Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш – янги босқичда
2026-05-16 12:35:00 / Янгиликлар

Глобал миқёсда экологик муаммоларнинг кучайиши, сув ресурслари ҳажмининг қисқариб бораётгани, иқлим ўзгариши ҳамда табиий офатлар сонининг ортиши кузатилаётган бугунги шароитда жамиятимизда сув ресурсларини оқилона бошқариш вазифаси долзарб бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда кейинги йилларда сув хўжалиги тизимини такомиллаштириш, дарё ва сой ўзанларини тартибга келтириш, сув фонди ерларидан самарали фойдаланиш ҳамда ушбу соҳага замонавий бозор механизмларини кенг жорий этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Дарё ва сойларнинг табиий ҳолатини тиклаш, сув оқимларининг эркин ҳаракатини таъминлаш ва хавфли гидрометеорологик ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида уларнинг ўзанларини ишлари амалга оширилиб келинмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярмида тадбиркорлик субъектлари иштирокида 17,9 км узунликдаги дарё ва сой ўзанлари тозаланди.
Бу кўрсаткич, қум-шағал материалларини қонуний тартибда қазиб олиниш ҳамда сув оқимларини ўзан бўйлаб хавфсиз оқиб ўтишининг имконини беради.
Қолаверса, мазкур тадбирлар сел-сув тошқини, ер кўчкиси каби фавқулодда вазиятлар хавфини камайтириш, дарё ҳавзаларида экологик барқарорликни таъминлаш, аҳолини хавфсизлик нуқтаи назаридан муҳофаза қилишда ҳамда қурилиш материалларига бўлган эҳтиёжни таъминлашда муҳим омил сифатида хизмат қилмоқда.
Республика миқёсида норуда фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олишнинг олдини олиш бўйича ҳам тизимли назорат ишлари кучайтирилди. “Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш” давлат муассасаси 2026 йилнинг январь-апрель ойлари мобайнида Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирликлари билан биргаликда
461 та рейд тадбирларини ўтказди.
Ўрганишлар давомида, 330 та қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, экологик инспекторлар томонидан 1,5 миллиард сўмлик жарималар,
2,8 миллиард сўм миқдорида табиатга етказилган зарарлар ундирилиши белгиланди. Ушбу ёндашув норуда материалларни қазиб олиш фаолиятини қонунчилик талаблари асосида олиб борилиши ва атроф-муҳитга етказилаётган салбий таъсирларни камайтиришга хизмат қилмоқда.
Фаолиятнинг яна бир муҳим механизми – ўзан тозалаш жараёнида қум-шағал материалларини қазиб олиш ишлари лойиҳасини амалга ошириш ҳуқуқини “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали шаффоф
ва қонуний асосда тадбиркорлик субъектларига топшириш йўлга қўйилган.
Бунинг натижасида 2026 йилнинг дастлабки 4 ойи давомида республикадаги дарё ва сойлар ўзанларида ўзан тозалаш ишлари 163 та тадбиркорлик субъектларига бириктирилиб берилди
ва дарё ва сойларда сел тошқин сувларини талофатсиз ўтказиб юборишга эришилди. Бундан ташқари, 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида 93 та участкада (Қорақалпоғистон Республикаси 3 та, Наманган 10 та, Сирдарё
20 та, Фарғона 5 та, Қашқадарё 11 та, Навоий 2 та, Хоразм 1 та, Сурхондарё
1 та, Тошкент вилояти 40 та) ўзан тозалаш жараёнида қум-шағал материалларини қазиб олиш ишлари лойиҳасини амалга ошириш ҳуқуқи
“E-auksion” электрон савдо платформасига жойлаштирилди. Мазкур тизим ресурсларни тақсимлашда очиқлик, соғлом рақобат муҳити ва иқтисодий самарадорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, ўтган давр мобайнида “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали, жами 49 та участка аукцион орқали ўзан тозалаш жараёнида қум-шағал материалларини қазиб олиш бўйича шартномалар имзоланди.
Муассаса фаолиятига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мунтазам равишда такомиллаштирилиб, бу борада ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги мавжуд ҳолатлар тизимли таҳлил қилинмоқда.
Хусусан, Вазирлар Маҳкасининг 2026 йил 30 январда “Қурилиш объектларининг арзон қум-шағал материалларига бўлган талабини қондириш ҳамда уларнинг нархи барқарор бўлишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 39-сонли қарори қабул қилинганлиги дарё ва сойлар ўзанларини тозалаш тизимини тартибга солишда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 январдаги ПФ–14-сон Фармони билан тасдиқланган Дарё ўзанларини тўпланиб қолган норуда материаллардан тозалаш тизимини тартибга солиш ва такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” 6-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг “Сув хўжалиги объектлари ўзанларидаги сел, тошқин хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда тўпланиб қолган қум-шағал материалларидан тозалаш ишларини амалга оширувчи ташкилотлар томонидан бажарилган ишларни қабул қилиб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қўшма қарори Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мазкур қўшма қарорнинг Адлия вазирлигидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги дарё ва сойлар ўзанларини тозалаш ишларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан бажарилган ишларни қабул қилиб олиш тартибини аниқ белгилаб берди.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда мамлакатимизда сув хўжалиги соҳасини модернизация қилиш, экологик мувозанатни сақлаш, сув фонди ерларидан самарали фойдаланиш ва бозор механизмларини кенг жорий этиш борасида амалга оширилаётган ҳар бир ташаббус – барқарор келажак учун муҳим замин бўлиб хизмат қилмоқда. Айниқса, дарё ва сойлар ўзанларини тозалаш, ноқонуний қазиш ишларининг олдини олиш, табиатга етказилаётган зарарларни камайтириш ва соҳалараро ҳамкорликни кучайтириш орқали юртимизда экологик хавфсизлик, сув ресурсларининг муҳофазаси ва аҳоли фаровонлигига эришиш йўлида муҳим қадамларга эришилмоқда.
Равшан Шаропов,
Сув хўжалигида бозор механизмларини
жорий қилиш давлат муассасаси бошлиғи в.б.
