Асосий контентга ўтиш

СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИ СТИПЕНДИЯСИ ТАЪСИС ЭТИЛДИ

2024-12-16 17:10:00 / Янгиликлар

Сув хўжалиги йўналишида таълим олаётган иқтидорли талабаларни моддий рағбатлантириш, уларни фаол яратувчилик фаолиятига кенг жалб этиш учун яна бир янгилик жорий қилинди. Улар Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси ва бошқа номдор стипендиялар билан бир қаторда Сув хўжалиги вазири стипендиясини олиш имконига эга бўладилар.

Стипендия ирригация ва мелиорация таълим йўналишларида  таҳсил олаётган 3-4 босқич бакалавриат талабаларидан 8 нафарига бир йил давомида берилади.

Стипендиянинг бир ойлик миқдори Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан иборат.

Вазир стипендияси танловида иштирок этувчи номзодларга қуйидаги талаблар белгиланади:

– аъло ўқиш ва илмий (ижодий) ишларда иштирок этиш;

– соҳага оид конференция (танлов)ларда қатнашиш;

– Ўзбекистон тарихи ҳақида билимларга эга бўлиш;

– давлат тилини ва камида битта хорижий тилни билиш.

Номзодларнинг илмий-тадқиқот ишларида фаоллиги, техник ва ихтирочилик қобилияти, фан олимпиадалари ва турли танловларда фахрли ўринларни эгаллагани эътиборга олинади.

Истисно тариқасида, 2024/2025-ўқув йили учун стипендияга талабгорларнинг ҳужжатлари 2024 йилнинг декабрь ойи, 2025/2026-ўқув йилидан бошлаб эса йилига бир марта, ҳар йили 1-30 август кунлари кўриб чиқилади.

Вазир стипендияси совриндори бўлган талабалар ўқиши даврида ўқув ва илмий амалиётлари ҳамда стажировкаларини Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тизим ташкилотларида ўтайдилар, шунингдек хўжалик шартномаларида меҳнат фаолиятини олиб борадилар.

Совриндор бўлган талабалар ўқишни тугатгандан сўнг Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тизим ташкилотларида камида 2 йил мобайнида ишлаш мажбуриятини оладилар. Бунда, стипендия совриндори бўлган талабалар ўқишни тугатгандан сўнг Сув хўжалиги вазирлиги тизимларига истиқболли ёш кадрлар захирасига киритилади ҳамда ушбу талабаларга вазирлик тизимларига ишга қабул қилишдаги танловларда устуворлик берилади.

 

Ахборот хизмати

175

Охирги янгиланиш: 2024-12-16 19:14:23

СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИ СТИПЕНДИЯСИ ТАЪСИС ЭТИЛДИ