СУВНИ АСРАНГ, ТЕЖАНГ ВА УНУМЛИ ИШЛАТИНГ
2025-01-17 16:10:00 / Янгиликлар
Дуолар ижобат бўлиб, осмондан ризқу рўз, барака ёғиб, сув мўл бўлган шароитда ҳам оби раҳматни тежаш, беҳуда сарфламаслик, самарали ишлатиш энг устувор вазифа бўлиши даркор.
Сув хўжалиги вазирлиги ҳайъатининг бугун бўлиб ўтган йиғилишида суғориш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, вазирлик тасарруфидаги насос станциялари, магистрал каналлар, ирригация тизимлари, ички хўжалик суғориш тармоқлари, суғориш ва мелиоратив қудуқларни таъмирлашни якунига етказиш, каналларни бетонлашга асосий эътибор қаратилди.
Бу борадаги камчиликлар, режадаги ишларни вақтида бажармаслик ҳолатлари танқид қилинди. Мисол учун, Норин-Қорадарё ИТҲБ ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан режадаги 100 та насос агрегатидан 77 таси, 7 та суғориш қудуғидан 3 таси ҳалигача таъмирланмаган.
Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан режадаги 15 та насос агрегатидан 11 таси, 10 та суғориш қудуғидан 6 таси таъмирлаб бўлинмаган.
2024-2025 йиллар кузги-қишки тадбирлари бошланганига қарийб 5 ой бўлганига қарамасдан ирригaция тармоқларини суғориш мавсумига тайёрлаш топшириқлари Қорақалпоғистон Республикасида 67,0 фоиз, Қашқадарё вилоятида 56,0 фоиз, Навоий вилоятида 69,0 фоиз ҳамда Тошкент вилоятида 61,0 фоизга бажарилган.
Сурхондарё, Фарғона, Самарқанд вилоятлари сув хўжалиги ташкилотлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича экилган кўчатларни платформага киритишни якунига етказмаган.
Йиғилишда Сув хўжалиги вазири, ҳайъат раиси Ш.Хамраев шўр ювишда сувни исроф қилмаслик, мелиорация ташкилотлари раҳбарлари масъулиятини ошириш, коллекторларнинг муҳофаза зонасидаги ерлардан унумли фойдаланиш, 25-30 мингталаб ўрдак боқадиган мажмуалар ташкил этиб, янги иш ўринлари ва ёшлар учун қўшимча даромад манбаларини яратиш ҳақида топшириқлар берди.
Насос станциялари ва агрегатларни таъмирлашни жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Очиқ ва шаффоф тарзда ўтган, ҳудудлардан сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари онлайн қатнашган ҳайъат йиғилишида коррупцияга қарши курашиш, ижро интизомини мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ахборот хизмати