Сув хўжалиги масалалари бўйича Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси Қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди
2026-05-16 12:00:00 / Янгиликлар

Йиғилишнинг асосий мақсади – сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва вегетация даврида сув тақсимоти бўйича келишилган чораларни амалга оширишдан иборат бўлди.
Ўзбекистон томонидан Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев бошчилигида тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат делегация иштирок этди.
Қирғизистон делеграциясига Қирғиз Республикаси Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири ўринбосари – Сув ресурслари хизмати директори Алмазбек Жээналиев бошчилик қилди.
Йиғилишда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги самимий дўстлик ва ишонч мамлакатларимиз муносабатлари, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойиллари асосида изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Йиғилишда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар ривожланиб бориши, ўзаро ишонч ва қўшничиликнинг мустаҳкамланишида давлатларимиз етакчилари ўртасидаги самимий дўстлик, биродарлик ришталари ҳал қилувчи аҳамиятга эгалиги қайд этилди.
Шу билан бирга, сув хўжалиги соҳасидаги амалий ҳамкорлик стратегик шерикликнинг муҳим йўналишларидан бири экани, сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, минтақавий барқарорликни таъминлаш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Йиғилиш давомида томонлар илгари эришилган келишувларнинг ижро ҳолатини муҳокама қилиб, сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш, уларни сақлаш ва тиклаш бўйича амалга оширилаётган ишлар изчил давом эттирилаётганини қайд этдилар.
Хусусан, аввалги келишувлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон томони Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилояти ҳудудида жойлашган “Дўстлик” каналида 5 км масофада тозалаш ва таъмирлаш, “ПШС” коллекторининг 8,7 км қисмида механизм ёрдамида тозалаш, “Хила”, “Кампиробод”, “Савай” каналларида таъмирлаш-тиклаш ва 3,9 км узунликдаги канални бетонлаш ишларини амалга оширгани амалий ҳамкорликнинг юқори самараси эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, Косонсой (Ўрта-Тўқай) сув омборидан давлатлараро фойдаланиш масаласидаги ўзаро ҳамкорлик ижобий баҳоланди.
Йиғилишда чегара ҳудудида жойлашган сув хўжалиги объектларида таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш учун сув хўжалиги ташкилотлари ходимлари, автотранспорт воситалари ва махсус техникаларнинг давлат чегараси орқали ўтиши билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Косонсой (Ўрта-Тўқай) сув омбори фаолияти, “Дўстлик” насос станциясидан фойдаланиш, “Пахтаобод” каналида бетонлаш ишларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йил учун Қирғиз Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича режа-графиклар кўриб чиқилди ва келишилди.
Ушбу режалар вегетация даври мобайнида сув бериш, тақсимлаш ва ундан фойдаланиш режимларини белгилаб бериши таъкидланди.
Томонлар тасдиқланган графикларга қатъий риоя қилиш, сув тақсимотини доимий мониторинг қилиш ва ваколатли сув хўжалиги ташкилотлари ўртасида тезкор мувофиқлаштиришни таъминлаш бўйича келишувга эришдилар.
Орол денгизи ҳавзаси давлатларида 2026–2036 йилларга мўлжалланган сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича минтақавий дастур лойиҳаси муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикасида бугунги кунда 2,6 млн гектар майдонда, яъни суғориладиган ерларнинг қарийб 60 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилган, 2028 йилга бориб ушбу кўрсаткични 3,5 млн гектарга ёки 80 фоизга етказиш режалаштирилган. Қирғизистонда эса 2024–2025 йилларда 2 369 гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган ва 2026 йилда яна 5 270 гектар майдонда ушбу ишлар амалга оширилиши белгиланган.
Томонлар Ўзбекистон Республикасида сув тежовчи технологиялар кенг жорий этилаётганини алоҳида таъкидлаб, бу йўналишдаги ишлар давом эттирилишини муҳим деб ҳисобладилар. Шу билан бирга, Қирғиз томони ҳам ўз ҳудудида сув тежовчи технологияларни босқичма-босқич кенгайтириш, шу жумладан томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиялари қамрови оширилишини таъкидлади. Шунингдек, Бишкек шаҳрида энергия самарадор ва ресурс тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича минтақавий марказ ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Қирғиз Республикаси делегациясининг 2026 йил сентябрь ойи охирида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган сувни тежаш бўйича бутунжаