Заҳириддин Муҳаммад Бобур
2025-02-14 12:10:00 / Янгиликлар

Жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган бетакрор сиймолардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида бутун дунёда маълум ва машҳурдир. Унинг беқиёс илмий-ижодий мероси нафақат миллий маданиятимиз ва халқимиз адабий-эстетик тафаккурининг шаклланишида, балки жаҳон адабиёти, илм-фани ва давлатчилиги тарихида алоҳида ўринга эга.
Мустақиллик даврида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг асарларини юртимиз ва хорижий давлатларда тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра 1993 йилда Бобур таваллудининг 510 йиллиги тантанали нишонланди.
Андижон шаҳрида Бобур номида университет, театр, кутубхона, миллий боғ («Боғи Бобур») бор. Бобур миллий боғи мажмуасида «Бобур ва жаҳон маданияти» музейи, шоирнинг рамзий қабр-мақбараси бунёд этилган.
Андижондаги марказий кўчалардан бирига, шунингдек Тошкентдаги истироҳат боғи ва кўчага, Андижон вилояти, Хонобод шаҳридаги истироҳат боғига Бобур номи берилди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Бобур номидаги медали таъсис этилди. Шарқшунос олим Убайдулла Каримов бу медалнинг биринчи совриндори бўлди.
Тошкент ва Андижон шаҳарларида Бобур Мирзонинг муаззам ҳайкаллари ўрнатилгани, унинг туғилиб ўсган юрти — Андижон шаҳрида Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ва унинг тасарруфидаги «Бобур ва жаҳон маданияти» китоб музейи фаолият кўрсатаётгани, «Бобур энциклопедияси», «Бобур куллиёти», «Бабур. Бабуриды. Библиография» деб номланган салмоқли асарларнинг нашрдан чиқарилгани, «Бобур ва дунё» журналининг ташкил қилингани маданий ҳаётимизда катта воқеа сифатида эътироф этилди.
Буюк аждодимиз асарларининг миллий ва умуминсоний моҳиятини, унинг ёш авлодимиз интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириш, фарзандларимизни шу асосда Янги Ўзбекистон бунёдкорлари этиб тарбиялаш борасидаги улкан ўрни ва таъсирини инобатга олиб, Бобур Мирзонинг илмий ва ижодий меросини мамлакатимиз ва халқаро миқёсда янада чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида муҳим ҳужжат қабул қилинди. 2023 йил 25 январда мамлакатимиз Президенти “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби заҳириддин муҳаммад бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги 20-сонли қарорни имзолади. Шу асосда 2023 йилда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги кенг нишонланди.
Жонажон Ватанимиз миллий ривожланишнинг янги босқичига — Учинчи Ренессанс даврига қадам қўяётган, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар юз бераётган бугунги кунда Бобур Мирзонинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш янада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Гулзода Хуррамова,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ 2-сон Тошкент Академик лицей ўқитувчиси
