Амир Темур ўгитлари бизнинг давримизда ҳам долзарб
2025-04-01 16:35:00 / Янгиликлар

Яна бир беқиёс манба борки, унда бобомизнинг кўп яхши сифатлари билан танишамиз. «Темур тузуклари» асари бу улуғ инсоннинг ички оламини, дунёқарашини, ҳаётдан олган сабоқларини қандай талқин этганини, муҳим қарор ва хулосаларга келишдан олдин у ёки бу муаммонинг энг тўғри ечимига олиб борувчи омилларни тўғри белгилаш қобилиятини яққол намоён этади.
Мисол учун, Соҳибқирон “Темур тузуклари” асарида қуйидаги фикрларни билдирган: “Олтинчи (тузуким) – адолат ва инсоф билан Тангримнинг яратган бандаларини ўзимдан рози қилдим. Гуноҳкорга ҳам, бегуноҳга ҳам раҳм-шафқат билан, ҳаққоният юзасидан ҳукм чиқардим. Хайр-эҳсон ишларим билан одамларнинг кўнглидан жой олдим. Сиёсат ва инсоф билан сипоҳларимни, раиятни умид ва қўрқинч орасида тутиб турдим. Фуқаро ва қўл остимдагиларга раҳмдиллик қилдим, аскарларимга инъомлар улашдим.”
Ёшлар ушбу жумлаларни меҳр билан ўқиб, мазмунини қалбига жо қилса адолат учун курашувчи, унга риоя қилувчига айланиши шубҳасиздир. Ҳар қандай масала адолат ва инсоф билан ҳал этилса халқ албатта рози бўлади.
Амир Темур ўз тузукларида шундай дейди: “Саккизинчи (тузуким) – азму жазм билан иш тутдим. Бирор ишни бажаришни ўйласам, бутун зеҳним, вужудим билан берилдим, битирмагунимча ундан қўлимни тортмадим. Ҳар неки десам, унга ўзим амал қилдим.”
Унинг тиришқоқлиги ва ҳаракатчанлигига қуйидаги воқеа сабаб бўлган экан: “Амир Темур йигирма уч ёшларида қамоққа тушиб қолгани-да, қутулиб кетишдан умидини узиб, дунёдан кўнгли совиди. Иттифоқо, шу палла дарчадан ташқарига чиқмоқчи бўлиб деворда ўрмалаб кетаётган чумолига кўзи тушди ва кузата бошлади. Чумоли дарчага етай деганда пастга юмалаб тушиб кетди. У ҳеч нарса бўлмагандай яна юқорига интилди. Яна қулаб тушди... Бу ҳол кўп такрорланди, аммо чумоли ўрмалайверди, ўрмалайверди, тинмади, охири дарчадан ташқарига чиқиб кетишга эришди!” Демак ёшларимиз қандай қийинчилик ва синовлардан қўрқмай иродали, тиришқоқ бўлишлари керак.
“Лашкаримни атрофимга бирлаштирмоқ учун баъзиларига мурувват, меҳрибонлик қилдим; бошқалари билан келишишга интилдим, яна бир гуруҳини эса молу дунё билан ўзимга қаратиб олмоқчи бўлдим. Яхши сўз, аҳду паймон ва ваъдалар билан қолганларининг кўнглига тасалли бердим,” - деган Амир Темур бобомиз. Агар Ички ишлар органлари фаолиятига боғлайдиган бўлсак, жамоани бирлигини сақлаш учун ёшларга қонун доирасида мурувват зарурлигини унутмаслик, айниқса, фуқаролар билан мулоқотда ширинсўз, камтар бўлишни Соҳибқирондан ўрганса арзийди.
Темурнинг жангчилари “иссиққа ҳам, совуққа ҳам, ташналикка ҳам бардош бера олишар ва бу борада бирон-бир ўзга миллат уларга тенг кела олмас эди.” Шунинг улар борликка ва йўқликка ҳам сабр қилишган. Ёки бирор нарсадан танқислик бўлса, бу масалани устамонлик билан ҳал этишган. Масалан, 1391 йили Тўхтамишга қарши юришда икки юз минг кишилик лашкар озуқа танқислигига учрайди. Бундай оғир аҳвол яна неча кун давом этиши ҳам номаълум эди. Шунда Амир Темур оқилона йўл билан овқат танқислиги муаммосини ечади. У бутун аскарлари билан чўлни ҳалқа қилиб ўрашни буюради. Аввалига диаметри бир неча ўнлаб километрга етадиган улкан ҳалқа ҳосил бўлади. Сўнгра ҳалқа торайиб, кичрайиши натижасида аскарлар икиинчи ҳалқа ҳосил қилади. Ҳалқа ичида қолган тирик жониворларнинг сони шу қадар кўп эдики, муаллифнинг айтишича, аскарлар уни саралаб, фақат семизларини қолдириб, озғинларини қўйиб юборади. Ов натижасида бир неча ойлик овқат жамғарилади. 9 ой давом этган бу юришда лашкар ўзини-ўзи овқат билан таъминлайди.
Ёшлар Темур бобомиз жангчиларидек, ёзнинг жазирамасидаги сувга ташналикка, қишнинг аёзига сабр-қаноат қилиш, олдида турган ҳар қандай масалани устамонлик билан ҳал этиш талаб этилади.
Амир Темурнинг маҳораба санъатида камтарлик, ўз кучини кўз-кўз қилмаслик устувор бўлган. Унинг бу ҳаракати ғанимда бепарволик ҳолати келтириб чиқарган. Бундан Соҳибқирон устамонлик билан фойдалана олган.
Темурбек олийҳиммат, оқил, мард, тадбиркор, сезгир, журъатли, саботли, шижоатли, жасур, баҳодир, довюрак кишиларни доимо ардоклаган ва хуш кўрган. Шундай характерга эга бўлган шахсларни тарбиялаш ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Амир Темурдаги яна бир хислат ҳеч қачон қийин шароитда ўзини йўқотмаган ва ҳар қандай оғир вазиятдан тўғри тадбир орқали чиқиб кета олган. Ахир бежиз Темур тузукларида: “Мен яна тажрибамда кўрдимки, ғаним лашкарини енгиш қўшиннинг кўплиги билан эмас, мағлуб бўлиш эса сипоҳнинг камлигидан бўлмайди. Балки ғолиб бўлмоқлик (Тангрининг) мадади ва бандасининг тадбири биландир.” Ҳақиқан Амир Темур тадбирдан кўп марта фойдаланган. Душман билан бўлган жангларнинг бирида рақиб орқа томонига ўтиб зарба бериш кутилади. Бироқ Амир Темур кам сонли аскари билан душманга жуда яқин бориб қолганини англайди ва аскарларига отдан тушиб дам олишни буюради. Бундай ҳолатни кўрган ғаним уларни ўзимиздан деб ўйлайди. Душман ҳаракатга келганда орқасидан бориб таслим этади.
Амир Темирнинг яна бир фазилати устозларни ҳурмат қилиши ва улардан маслаҳат олишидир. Чунки устозларни ҳурмат қилиш азал-азалдан бизларга мерос бўлиб келган тушунчадир. Соҳибқирон устоз ҳурмати, устоз хизматига катта эътибор берган. Ўз навбатида устозлардан фойдали маслаҳатлар олган. Мир Саййид Барака Амир Темурнинг пирлари ичида энг машҳури. У ҳар доим: жангларда ҳам, машваратларда ҳам, базму байрамларда ҳам Амир Темурнинг ёнида бўлган. Унга ҳар бир ишнинг шариятга мувофиқ ёки номувофиқлиги ҳақида айтиб турган. Амир Темурнинг ҳар бир ишида дуолар қилиб, унга зафар тилаган. Амир Темурнинг қўшинлари Тўхтамишхон билан Туркистон атрофида бўлган жангда енгила бошлаган пайтда устози Сайид Барака маънавий, руҳий ёрдамга келди. Сайид Барака отдан тушиб, бир сиқим тупроқни ердан олиб душман томонга сепиб, “ёғи қочди” деб бақира бошлади. Унга Амир Темурнинг барча аскарлари қўшилиб баланд овоз бақиришиб, душманга ҳужумга ўтишди ва уларни шу тариқа енгишди.
