2024 ЙИЛ – “СУҒОРИШ ТАРМОҚЛАРИДА СУВ ЙЎҚОТИШЛАРИНИ КАМАЙТИРИШ БЎЙИЧА ЗАРБДОР ЙИЛ”
2024-12-24 18:00:00 / Янгиликлар

Қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш мақсадида бу бебаҳо ресурсни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилди.
Давлат бюджетидан 676,7 млрд сўм ажратилиб, 75 та объект доирасида 555 км каналлар реконструкция қилинди, шундан 433 км канал бетонлаштирилди. Халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларнинг давлат бюджети қисми бўйича “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш 2-босқич” лойиҳасига 121 млрд сўм ажратилиб, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида 160 км каналлар модернизация қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ташаббускорлигида кластер, фермер хўжаликлари томонидан 13,5 минг км ички суғориш тармоқлари бетонланди.
Бетонланган ирригация тармоқларида фильтрация (ерга шимилиб кетиш) камайиб, сувни бошқариш тизими такомиллашди, 300 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланди. Ирригация тизими ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти 0,66 дан 0,67 га ошди.
Мисол учун, Жиззах вилоятида Жиззах бош насос станциясидан сув олувчи ДМ-1, ДМ-2 ва ДМ-3 каналларини бетонлаш ва реконструкция қилиш орқали Зарбдор, Зомин, Пахтакор ва Ш.Рашидов туманларидаги 364 та фермернинг 58 000 гектар ер майдонида сув таъминоти яхшиланди. Агар Ш.Рашидов туманининг “Қулписар” ҳудудига 4-5 кунда сув етказилган бўлса, эндиликда бу муддат 3 кунга қисқарди.
Бу борадаги ишлар 2025 йилда янада жадал давом эттирилади. Суғориш тармоқларини реконструкция қилиш бўйича 76 та объектга 800 млрд сўм йўналтирилиб, 570,4 км каналлар, 21 км лоток ва 45,3 км ёпиқ қувурли суғориш тармоғи реконструкция қилинади. 300 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади, каналларда йилига ўртача 450 млн куб метр сув йўқотилишини камайтиришга эришилади.
Ахборот хизмати


