СУВ ХАВФСИЗЛИГИ – КЕЛАЖАК ХАВФСИЗЛИГИ
2026-05-25 14:40:00 / Янгиликлар

Шу нуқтаи назардан, Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ–21-сонли Фармони ижросини таъминлаш доирасида Марказ томонидан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳамда нуфузли хорижий экспертлар билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг 2027–2050 йилларга мўлжалланган миллий концепцияси” ишлаб чиқилмоқда.
Мазкур Концепция шунчаки навбатдаги стратегик ҳужжат эмас. У мамлакатнинг сув хавфсизлиги, экологик барқарорлиги ва аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш бўйича узоқ муддатли тараққиёт траекториясини белгилаб берувчи фундаментал дастурий ҳужжат сифатида хизмат қилиши кутилмоқда.
Бугунги кунда Марказ фаолиятининг муҳим устувор йўналишларидан бири – халқаро ҳамкорликни миллий манфаатлар билан уйғунлаштирган ҳолда, Ўзбекистоннинг глобал сув кун тартибидаги иштирокини кучайтиришдан иборат. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон банки гуруҳининг 2030 йилга қадар 1 миллиард аҳоли учун сув хавфсизлигини таъминлашга қаратилган Water Forward глобал ташаббусига қўшилиши мамлакатимиз сув сиёсатида мутлақо янги босқични бошлаб берди.
Мазкур ташаббус доирасида Марказ томонидан “Ўзбекистон миллий сув стратегияси (Сув пакти) (2026–2030 йиллар)” ишлаб чиқилди ва жорий йил 15 апрель куни Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон банки гуруҳининг йиғилишлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Ж.Қўчқоров томонидан халқаро ҳамжамиятга тақдим этилди.
Ушбу Пакт – мамлакатнинг сув хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган комплекс ҳаракатлар дастуридир. Хусусан, 2030 йилга қадар 3,8 млн. аҳоли учун сув хавфсизлигини таъминлаш, 2,2 млн. аҳоли учун ирригация хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, 80 минг агрокластер ва фермер хўжаликлари, 525 минг якка тартибдаги хўжаликлар ҳамда 6 200 та маҳаллани қамраб олиш назарда тутилган.
Шу билан бирга, 1,7 млн. гектарда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва улар қамровини барча суғориладиган майдонларгача кенгайтириш, 10,9 минг км магистрал каналлар ва 44 минг км. дан ортиқ коллектор-дренаж тармоқларини модернизация қилиш, 21,5 минг км сув таъминоти ҳамда 10 минг км канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш, 200 мингта сув олиш нуқталарини рақамлаштириш каби кенг қамровли вазифалар белгиланган.
Бу, ўз навбатида, сув йўқотишларини кескин қисқартириш, энергия самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини кўпайтириш ва энг муҳими — аҳолининг ҳаёт сифатига бевосита таъсир кўрсатувчи янги тизимни шакллантиришга хизмат қилади.
Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича ислоҳотларнинг амалий натижалари ҳудудларда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида 2026 йил давомида 34,4 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилиниб, шундан 7,8 минг гектарда томчилатиб, 2,1 минг гектарда ёмғирлатиб ҳамда 648 гектарда дискрет усулда суғориш технологиялари йўлга қўйилди.
Шунингдек, вилоятда сув инфратузилмасини модернизация қилиш ишлари доирасида 10 та насос ва 7 та электродвигатель ўрнатилди. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 64 км магистрал ва хўжаликлараро каналлар, Сув етказиб бериш хизмати давлат муассасалари маблағлари ҳисобидан 156 км хўжаликлараро каналлар, кластер ва фермер хўжаликлари маблағлари ҳисобидан эса 2 400 км узунликдаги ички ариқлар бетонлаштирилди.
Амалга оширилаётган ишлар натижасида йил якунига қадар 392,2 млн. м3 сувни тежаш, 44,3 минг гектар майдоннинг сув таъминотини, 30,3 минг гектар ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, 5,9 минг гектар шўрланган майдонларни қисқартириш ҳамда йиллик электр энергияси истеъмолини 4,2 млн. кВт/соатга камайтиришга эришиш кутилмоқда.
Сув соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сув кодексини амалиётга самарали жорий этиш Марказимизнинг устувор вазифаларидан бирига айланди. Бугунги кунда кодексда белгиланган нормаларни тўлиқ амалиётга татбиқ этиш учун қабул қилиниши зарур бўлган қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш юзасидан комплекс “Йўл харитаси” шакллантирилди.
Шу билан бирга, амалдаги норматив-ҳуқуқий база тўлиқ инвентаризация қилиниб, уларни янги ҳуқуқий муҳитга мослаштириш бўйича тизимли таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Замонавий сув сиёсати фақат инфратузилма ва ҳуқуқий ислоҳотлар билан чекланмайди. Жамиятда сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш, соҳадаги жараёнларни таҳлил қилиш ва очиқ ахборот муҳитини таъминлаш ҳам стратегик аҳамият касб этади.
