САМАРҚАНД ЮНЕСКО СЕССИЯСИГА МЕЗБОНЛИК ҚИЛАДИ
2025-03-13 10:40:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 март куни Францияга давлат ташрифи доирасида ЮНЕСКО бош директори Одри Азулени қабул қилди.
БМТ тизимидаги ушбу нуфузли тузилма билан самарали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари, шунингдек, жорий йилнинг кузида Самарқанд шаҳрида ташкилот Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Кўп қиррали шериклик бугунги кунда юксак даражада экани мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон ташаббуси билан ахборотдан фойдаланиш ва болалар таълими масалалари бўйича резолюциялар қабул қилинди.
Мамлакатимиз Маданий бойликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро марказга аъзо бўлди. Бухоро "Креатив шаҳарлар тармоғи"га қўшилди. Самарқанддаги Ипак йўли университетида ЮНЕСКО кафедраси очилди. Ўтган йили таълим, маданият, рақамли ва инновацион технологиялар соҳаларида 7 та янги лойиҳани амалга ошириш бошланди.
Турон чўллари ва Зарафшон-Қорақум йўлаги, ипакчилик, кулолчилик, рубоб чалиш ва ифторлик анъаналари, "Бухоро амири девонхонаси архиви", "Туркистон альбоми", "Худойберган Девонов фотоальбоми" ЮНЕСКОнинг махсус рўйхатларига киритилди.
Таъкидлаш жоизки, Самарқанд шаҳрида бўлажак Бош конференциянинг 43-сессияси сўнгги 40 йил ичида биринчи марта ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги қароргоҳидан бошқа жойда ўтказилади. Бу воқеа ташкилотнинг 80 йиллигига тўғри келади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 мартдаги “2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-128-сон қарори нуфузли халқаро анжуманни юқори даражада ўтказиш учун ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўришга, шунингдек, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган.
Сессия “Silk Road Samarkand” Самарқанд сайёҳлик мажмуасида ўтказилади.
Самарқанд шаҳридаги тегишли маданий мерос объектларини асрашга доир ишлар ҳамда иммерсив ва мавзули кўргазмалар ташкил этилади.
Сессия 3-4 ҳафта давом этиши ҳамда унда ЮНЕСКОга аъзо бўлган 194 та хорижий давлат ва халқаро ташкилотларнинг 3 мингдан ортиқ вакиллари иштироки кутилмоқда.
Бош директор Одри Азуле Ўзбекистон билан сермаҳсул ҳамкорликни юксак баҳолаб, бўлажак тадбирга кенг кўламли тайёргарлик кўрилаётгани учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Амалий ҳамкорлик дастурларини янада кенгайтириш, шунингдек, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасидаги форум ва тадбирларни ташкил этиш бўйича яқиндан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
ЎзА хабари асосида тайёрланди.


