“ТАШАББУСЛИ БЮДЖЕТ” ЛОЙИҲАСИДА КОЛЛЕЖИМИЗНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНГ!
2024-08-09 12:35:00 / Янгиликлар

Бу сафар боришимизда янгиликлар устидан чиқдик. Коллеж жамоаси бино ичини, хоналарни оқлаб-кўклаб, таъмирлаётган экан.
Директор Асилбек Ахматов, ўқув ишлари бўйича ўринбосари Мухлиса Тўраева билан суҳбатлашдик.
Ҳужжат топширганлар сони ўтган йилгига нисбатан кўпайган. Тарғибот ишлари натижа берган.
2024 йил 12 июлда вазирликнинг “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари ходимларига қўйиладиган малака талабларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 140-сонли буйруғи қабул қилинган.
Унда техник гидрометр лавозимидагилар олий ёки ўрта-махсус маълумотга эга бўлиши белгиланган. Туманларда бўлиб, “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари фаолиятини ўрганганимизда техник гидрометр лавозимида ишлаб турган, беш йилдан ортиқ иш тажрибасига эга, лекин малака талаби тўғри келмаётган ходимлар борлигига гувоҳ бўлдик. Уларни сиртдан ёки дуал таълим орқали ўқитишни ташкил этиш мумкин.
Навбаҳор сув хўжалиги ва мелиорация коллежи раҳбариятининг айтишича, техник гидрометр йўналишида ўқитиш бўйича ҳозирча талаб тушмаган экан.
Яна бир масала – коллежда 2 та эски вертушка бор. Иккаласи ҳам ишламайди.
Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги тегишли қарорида ўзига бириктирилган ҳудудда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш Сув етказиб бериш хизматларининг асосий вазифалари сифатида белгиланган.
Ушбу йўналишда кадрлар тайёрлаш учун эса коллежга нафақат вертушка, замонавий, электрон сув ўлчаш воситалари зарур бўлади.
Коллеж жамоаси янги ўқув йили учун қизғин тайёргарлик кўришмоқда.
Яна бир янгилик. Коллеж томини 1,2 млрд. сўмлик капитал таъмирлаш “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига киритилган. Овоз йиғиш 21–31 август кунлари бўлиб ўтади.
Кўпчилик бўлиб қўллаб-қувватласак, ушбу лойиҳа ғолиб бўлиб, коллежнинг бир масаласи ечилган бўлар эди.
Ахборот хизмати


