АСОСИЙ ВАЗИФАМИЗ – СУВ ХЎЖАЛИГИДА ТЕЖАМКОРЛИК ВА ОМИЛКОРЛИК
2025-01-06 16:30:00 / Янгиликлар

Экология ва атроф-муҳитни асраш, сув тақчиллигининг
олдини олиш бундан буён ҳам биз учун
долзарб вазифа бўлиб қолади.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Сув муқобили бўлмаган улуғ неъмат. У ҳайвонот ва наботот, бутун борлиқнинг тириклик манбаи. Мамлакатимизнинг 20 фоизга яқин сув ресури ўзимизда, қолган қисми қўшни давлатларда шаклланади. Иқлим ўзгариши оқибатида сув манбалари йил сайин камайиб, аҳоли сони ва сувга талаб ортиб бормоқда. Буларнинг таъсирида 2030 йилга бориб юртимиздаги сув танқислиги 15 миллиард куб метрга етиши прогноз қилиняпти.Дунёда сув муаммолари глобал тус олаётган ҳозирги шароитда Марказий Осиёнинг умумий сув захираларидан оқилона фойдаланиш минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, тараққиётга эришишнинг муҳим омилларидан биридир. Президентимиз бу масалалар ечимига алоҳида эътибор қаратиб, ташқи ва ички сиёсатимизда ўта муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда. Оқилона сиёсат, саъй-ҳаракатлар натижасида қўшни давлатлар билан йўлга қўйилган ўзаро дўстона ва ишончли алоқалар Марказий Осиёдаги трансчегаравий сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланишга мустаҳкам замин яратди. Бу ресурслардан биргаликда фойдаланиш бўйича кўп йиллар ечилмай келган масалалар энг юқори даражада муҳокама қилинди.
БМТ Бош Ассамблеяси, Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари учрашувлари ва бошқа нуфузли анжуманларда Президентимиз минтақанинг барча республикалари билан умумий чегарага эга Ўзбекистон тараққиётининг чегаралар хавфсизлигидан сув ресурсларини оқилона тақсимлашгача бўлган барча муҳим ҳаётий масалаларини ҳал этиш қўшни давлатлар билан муносабатларга бевосита боғлиқ эканини таъкидлади. Жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP 29)да трансчегаравий сув ресурслари ифлосланишининг олдини олиш ва барқарор биохилма-хиллигини сақлашда ягона ёндашувлар зарурлигига урғу берилгани бунинг яна бир тасдиғидир.
Қўшни давлатларнинг сув хўжалиги вазирлари, дипломатлари билан учрашувларимиз, музокараларимиз чоғида улар Ўзбекистон Президенти нафақат ўз халқи, балки минтақа халқлари манфаатини кўзлаб халқаро минбарларда янги ташаббусларни илгари сураётганини эътироф этишади.
Ўзбекистон фойдаланадиган сув ресурсларининг 90 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалиги соҳасида сарфланяпти. Минтақада ирригация-мелиорация тармоқлари энг кўп ва йирик сув хўжалиги инфратузилмасига эга давлат ҳисобланиб, суғориладиган экин майдонлари 4,3 миллион гектарни ташкил этади. Шу билан бирга, 60 фоиздан ортиқ ер насос станциялари ёрдамида суғорилиши, 50 фоизга яқин суғориладиган майдон турли даражада шўрланган бўлиб, мелиоратив тадбирлар ўтказилиши вазифаларимиз мураккаблигини кўрсатади.
Озиқ-овқат хавфсизлиги ва фаровонликни таъминлаш учун соҳадаги муаммоларга ечимлар берлмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш мақсадида сувни ҳамда сарфланаётган электр энергиясини тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидланди.
Шу боис, “2024 йил суғориш тармоқларида сув йўқотишларини камайтириш бўйича зарбдор йил” деб эълон қилинган бўлса, 2025 йил “насослар самарадорлигини ошириш йили” бўлди.
Шундан келиб чиқиб, қилинадиган биринчи муҳим вазифамиз — канал ва ариқларни бетонлаш. Ҳисоб-китобларга кўра, ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 миллиард куб метр сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўляпти.
Давлат бюджетидан 676,7 миллиард сўм ажратилиб, 75 та объект доирасида 555 километр канал реконструкция қилинди, шундан 433 километри бетонланди. Халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларнинг давлат бюджети қисми бўйича “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш 2-босқич” лойиҳасига 121 миллиард сўм ажратилиб, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида 160 километр канал модернизация қилинди.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ташаббускорлигида кластер, фермер хўжаликлари томонидан 13,5 минг километр ички суғориш тармоғи бетонланди. Бетонланган ирригация тармоқларида фильтрация (ерга шимилиб кетиш) камайиб, сувни бошқариш тизими такомиллашди, 300 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланди. Ирригация тизими ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти 0,66 дан 0,67 га ошди.
Мисол учун, Бухоро вилояти Олот туманида қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларнинг 3 минг гектарига сув етиб бориши ниҳоятда қийин эди. 2024 йилда тумандаги 5 та каналнинг 21 километр қисми бетонланиши натижасида 11,2 минг гектарда сув таъминоти яхшиланди.
Жиззах вилоятида Жиззах бош насос станциясидан сув олувчи ДМ-1, ДМ-2 ва ДМ-3 каналларини бетонлаш ва реконструкция қилиш орқали Зарбдор, Зомин, Пахтакор ва Ш.Рашидов туманларидаги 364 та фермернинг 58 000 гектар ер майдонида сув таъминоти яхшиланди. Агар бунгача Ш.Рашидов туманининг Қулписар ҳудудига 4-5 кунда сув етказилган бўлса, энди бу муддат 3 кунга қисқарди.
Бу борадаги ишлар 2025 йилда янада жадал давом эттирилади. Суғориш тармоқларини реконструкция қилиш бўйича 76 та объектга 800 миллиард сўм йўналтирилиб, 570,4 километр канал, 21 километр лоток ва 45,3 километр ёпиқ қувурли суғориш тармоғи реконструкция қилинади. 300 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади, каналларда йилига ўртача 450 миллион куб метр сув йўқотилишини камайтиришга эришилади.
Иккинчи муҳим вазифа — насослар самарадорлигини ошириш. Бугунги кунда суғоришга давлат бюджети ҳисобидан 1 минг 700 га яқин насос станция ишлатилмоқда. Уларга бир йилда 7 миллиард киловатт-соат электр энергияси талаб этилади.
Охирги йилларда 1 миллиард доллар ҳисобига Қарши, Аму-Бухоро, Аму-Занг каби йирик насос станциялари модернизация қилинди. 2024 йилда 156 та насос, 154 та электродвигатель янгиланди. 2 388 та ёруғлик диод чироқ, 109 та қуёш батареяси ва сув иситиш қурилмаси, 85 та частота ўзгартирувчи, 102 та конденсатор қурилмаси ўрнатилди.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида электр энергиясининг йиллик сарфини 1,5 миллиард киловатт-соат камайтиришга эришилди. Яъни 2017 йилда электр энергияси сарфи 8,3 миллиард киловатт-соатни ташкил этган бўлса, 2023 йилда 6,8 миллиард киловатт-соатга тушди. 2024 йил якуни бўйича лимитга нисбатан 350 миллион киловатт-соат электр энергиясини тежаш кўзда тутилган.
Учинчи муҳим вазифа — сув тежовчи технологияларни жорий қилиш.
2024 йилда 326 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар, шундан 82,7 минг гектарда томчилатиб, 39 минг гектарда ёмғирлатиб,
30,6 минг гектарда дискрет, 174 минг гектарда эгилувчан қувур ва эгатга плёнка тўшаб суғориш жорий қилинди ҳамда 507 минг гектар майдон лазерли текисланди.
Сув тежовчи технологиялар билан қамраб олинган майдонлар 2017 йилда 28 минг гектар бўлган бўлса, 2024 йилда 1,9 миллион гектарга, шу жумладан, томчилатиб суғориш 561 минг гектарга етказилди. Тежамкор технологиялардан фойдаланиш ҳисобига жорий йилда 2 миллиард куб метр сув тежалишига эришилди.
2025 йилда яна 500 минг гектарда сув тежовчи технология ўрнатилади. Бунинг учун имкониятлар етарли. Республикада сувни тежайдиган суғориш технологиялари ускуналари ва бутловчи қисмларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш бўйича 2018 йилгача бор-йўғи 3 та корхона фаолият кўрсатган бўлса, ҳозир 62 тага етказилди. Улар бир йилда 500 минг гектардан ортиқ майдонни қамраб оладиган маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.
Келгуси уч йилда ҳам қишлоқ хўжалиги техникасининг 15 фоизи ва лазерли текислагичнинг 30 фоизини субсидиялаш амалиёти давом эттирилади. Қорақалпоғистонда қўлланган лазерли текисланган ернинг ҳар гектарига 1 миллион сўмдан субсидия бериш тизими Хоразм вилоятида ҳам татбиқ этилади.
Тўртинчи муҳим вазифа — рақамлаштириш. Президентимиз 2024 йил 7 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида сув хўжалиги соҳасида кескин ўзгариш қилишнинг бирдан бир йўли рақамлаштириш эканини алоҳида таъкидлади. Бу борадаги ишларга 2021 йилда жиддий киришилган эди. “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ва сув хўжалигини ривожлантириш концепциясида белгиланган кўрсаткичлардан келиб чиқиб, тўрт йилда онлайн режимда сув омбори ва ирригация тизимининг 12 988 та сув ўлчаш постида сув ресурсларини кузатиб бориш имконини берувчи “Ақлли сув”, 8 894 та мелиоратив кузатув қудуғида сизот сув кўрсаткичлари ва ернинг минераллашганлик даражасини назорат қилувчи “DIVER”, 1 739 та насос станциясида сув сарфини мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатилди. 80 та йирик сув хўжалиги объекти бошқаруви автоматлаштирилди.
Вазирлик ҳузурида Сув хўжалигини рақамлаштириш маркази ташкил этиляпти. Унда сув истеъмоли ва ҳисобини юритишнинг ягона ахборот тизими ишга туширилади. Шунингдек, илғор хорижий давлатлар ҳамкорлигида улардаги ютуқлар соҳамизга жалб қилиняпти.
Дўстлик туманида Хитой компаниясини жалб қилган ҳолда сув бошқарувини ақлли тизимга ўтказиш бўйича умумий қиймати 22 миллион долларлик лойиҳа якунига етказилди. Сув тақсимланадиган 2 мингта нуқтага ҳисоблагич ва видеокамера ўрнатилган. Автоматлашган бошқарув натижасида 20 фоиз суғориш тармоғини таъмирлаш ҳисобига яна 10 фоиз сув тежалади. Сув бошқаруви хусусий секторга берилиб, фермерлар билан кооперация тузилади. Илк бор сувга олдиндан тўлов бўлади.
Жорий йил 16 ноябрь куни Дўстлик туманида республика кўргазмали семинари ўтказилди ҳамда ҳудудлардаги 1 тадан туманда инвесторларни жалб қилган ҳолда сув ресурслари бошқарувини автоматлаштириш лойиҳалари амалга оширилиши белгилаб олинди.
Сув хўжалиги соҳасида хорижий инвестиция салмоғини ошириш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича ҳам самарали ишланяпти.
2024 йилда 7 та лойиҳа доирасида халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 109 миллион доллар ўзлаштирилди. 180 та тик қудуқ бурғуланди, 223 та гидротехник иншоот ва 62 километр канал реконструкция қилинди.
2020-2023 йиллар давомида умумий қиймати 6 триллион сўмлик 452 та давлат-хусусий шериклик лойиҳа битими имзоланди ва давлат реестридан ўтказилди. Хусусан, 2023 йилда 300 та насос станцияси ва 6 та қудуқ хусусий сектор бошқарувига берилди. Лойиҳаларда 83,3 миллион киловатт электр энергиясини иқтисод қилиш, 120 миллиард сўм бюджет маблағини тежаш назарда тутилган. 6 та тумандаги барча сув хўжалиги объектлари, жумладан, 92 километр ирригация ва 245 километр мелиорация тармоғри, 3 та насос станцияси, 170 та кузатув қудуғи тўлиқ хусусий бошқарувга берилди.
2024 йилда 500 та сув хўжалиги объектини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий сектор бошқарувига бериш бўйича иш олиб борилди. Хусусий шериклар билан битимларни имзолаш жараёни давом этмоқда.
Бетонланган каналларда сув оқими тезлашади. Бу кичик ГЭСлар қуриб, электр олишга катта имконият. Шу боис, Навоий вилоятида 11 мегаваттли 148 та шундай станция қуриш бошланган. Ҳудудларда 2 мингта микроГЭС қуриб, йилига қўшимча 600 миллион киловатт электр олиш мумкин.
Баҳор ва куздаги сел сувларини йиғиш — соҳадаги яна бир манба. Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларида шундай иншоотлар барпо қилиб, 50 минг гектарда сув таъминотини яхшилаш имкони бор. Бу борада “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Республикамизда суғориладиган майдонларнинг 2 миллион 442 минг гектари шўрланмаган, 1 миллион 883 минг гектари турли даражада шўрланган. 2,3 миллион гектарда очиқ коллекторлар, 465 минг гектарда ёпиқ-ётиқ горизонтал дренажлар ва 277 минг гектарда вертикал дренаж қудуқлар хизмат қилади. Уларнинг умумий узунлиги 144 минг километр.
2024 йилда 10 минг километр мелиорация объекти қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда тамирлаш-тиклаш натижасида шўрланган майдонлар 510 минг гектар камайди. 555 километр ирриция тармоғи бетонланиши натижасида фильтрация камайиб, шўрланган ер 235,6 минг гектар қисқарди.
Сув текин эмаслигини истеъмолчиларга тушунтириш, обиҳаётнинг қадри ва қиймати, уни асрашни тарғиб қилиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар қилинди. Аҳолининг сувдан фойдаланиш маданияти юксалиб, унинг ҳар томчисини тежаш оммавий ҳаракатга айланиб бормоқда.
Умуман олганда, 2024 йил сув хўжалиги соҳаси учун туб ўзгаришлар йили бўлди. Президентимизнинг 2024 йил 5 январдаги
қарори билан республика бўйича 155 та туман ирригация бўлими ҳамда 161 та сув хўжалиги махсус хизмати тугатилиб, уларнинг негизида хўжалик ҳисобида фаолият юритадиган 159 та туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаи ташкил этилди. Сув етказиб бериш хизматлари ходимларининг ойлик маоши манбаси ҳал қилинди ва иш ҳақи миқдори икки баравардан зиёд оширилди.
1 апрелдан 1 октябргача бўлган суғориш мавсуми учун республика бўйича жами сув манбаларидан 31,5 миллиард куб метр сув олиш лимити ажратилиб, шундан суғориш ишларига 28,2 миллиард куб метр лимит тасдиқланди. Амалда суғоришга 29,7 миллард куб метр сув етказиб берилди. Йил якуни бўйича қишлоқ хўжалигида 8 миллиард куб метр сувни тежаш кўзда тутилган.
2024 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги йўналишида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 1 куб метр сув учун 100 сўм этиб белгиланди. Сув етказиб бериш хизматларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун давлат бюджетидан 150 миллиард сўм ажратилиб, махсус техника воситалари харид қилинди. Президентимизнинг 2024 йил 7 майдаги фармонига мувофиқ, Сув хўжалиги вазирлигининг фаолияти
уч бўғинга ажратилиб, вертикал бошқарув тизими ташкил қилинди. Ўрта ва юқори бўғин ходимларининг ойлик маоши оширилди.
Илм-фан ва ишлаб чиқариш узвийлиги доимий эътибордаги масаладир. Илмий ва инновацион ишланмаларни жорий этиш бўйича Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти томонидан ҳамда “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш институти” миллий тадқиқот университети билан яқин ҳамкорликда ишланяпти.
Сув хўжалиги соҳасидаги муаммолар ечимига қаратилган давлат илмий-техник дастурлари доирасида 2 та фундаментал, 6 та амалий ҳамда 20 та илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик иши бажарилмоқда. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 7,3 миллиард сўмни ташкил этади.
Соҳа ривожи кадрларга боғлиқ. Ҳар йили 500 нафардан зиёд олий маълумотли мутахассис тизим ташкилотларига ишга қабул қилинмоқда. 2024 йилда 1 716 нафар раҳбар ва мутахассиснинг малакаси оширилди.
“Агробанк” АТБ ҳамкорлигида 2023 йилда “Сувчилар мактаби” фаолияти йўлга қўйилди. Республиканинг 13 та ҳудудида замонавий ўқув хоналари ҳамда илғор сув тежовчи технологиялар қўлланиладиган тажриба майдонлари ташкил этилди. 2023 йили 155 та туманда 61 мингдан ортиқ фермер хўжалиги раҳбари ва ходими қисқа муддатли курсларда ўқитилди. 2024 йилда 13 минг фермернинг амалий кўникмалари шакллантирилди.
Сув келтирган элда азиз, деган мақол бор. Шу боис, обиҳаётни етказиб бериш йўлида хизмат қилувчи сувчилар тоза, покиза ва савобли касб эгаларидир. Уларнинг машаққатли меҳнати билан юрт обод, дастурхон тўкин-сочин, турмуш фаровон.
Эътибор ва ғамхўрликлардан руҳланган соҳа ходимлари сув беҳуда исроф бўлишининг олдини олиш, самарали фойдаланиш, халқимизга муносиб хизмат қилиш учун бор куч-ғайратини ишга солишган. Улар янги Ўзбекистонда барча соҳаларда янгиланишлар, ўзгаришлар жадал бораётган ҳозирги даврда замон билан ҳамнафас одимламоқда.
Шавкат ҲАМРОЕВ,
сув хўжалиги вазири
