УЙ-ЖОЙ ВА ИПОТЕКА БОЗОРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА МУҲИМ ҲУЖЖАТ ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ
2025-02-26 14:30:00 / Янгиликлар

Даромади юқори бўлмаган 64 мингдан ортиқ фуқарога 3,5 триллион сўмдан ортиқ субсидия маблағлари тўлаб берилди.
Бу борадаги ишларни давом эттириш ва янги босқичга кўтариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 февралда
“Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-26-сонли Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармон билан 2025 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурининг асосий йуналишлари белгиланган. Жумладан, ҳудудларда жами 8,1 миллион м2 дан иборат 135 минг квартирали уй-жойларни қуриш, ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сонини 1,5 бараварга ошириш ва мазкур мақсадларга Давлат бюджетидан 2,5 триллион сўм йўналтириш кўзда тутилган.
Шунингдек, уй-жой ва ипотека бозорини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун 20,9 триллион сўм миқдоридаги ипотека кредитлари ажратилади, “Янги Ўзбекистон” ва бошқа массивларда кўп квартирали уй-жойларни барпо қилишда иштирок этадиган қурилиш ташкилотларини айланма маблағлар билан таъминлаш учун Давлат бюджетидан 700 миллиард сўм ҳамда тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан 3,0 триллион сўм микдорида маблағлар йўналтирилади.
2025 йил 1 майдан бошлаб “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш доирасида ер участкаларини кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ижарага бериш буйича аукцион савдоларида қатнашиш, кўп квартирали уй-жойларни қуриш ва уларни реализация килишга фақат қўшилган қиймат солиғини тўловчи юридик шахсларга рухсат этилади.
Шунингдек, ушбу Фармон билан 2025 йилда ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун ресурс ажратишнинг мақсадли кўрсаткичлари, ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг мақсадли кўрсаткичлари ва бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 январдан бошлаб “эскроу” тизими доирасида камида 50 фоизга қурилган кўп квартирали уй-жойлардан квартиралар сотиб олиш учун кредитлар ажратишга ҳамда ушбу кредитлар буйича Давлат бюджетидан субсидиялар тўлашга рухсат этилади.
Нусрат Халилов,
Юридик бўлим бош юрисконсульти