Амир Темур душманни тор-мор этишда қўшиннинг сонига эмас, балки жанг қилиш услубларига алоҳида эътибор берган. Кам сонли қўшин билан душманнинг йирик сонли қўшинини енга олган. Масалан, 1360 йилларнинг бошида Темур ўзининг ҳали унча катта бўлмаган қўшини билан мўғулларнинг кўп сонли лашкарини мағлуб этган. “Жетилар Темурни тор-мор этиш учун унинг қўшинига қараганда бир неча марта каттароқ лашкар жўнатишибди. Ана шунда Амир Темур душманнинг орт томонига абжир йигитлардан бир қисмини юборибди ва уларга барча тепаликларда гулханлар ёқишни буюрибди. Жетилар, бизни қуршаб олишибди, деган хаёлга бориб, қоча бошлабди. Шундан сўнг Амир Темур икки юз чоғли суворийлари билан ўзининг она юрти – Қашқадарё сари от сурибди. Отларнинг биқинига эса у барглари тўкилмаган шохларни боғлашни буюрган экан. Осмони фалакка кўтарилган чанг-тўзон душманга жуда катта лашкар бостириб келаётгандек бўлиб кўринибди. Шундай сўнг жетилар тум-тарақай бўлиб қочишибди.”
Амир Темур алоҳида жасорат намуналарини кўрсатганларга тархон унвони берган. Тархонлик имтиёзига эга бўлган киши ҳар қандай солиқ ва мажбуриятлардан озод қилинган, улуғ хон ҳузурида бўлиш ҳуқуқидан ҳам фойдаланган. Ундан ташқари, Тархонлик жиноят қилиб қўйганда ҳам, бундай жиноят 9 марта содир бўлгунча жавобгарликка тортилмаган.
Амир Темурнинг аскарлари ўта мерган бўлишган. Мерганликнинг сири шикорга қизиқиш ва шу орқали маҳоратини, чидамлиги ошириш бўлган, жангда олган жароҳатларини эса пашша чаққандек қарашган. Уларни нигоҳлари ниҳоятда ўткир бўлган. Шунингдек Амир Темур қўшиннинг жанговор руҳига, интизомига, сафларининг текислигига ва мукаммал қуролланганликларига алоҳида эътибор билан қараган. Жанг олдидан бўлажак қийинчиликлар ҳақида очиқ – ойдин гапирган, мард, жасур, ботир бўлишларига илҳомлантирган. Оддий навкар низомни қатъий бажаришга мажбур бўлиб, довюрак, адолатли бўлишларини талаб этган, айниқса ҳарбий юриш вақтида интизомга қаттиқ риоя қилинган. Кутилган хавф рўй бермасдан олдин уни олдини олиш чораларини кўрган.
Шарафуддин Али Яздийнинг қайд этишича, Амир Темурнинг характерли хусусиятлардан бири – мамлакат фуқароларига ғамхўрлиги эди. Унинг қоидаси “рости-друсти” эди. Ҳақиқат – сиҳат саломатлик, ҳақиқат – тартиб, ҳақиқат – адолат демакдир деб тушунтиради, у.
Шарафиддин Али Яздий: “Соҳибқироннинг ҳиммати ул эрдиким, йўллар анинг айёми давлатида эмин бўлғай ва худо бандалари ҳар сориким борсалар, аларға ташвиш ва тараддуд бўлмағай, фароғат била бориб келғайлар. Мунга кўб саъй қилур эрди...”
Мухтасар айтганда, Амир Темур аскарларини довюрак бўлишга, юмшоқ муомалали ва адолатли бўлишга, бечораларга хайру эҳсон кўрсатиш, бошга оғир кунлар тушганда ёрдам қўлини чўзишга ундаган. Соҳибқирон қалтис вазиятларда ҳеч қачон ўзини йўқотмаган, энг оғир ҳолатдан тадбиркор билан чиқиб кетганлигини юқорида гувоҳи бўлдик. Унинг бу фазилатлари ёшларга ўрнакдир.
Хуррамова Г.И.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ 2-сон Тошкент Академик лицей ўқитувчиси
