўрсатувчи барча мутахассислар, шунингдек, сув истеъмолчилари вакиллари иштирокида семинар ўтказилди.
Семинар мобайнида каналдаги 5 та насос станцияси, 5 дона сув тўсувчи иншоот, 82 дона сув ўтказиш иншооти, битта темир йўл кўприги, 9 та кўприк, 2 дона дюкер, 5 та фавқулодда сув ташлама иншоотларининг ҳолати атрофлича кўздан кечирилиб, мавжуд камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Ўрганишлар жараёнида каналдаги сув тақсимловчи иншоотларнинг ҳаммаси хатловдан ўтказилгани, таъмирталаб гидротехник иншоотлар созланиб, сув эрозиясига қарши бўёқлангани, гидропостлар ҳам соз ҳолатда эканлиги ойдинлашди.
Каналнинг турли пикетларида ўрнатилган «Ақлли сув» қурилмалари ишлаб турибди ва вазирлик серверига маълумотлар тақдим этилмоқда. Кузги-қишки тадбирлар доирасида каналнинг ПК-138+00 қисмидаги яроқсиз ҳолга келиб қолган 108 квадрат метр бетон қоплама олиб ташланиб, қайта бетонлаштирилди.
Семинарда каналнинг бош иншооти, сув берувчи иншоотлар ҳамда гидропостларнинг техник ҳолатини доимий назорат қилиб бориш зарурлиги таъкидланди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати


