ЁЗЁВОН ТУМАНИДА “СУВ ҲИСОБИ” АХБОРОТ ТИЗИМИ ТЕСТ-СИНОВ РЕЖИМИДА ИШГА ТУШИРИЛДИ
2025-01-22 17:15:00 / Янгиликлар

“UZINFOCOM” МЧЖ билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ушбу тизим сув етказиб берувчи ташкилотлар ва сув истеъмолчилари ўртасида расмийлаштирилган далолатномаларни ҳар ой якуни билан электрон шаклда тўлдириш ҳамда электрон рақамли имзо орқали тасдиқлаш ҳамда улар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш имконини беради. Ушбу янги тизим Ёзёвон туманида тест-синов режимида ишга туширилди.
Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида соҳа мутахассислари иштирокида тизимдан фойдаланувчилар учун семинар бўлиб ўтди. Иштирокчиларга “Сув ҳисоби” ахборот тизими ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Таъкидланганидек, авваллари 100 мингдан ортиқ истеъмолчилар билан сув етказиб бериш бўйича шартномаларни тузиш, олинган сув тўғрисида далолатномаларни расмийлаштириш ишлари қўлда ва қоғозда бажарилган. Эндиликда сув истеъмолчилари кесимида сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ишлари фақатгина мазкур тизим орқали амалга оширилади.
– Мазкур тизим фермер хўжаликлари ва кластерларга сув етказиб бериш бўйича сув хўжалиги ташкилотлари билан тегишли ҳужжатларни электрон тарзда тузиш ва олинган сув тўғрисида далолатномаларни расмийлаштириш ҳамда етказиб берилган сув миқдорини шаффоф тарзда доимий назорат қилиб бориш имкониятини беради, – деди Сув хўжалиги вазирлиги Бюджет тизими бюджет маблағларини рақамли технологиялар ёрдамида таҳлил қилиш бўлими бошлиғи Наил Галипшин. – Бундан ташқари, истеъмолчилар кесимида сув ресурсларини ўз вақтида ва адолатли тақсимлаш мумкин бўлади.
Мазкур ахборот тизими, Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг тегишли ахборот тизимларига интеграция қилиниб, сув истеъмолчилари кесимида ишлатилган сув ресурслари тўғрисидаги маълумотларнинг солиқ базаси шакиллантирилади.
Семинар иштирокчилари Ёзёвон туманида бўлиб, “Сув ҳисоби” ахборот тизимидан фойдаланиш жараёнларини ҳам кузатишди.
Сирдарё-Сўх ИТҲБ матбуот хизмати


