ОЛТИАРИҚ ТУМАНИ СУВ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИ БИЛАН ОНЛАЙН МУЛОҚОТ
2024-09-19 19:05:00 / Янгиликлар

Унда Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, Насос станциялари ва энергетика бошқармаси, Мелоратив экспедиция, Олтиариқ тумани “Сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси масъуллари ҳамда ҳудуддаги сув истеъмолчилари иштирок этди.
Мулоқот чоғида Олтиариқ тумани “Жўрак” МФЙда яшовчи фуқаро И.Ахунов мурожаат қилиб, Жанубий Фарғона магистрал канали, “Сўх-Шохимардон” каналининг лойқа босган қисмларини тозалашда амалий ёрдам сўради. Масъулларга 1 дона юқори унумли экскаватор жалб қилиб, тозалаш ишларини қисқа муддатда якунлаш топшириғи берилди.
Шунингдек, “Повулғон” МФЙ Янги чек кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро А.Қосимов Жанубий Фарғона магистрал канали, “Сўх-Шоҳимардон” канали бўйларида аҳолига ажратилган ер майдонларига экилган сабзавот ва полиз экинларини суғориш учун 2 кеча-кундуз давомида сув етказиб берилса, ҳудуддаги 3,1 гектардан ортиқ майдондаги экинлардан кўзланган ҳосилни олишга эришилиши натижасида халқимизнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини янада қондириш имконияти яратилишини маълум қилди. Бу бўйича ҳам масъулларга белгиланган лимит доирасида сув билан таъминлаш вазифаси юклатилди.
Бундан ташқари, мурожаатчилар томонидан тик суғориш қудуқларини таъмирлаш, хўжаликлараро Х-1 лоток тармоғини реконструкция қилиш, насос станцияси агрегатларини мукаммал таъмирлаш каби масалалар кўтарилди. Мутасадди раҳбарларга ушбу мурожаатларни қонунчиликда белгиланган тартибда ўрганиб чиқиш ва қаноатлантириш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Ахборот хизмати


