«ҲАЗОРБОҒ-ОҚҚАПЧИҒАЙ» КАНАЛЛАР ТИЗИМИНИНГ 156 КИЛОМЕТР ҚИСМИ РЕКОНСТРУКЦИЯСИ ЯКУНЛАНДИ
2024-12-31 09:30:00 / Янгиликлар
Лойиҳа доирасида Сурхондарё вилоятининг 5 та тумани ҳудудидан ўтувчи «Ҳазорбоғ»-«Оққапчиғай» каналлари тизимининг 156 километр узунликдаги қисми реконструкция қилинди. Кенг кўламли қайта тиклаш жараёнида каналлардаги 538 дона гидротехник иншоот янгиланиб, 27 та автомобиль кўприги барпо қилинди.
30 декабрь куни Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида жойлашган «Хўжаипок» санаторияси ҳудудида, яъни «Ҳазорбоғ» каналининг бош қисмида лойиҳада белгиланган реконструкция ишлари якунланганлиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Cув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, туманлар ҳокимлари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, нуронийлар, вилоят фаоллари иштирок этди.
Лойиҳада бажарилган реконструкция ишлари туфайли вилоятнинг 103,4 минг гектар экин майдонлари сув таъминоти яхшиланади. Жумладан, Шеробод туманидаги 38,5 минг гектар ер ўзи оқар сув таъминотига ўтказилиб, бир неча насос станциялари тўхтатилиши эвазига электр энергияси тежалади, сув йўқотилиши 40 фоизга камаяди, каналлар бетонлаштирилгани эвазига истеъмолчилар даласига сув етиб бориши 3-4 кундан 16 соатгача қисқаради, энг муҳими, ерларни фойдаланишга киритиш ҳисобига 232 минг аҳолининг қишлоқ хўжалигида бандлигини таъминлаш имкони яратилади.
Сув хўжалиги вазири Сурхондарё вилоятида соҳани ривожлантириш учун яна бир қатор лойиҳалар асосида ишлар бажарилаётгани, келгуси йил 55 та насос станцияларини реконструкция қилиш кўзда тутилганини таъкидлади. Тадбирда сўз олган нуронийлар Президентимиз ғамхўрлиги билан вилоятда каналлар ва бошқа суғориш тармоқларини бетонлаштириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш улкан самара бераётганини мамнуният билан эътироф этишди.
Тадбирда Аму-Сурхон ИТҲБ ва тизим ташкилотлари салоҳиятини ошириш мақсадида 4 та экскаватор, 10 та юк ташувчи мотореллёр, 4 та «Пикап» русумли автомашина, 6 та трактор ва 4 та тиркама топширилди.
(Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати олган суратлардан фойдаланилди).
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати