«КАМБАҒАЛЛИКДАН ФАРОВОНЛИК САРИ» ДАСТУРИ ДОИРАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИШЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
2025-03-13 09:25:00 / Янгиликлар

Семинар иштирокчилари дастлаб «Каттақум» маҳалласида 4,5 километр узунликдаги ариқни лойқадан тозалаб, бетонлаш юмушларини амалга ошираётган «Сурхон намуна таъмирлаш» МЧЖ бунёдкорлари томонидан қилинаётган ишлар билан танишди. Қурилиш сифати назоратдан ўтказилиб, йўл қўйилган хатоларни тузатиш ҳамда ишни тезлаштириш юзасидан пудрат ташкилоти қурувчиларига топшириқ берилди.
Семинарда 77 та маҳалладаги лойиҳалар бўйича эришилган ютуқлар эътироф қилинди, шунингдек, назоратчилар томонидан ўрганилганда бир қатор объектларда ҳамон ер ишлари давом этаётгани, бетонлашда ҳам силжиш бўлмаётгани, ер ости қудуқ қазиш техникалари тўхтаб турганлиги сабаблари ҳақида пудрат ташкилотлар мутахассислари ҳисоб берди. Лойиҳаларга пудрат ташкилотлари аниқланганига анча вақт ўтгани, барча объектларга 15 фоиз бўнак пуллари молиялаштирилганига қарамай, айрим маҳаллаларда ҳали қурувчи ташкилотлар томонидан иш бошламагани танқид қилинди. Хусусан, Музработ туманидаги «Моҳият» маҳалласида битта насос агрегати ўрнатиши ҳамда 2 та ер ости қудуғи қазиши белгилангани ҳолда ҳали «Janub universal projekt» МЧЖ қурувчилари ишга киришмагани айтиб ўтилди. Музработ туманидаги «Орият», «Тонг юлдузи», «Фидокор», «Янги ҳаёт», «Файзобод», «Дарбанд», «Чегарачи» маҳаллалари аҳолиси томорқаларини сув билан таъминлаш лойиҳаларида ҳам иш суст. Жумладан, ер ишларига техникалар сафарбар қилиниши ўрнига қурувчилар қўл кучида бажараётгани, оқибатда ушбу объектларда ариқларни бетонлаш ҳажми 0,5–06 километрдан ошмагани танқид қилиниб, лойиҳа қурувчиларига ишда кескин ўзгариш ясаб, қурилиш-монтаж ишларини жадаллаштириш топшириғи берилди.
Семинар жараёнида объектларда қурилиш-монтаж ишларини уддалаётган қурувчи ташкилотларнинг муаммолари ҳам тингланиб, уларга ечим топиш йўллари муҳокама этилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати



