ЭНДИ СОҲАДА ТУБ ЎЗГАРИШЛАР БЎЛАДИ
2025-02-11 14:40:00 / Янгиликлар

Охирги йилларда сув хўжалиги соҳасини ривожлантириш ва ислоҳ қилиш юзасидан Президентимиз ва ҳукумат томонидан қатор фармон ҳамда қарорлар қабул қилинди. Натижада сув хўжалигида катта ўзгаришларга эришилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ- 5-сонли қарори сув истеъмолчилари билан бевосита ҳамкорликда меҳнат қиладиган қуйи бўғин, яъни туманлардаги «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари фаолиятини ҳар томонлама ривожлантиришга кенг йўл очди. Қарорда белгиланган вазифаларга кўра, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан бюджетга тушган тушумнинг 40 фоизи «Сув етказиб бериш хизмати» ДМлари фаолиятини молиялаштиришга йўналтирилаётгани ўз самарасини бера бошлади.
Аму-Сурхон ИТҲБнинг «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимидан олинган маълумотга кўра, ўтган йил вилоят туманларидаги ДМлари жамоалари томонидан истеъмолчилар далаларини сув билан таъминлаш ва кўрсатилган бошқа хизматлар учун солиқдан бюджетга тушадиган тушумнинг 40 фоизи ажратилиши ҳисобига уларнинг хазинасига 56 миллиард сўм тушиши прогноз қилинмоқда. Ўша маълумотда келтирилганидек, жорий йилнинг 11 февраль ҳолатига вилоятнинг барча туманлари ДМлари ҳисоб рақамига 3,5 миллиард сўм тушган.
Аёнки, сув хўжалигида асосий ишларни техникасиз амалга ошириш мушкул. Шунинг учун ҳам ДМлар раҳбарияти маблағнинг асосий қисмини ташкилотнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтираяпти. Масалан, ўтган йилгача бирорта техникага эга бўлмаган Музработ ҳамда Денов туманлари ирригаторлари ҳозир иккитадан техникага эга. Ҳар икки туман давлат муассасалари сувчилари ўтган йил истеъмолчилар далаларига етказиб берилган сув ва бошқа кўрсатилган хизматлар учун ундирилган солиқ тушумлари эвазига замонавий бетонқоргич (Миксер) техникаси харид қилган. Замонавий техникалар ирригаторларга каналлар ва бошқа суғориш тармоқларини бетонлаштиришда ҳар жиҳатдан енгиллик туғдириши баробарида иш сифати ва унумини оширишга хизмат қилаяпти. Техникалар ёрдамида бу икки туман сувчилари суғориш тармоқларини бетонлаштириш бўйича топшириқни ҳозиргача 70 фоизга уддалашди, шунингдек, каналлар ва бошқа суғориш тармоқларини механизмлар билан тозалашда бошқа туманлар ирригаторларига ўрнак бўлишаяпти.
– Бундан уч-тўрт йил илгари туманларда фаолият кўрсатган ирригация бўлимлари ходимларига ишни ташкил қилиш жуда машаққат эди, – дейди Ангор тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ ҳисобчиси Шуҳрат Амонниёзов. – Харажатлар сметасининг 4-гуруҳига маблағ деярли ажратилмасди. Ваҳоланки, суғориш тармоқларини таъмирлаш, улардаги гидротехник иншоотлар ва гидропостларни алмаштириш, яроқсизлари ўрнига янгисини ўрнатиш ҳамда бу иншоотларни бўёқлаш учун ҳатто оддий бўёқ харид қилишга ҳам маблағимиз йўқ эди. Куз-қиш мавсумида суғориш тармоқларини тозалаш жараёнида зарур бўладиган экскаваторни баъзида ҳавза бошқармаси ажратса, кўпинча қайсидир тадбиркор ёки фермер хўжалигидан илтимос қилиб олиб келардик. Тадбиркор ёки фермер ҳам экскаватори ёки бошқа техникасини нари борса, бир кунга бериб турарди. Илтимос қилиб олиб келинган техникани ишлатиш учун дизель ёқилғиси топиш ҳам ирригаторларга оғриқли муаммо эди. Оқибатда каналлар ва ички суғориш тармоқлари тўлиқ тозаланмас, фақат маҳаллалар фуқаролари ва фермер хўжаликлари аъзоларини жалб қилиш ҳисобига ички суғориш тармоқлари қўл кучида тозаланарди. Боз устига суғориш тармоқларидаги гидротехник иншоотлар ва гидропостлар ҳам тўлиқ таъмирланмасди.
Бугун Ангор тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ ҳисоб рақамида 600 миллион сўм бор, яқин кунларда бу рақам янада йириклашади. Бу маблағ ДМ балансидаги объектларни сақлаш ҳамда техник ҳолатини яхшилаш харажатларига сарфланмоқда. Яқин кунларда суғориш тармоқларини бетонлаштириш учун фойдаланиладиган бетонқоргич (Миксер) техникаси харид қилиш режалаштирилган. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 79-сонли қарорига асосан ДМга замонавий экскаватор ажратилмоқда. Қисқаси, сувчиларнинг самарали меҳнати эвазига хазинага тушаётган даромад ҳисобига каналлар ва бошқа суғориш тармоқларини бетонлаштириш учун цемент, тош-шағал, гидроиншоотлар ҳамда гидропостлар ва сув олиш қулоқларини жиҳозлаш учун зарур маҳсулотлар олинаяпти. Ходимларни қўшимча рағбатлантириш ҳамда ёрдамчи хўжаликни кенгайтириб, қўй, парранда, ўрдак ва балиқ боқиш йўлга қўйилмоқда.
Мавриди келганда шуни айтиш керакки, 2024 йил ирригаторлар ПҚ-5-сонли қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш жараёнида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун истеъмолчилардан ҳақ ундирилишига ишониб-ишонмай иш юритишгани, бу борада тажриба камлиги натижасида истеъмолчилар билан шартномалар тузиш, етказиб берилган сувнинг аниқ ҳисоби-китоби бўйича далолатномаларни расмийлаштиришда камчилик ва хатоларга йўл қўйгани ҳам бор гап.
Бугун вилоятнинг барча туманлари ДМлари ҳисоб рақамида маблағ бор. Бу эса ирригаторларни бурчларини сидқидилдан адо этишга руҳлантирмоқда. Солиқдан ундирилган маблағ эвазига харид қилинган цемент, тош-шағал ва бошқа хомашёлар ҳисобига ДМлар балансидаги каналлар ва бошқа суғориш тармоқларининг 264 километр узунликдаги қисми бетонлаштирилди. Шунингдек, гидротехник иншоотлар ва гидропостлар таъмирланаяпти. Каналлар ва ички суғориш тармоқларини тозалаш-таъмирлаш ишлари юқори суръатларда давом эттирилмоқда.
Шубҳасиз, 2025 йил Сурхондарё вилояти сув хўжалиги ташкилотларида улкан муваффақиятлар йили бўлади. ДМлар ходимлари эгаллаб турган вазифаларига нисбатан масъулият билан ёндошса, истеъмолчилар билан шартномаларни ўз вақтида тузиш, етказиб берилган сув ва кўрсатилган бошқа хизматлар учун далолатномаларни расмийлаштиришга муносабатни тубдан ўзгартирсалар, ДМлар ҳисоб рақамида ҳамиша пул бўлади. Бу эса сувчиларни қўшимча рағбатлантириш, ёрдамчи хўжаликларни кенгайтириш, техникаларга ёқилғи-мойлов материаллари ва эҳтиёт қисмлар харид қилиш, каналлар ва бошқа суғориш тармоқларини тозалаш-таъмирлаш, гидротехник иншоотлар ва гидропостларни созлаш-жиҳозлаш имкониятларини кенгайтиради.
Усмонали Норматов,
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот котиби
