СУВ РЕСУРСЛАРИ ҲИСОБ-КИТОБИДА АНИҚЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ – АСОСИЙ МЕЗОН
2024-11-05 09:40:00 / Янгиликлар

Кейинги йилларда иқлимнинг глобал ўзгаришлари, аҳоли сони ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиши, уларнинг сувга бўлган талаби йил сайин ошиб бориши баробарида сув ресурсларининг тақчиллиги йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Шу туфайли сув ресурсларини самарали бошқариш, аниқ ҳисоб-китобини юритиш ва истеъмолчилар ўртасида адолатли тақсимланишини йўлга қўйиш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 апрелдаги “Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолида сув ресурсларининг ҳисоби ва ҳисоботини ҳамда мониторингини юритиш тартиби тўғрисида”ги қарорида сув ресурсларидан фойдаланиш ва истеъмол қилиш тартибини белгилаш, ҳар бир сув олиш жойларини сувни ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув олиш жойларини сувнинг кундалик ҳисоб журналлари билан таъминлаш, олинган ва етказиб берилган сув учун икки томонлама далолатномалар расмийлаштириш ҳамда сув ҳисоби ва ҳисоботини олиб боришга доир долзарб вазифалар белгилаб берилган.
2024 йилнинг 10 ойи давомида сув хўжалиги тизим ташкилотлари ҳисобидаги ирригация тармоқларида жойлашган 17770 та гидропостда жорий ва капитал таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди. 330 та гидропостнинг паспортлари, 9653 та гидропостнинг метрологик ҳужжатлари намунавий шаклда расмийлаштирилди. Гидрометр ходимлар томонидан белгиланган режага асосан 14,1 млн. марта назорат-кузатув ва 476,1 минг марта назорат-ўлчов ишлари амалга оширилиб, гидропостларнинг сув сарфи жадвалларига белгиланган тартибда тузатишлар киритиб борилди.
Ҳисобот даврида тизим ташкилотлари томонидан 557 та сув ўлчаш воситаси тарировка ва қиёслаш кўригидан ўтказилди ҳамда 54 та янги сув ўлчаш воситаси, 99 та гидрометрик штанга ва 4702 та сув ўлчаш рейкаси харид қилинди.
Сув хўжалиги тизим ташкилотларида жами 1543 нафар гидрометр ходимлар фаолият юритиб келаётган бўлиб, шундан 293 нафари муҳандис-гидрометрлар, 1246 нафари техник-гидрометрлар ҳисобланади.
Муҳандис-гидрометрларнинг барчаси олий маълумотли мутахассислар бўлиб, бундан ташқари техник-гидрометр лавозимларига 641 нафари олий ҳамда 598 нафари ўрта-махсус маълумотли мутахассислар ишга қабул қилинган.
Жорий йилнинг ўзида, гидрометр лавозимларига 270 нафар олий маълумотли мутахассислар ишга қабул қилиниб, олий маълумотли гидрометрлар сони 664 нафардан 934 нафарга етказилди.
Сув ресурсларининг ҳисоб-китобини аниқ юритиш ва гидрометрия хизматини янада яхшилаш мақсадида йил якунига қадар қўшимча равишда 4469 та гидропостни таъмирлаш, 281 та гидропостни аттестациядан ўтказиш, 78 та сув ўлчаш қурилмасини тарировка кўригидан ўтказиш ва 131 та рейка сотиб режалаштирилган.
Марказий диспетчерлик
ва сув баланси хизмати


