Асосий контентга ўтиш

СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИ ЖАМОАТЧИЛИККА ҲИСОБОТ БЕРДИ

2025-03-18 17:25:00 / Янгиликлар

Бугун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев фуқаролик жамияти институти вакиллари ҳамда вазирлик ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзолари билан очиқ мулоқот ўтказди.

Вазир дастлаб ўтган 2024 йилда соҳада эришилган натижаларни сарҳисоб қилди. 

Бу йил сув қандай бўлиши ҳақида тўхталиб ўтди. 2025 йилнинг 18 март ҳолатига республикамиздаги сув омборларига жами 13 млрд. куб метр сув йиғилди. Таққослайдиган бўлсак, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга кўп.

Гидрометеорология хизмати агентлигининг таҳлили ва дастлабки баҳолашга кўра, Амударё ва Сирдарё ҳавзаларининг кўпчилик дарёларида 2025 йил суғориш мавсумида кутилаётган сув миқдори меъёрга нисбатан кам бўлиши, хусусан Қашқадарё дарёсида 65-75 фоиз, Сурхондарё, Қорадарё, Чирчиқ ва Оҳангаронда 70-80 фоиз, Зарафшон ва Фарғона водийси шимолидаги дарёларда 75-85 фоиз, Вахш ва Норин дарёсида 90-100 фоиз, Фарғона водийси жанубидаги дарёларда меъёрдан 95-105 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Каналларни бетонлаш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, соҳани рақамлаштириш, сувни самарали бошқариш ҳисобига 2025 йилда 10 млрд куб метр сувни иқтисод қилиш кўзда тутилган.

Мамлакатимиз Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” 2025 йил 30 январдаги ПФ-16-сонли Фармонида сув хўжалиги соҳасига доир муҳим вазифалар белгиланган. Тадбирда давлат дастурининг вазирликка тегишли бандлари ижросини таъминлаш чоралари кўрилаётгани айтиб ўтилди.

Каналларни бетонлаш, соҳада давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кўпайтириш ҳақида маълумот берилди. Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашишда соҳада фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда вазирлик ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг ўрни муҳим эканлигига эътибор қаратилди.  

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон экологик партияси фракциясининг раҳбари Абдушукур Ҳамзаев сўз олиб, куни кеча Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг аҳамияти,  Экопартия ва вазирлик ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳақида фикр билдирди.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда вазирлик ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзоларининг таклиф ва ташаббуслари тингланди.

Ушбу тадбир Бутунжаҳон сув куни арафасида, вазирлик ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши ташаббуси билан ташкил этилди.

Шунингдек, бугун Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказди.

Матбуот анжуманида “O‘zbekiston” радиоканали, ЎзА, “Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги” журнали, “Gazeta.uz” сайти, “Қишлоқ ҳаёти” газетаси мухбирларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.


Ахборот хизмати

 

157

Охирги янгиланиш: 2025-03-19 14:48:21

СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИ ЖАМОАТЧИЛИККА ҲИСОБОТ БЕРДИ