Марказимиз томонидан соҳадаги ислоҳотларни аҳолига холис, очиқ ва шаффоф тарзда етказиш, сувнинг стратегик аҳамияти ҳақида жамоатчилик хабардорлигини ошириш ҳамда сувдан оқилона фойдаланиш кўникмаларини кенг тарғиб қилиш бўйича медиа ва коммуникация ишлари янги босқичга кўтарилмоқда. Хусусан, жорий йил март ойида ўтказилган “Тошкент сув ҳафталиги – 2026” мамлакатимизда сув масалаларига бағишланган энг йирик мулоқот платформаларидан бири сифатида нафақат соҳавий экспертлар, балки кенг жамоатчилик ва халқаро медиа эътиборини ҳам ўзига қаратди.
Тадбир доирасида 100 дан ортиқ ахборот материаллари тайёрланиб тарқатилди. Жумладан, материалларнинг катта қисми маҳаллий оммавий ахборот воситалари, хорижий медиа платформалари ҳамда интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилиши таъминланди. Бу эса сув масалаларининг фақат соҳавий доирада эмас, балки кенг жамоатчилик муҳокамасига чиқишига хизмат қилди.
Энг муҳими, Марказимиз фаолиятида сувни тежаш маданиятини шакллантиришга қаратилган ижтимоий лойиҳалар алоҳида ўрин тутмоқда. Хусусан, аҳоли ўртасида сувнинг қадри ва ҳар бир томчининг аҳамияти ҳақида кенг тушунча шакллантириш мақсадида “Ҳар томчи қадрли”, болалар ва ёшларда сувдан оқилона фойдаланиш кўникмаларини эрта шакллантиришга қаратилган “Томчивой”, шунингдек, жамиятда сувга нисбатан масъулиятли муносабатни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи “Сув қадри” лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Чунки сув хавфсизлигини таъминлаш фақатгина давлат институтининг вазифаси эмас. Бу – ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила ва бутун жамиятнинг умумий масъулиятидир.
Албатта, сув соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами ва мураккаблиги уларни фақат маъмурий қарорлар билан эмас, балки чуқур таҳлил, илмий ёндашув ва халқаро тажриба асосида қўллаб-қувватлашни талаб этади. Чунки замонавий сув бошқаруви – бу нафақат инфратузилма ёки молиялаштириш масаласи, балки билим, аналитика ва стратегик фикрга таянувчи тизимдир.
Шу нуқтаи назардан, Сув соҳасида барқарор ривожланиш маркази ҳузурида доимий фаолият юритувчи Экспертлар гуруҳи фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган. Мазкур гуруҳ сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни илмий-амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, соҳадаги долзарб ва тизимли муаммолар бўйича асосланган таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларига юқори малакали экспертлар, олимлар, соҳавий мутахассислар ва халқаро консультантлар салоҳиятини кенг жалб қилишга хизмат қилади.
Энг муҳими, мазкур платформа сув хўжалиги соҳасида фақат мавжуд муаммоларга муносабат билдирувчи тузилма эмас, балки истиқболни белгилайдиган интеллектуал майдон сифатида фаолият юритади.
Бугунги кунда сув хавфсизлиги масаласи глобал кун тартибидаги энг долзарб масалалардан бирига айланган бир шароитда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ташаббускор позициясини мустаҳкамлаш ҳам устувор вазифалардан ҳисобланади. Шу маънода, жорий йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Бутунжаҳон сувни тежаш форуми алоҳида аҳамият касб этади.
Мазкур нуфузли форум нафақат сувни тежаш технологиялари ва замонавий ёндашувларни муҳокама қилиш майдони, балки иқлим ўзгариши шароитида сув хавфсизлигини таъминлаш, инновацион ечимларни кенг жорий қилиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиё минтақасида сув дипломатиясининг янги кун тартибини шакллантиришга хизмат қилувчи муҳим мулоқот платформаси бўлиши кутилмоқда.
Форумни юқори ташкилий ва мазмуний савияда ўтказиш мақсадида Марказ томонидан хорижий ҳамкорлар, халқаро молия институтлари, нуфузли экспертлар, илмий доиралар ва оммавий ахборот воситалари иштирокини таъминлаш бўйича барча зарур ташкилий чоралар кўрилмоқда. Зеро, сув соҳасидаги ислоҳотларнинг муваффақияти – бу фақат давлат органларининг фаолияти билан эмас, балки илм-фан, экспертлар ҳамжамияти, халқаро ҳамкорлар ва кенг жамоатчиликнинг умумий саъй-ҳаракатлари билан таъминланади.
Бугун биз сувни фақат ресурс сифатида эмас, балки мамлакат тараққиёти, иқтисодий барқарорлик, экологик мувозанат ва келажак авлодлар манфаати билан узвий боғлиқ стратегик бойлик сифатида қайта англаш босқичига кириб келмоқдамиз.
Шу боис, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ҳар бир томчи сув қадрини англаш ва соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ҳар биримиздан юксак масъулият талаб этади.
Чунки сувга муносабат – бу келажакка муносабат.
Жалолиддин Усманов,
Сув соҳасида барқарор ривожланиш
маркази директори
