МАРКАЗИЙ ОСИЁДА СУВ: КЕЛАЖАК ҲАМКОРЛИКДА
2024-11-08 17:50:00 / Янгиликлар

Унинг очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Президентимиз ташаббуслари билан соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Хусусан, куни кеча Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида қўйилган вазифалар аҳамиятига эътиборни қаратди.
Таъкидландики, 2024 йилда 550 километр канал ва ариқлар бетонлангани эвазига 200 минг гектарда сув яхшиланди, суғориш мавзумида 450 миллион куб метр сув иқтисод қилинди. Фермер ва кластерлар томонидан ҳам 13 минг километр ички тармоқ бетонланди.
Сув бошқаруви ислоҳ қилиниб, туманларда сувни ҳисобга олиш тизими шаклланди, фермерлар сувни ҳисоб-китоб қилишни ўрганди. Шаффоф тизим йўлга қўйилгани натижасида бу йил ерга 2 карра кўп сув борди, яна 6 миллиард куб метр сув ҳисоби жойига қўйилди.
Республика бўйича 2 миллион гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилинди, келгуси йилда яна 500 минг гектарда сув тежовчи технологиялар ўрнатилади. Қорақалпоғистонда қўлланган лазерли текисланган ернинг ҳар гектарига 1 миллион сўмдан субсидия бериш тизими энди Хоразмда ҳам бўлади. Бошқа ҳудудларда ҳам лазерли текислаш кенгайтирилади.
Бугунги кунда ерларни суғоришга 1 минг 600 дан зиёд насос станция ишлатилмоқда. Улар ўзига яраша электр энергияси талаб қилади. Шу боис видеоселектор йиғилишида Давлат раҳбари томонидан 2025 йил – сув хўжалигида “насослар самарадорлигини ошириш йили” деб эълон қилинди.
Илмий-амалий конференцияда Марказий Осиё минтақасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сувнинг ҳисоб-китобини рақамлаштириш, шаффоф тизим яратиш, сув тежовчи технологиялар қамровини кенгайтириш, каналларни бетонлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Қозоғистон Республикаси сув ресурслари ва ирригация вазири Н.Нуржигитов ўз сўзида сувга талаб ортиб бораётган ҳозирги шароитда бу каби муҳокамалар сув ресурсларини оқилона бошқаришга эришиш йўлида муҳим қадам бўлишини таъкидлади.
Тадбирда Тожикистон, Туркманистон, Қирғиз Республикаси сув хўжалиги соҳаси вакиллари, Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси, унинг Илмий-ахборот маркази, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, олимлар, мутахассислар сўзга чиқдилар.
Эътироф этилдики, Марказий Осиё минтақасида дарёлардан, сувдан ҳамжиҳатликда фойдаланамиз. Сув миллий масала эмас, минтақавий масала, ҳаммамизнинг умумий ташвишимиз. Шу сабабли, сувни асраш, тежаб фойдаланиш ҳақида даъватлар янгради.
Ахборот хизмати


