ФЕРМЕРЛАРГА ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШ АФЗАЛЛИКЛАРИ ТУШУНТИРИЛДИ
2024-08-30 15:00:00 / Янгиликлар

Семинар қатнашчиларига «Азизбек Алик ўғли» фермер хўжалигининг 14 гектар пахтазорида жорий қилинган томчилатиб суғориш қандай самара бергани кўрсатилди. Жамоа аъзолари ғўзаларини ўн мартагача томчилатиб суғоргани эвазига ғўзалар ғовлаб кетмаган, ҳар туп ғўзада 20 тадан бўлиқ кўсак яратилган. Бунга ғўза бир маромда сув ичгани асосий омил бўлган.
Фермер хўжалиги раҳбари йиғилганларга нафақат сув тежалгани, шу билан бирга ўғит, техника харажатлари ҳам анча камайганини таъкидлаб, томчилатиб суғориш технологиясини даласига ўрнатиш учун кредит ажратиш, электр линияси тортиб келишда деярли муаммо бўлмаганлигини, боз устига йил якунида технология харажатларининг бир қисми субсидия тарзида қайтарилишини айтиб, томчилатиб суғориш ҳар жиҳатдан самарали эканлигини қайд этди.
Семинар якунида туман «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ раҳбари Ҳ.Раҳмонов йиғилганларга ҳадемай кузги ғалла экиш бошланиши, келгусида ғаллазорларини ёмғирлатиб суғоришни истовчи фермер хўжаликлари ҳозирдан буюртма бериб, кредит масаласини ҳал қилиб ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этишга киришишлари лозимлиги юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини айтиб ўтди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати


