ЖОМБОЙЛИК СУВ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИ БИЛАН ОНЛАЙН МУЛОҚОТ
2024-09-18 19:00:00 / Янгиликлар

Унда вилоят сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари, туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ходимлари, тумандаги кластер ташкилоти, фермер хўжаликлари вакиллари ҳамда томорқачилар иштирок этди.
“Ўнг қирғоқ ерлари” фермер хўжалиги раҳбари Собир Эргашев ҳудуддаги “Оқ” зовурини тозалашда ёрдам сўради. Зарафшон ИТҲБ ва Мелиоратив экспеция раҳбарларига дастурга киритилган ушбу коллекторни жорий йил 1 октябргача тозалаб, вазирликка ҳисобот тақдим этиш топширилди.
“Мустанг даласи” фермер хўжалиги раҳбари Жамол Холбоев томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича “Suvkredit.uz” платформаси орқали “DUAL SULAMA GROUP” МЧЖга 33 гектар майдон учун шартнома асосида бошланғич 50 фоиз маблағ, яъни 435,0 млн сўм ўтказиб берилганлигини, аммо шу кунга қадар суғориш технологияси ўрнатилмаганлиги айтиб, маблағни қайтиришда амалий ёрдам сўради.
Шунга мувофиқ, вазирлик томонидан “DUAL SULAMA GROUP” МЧЖ га огоҳлантириш хати юборилиши ҳамда мазкур корхонага қонуний чора кўрилишини сўраб Бош прокуратурага мурожаат этилиши маълум қилинди.
Мулоқот чоғида ички ариқларни тозалаш, бунинг учун техника ажратиш ҳақида мурожаатлар бўлди. Уларни ижобий ҳал этиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Туманда олинаётган ва фермерларга етказиб берилаётган сувнинг аниқ ҳисоб-китобини юритиш ва истеъмолчиларнинг муаммоларини ҳал этишда сусткашликка йўл қўйганлиги учун Жомбой тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси раҳбарининг лавозимида қолиш масаласи кўриб чиқиладиган бўлди.
Ушбу масалани ва 2 та мурожаатда кўтарилган муаммони чуқурроқ ўрганиш учун Жомбой туманига вазирлик ишчи гуруҳи юборилди.
Ахборот хизмати


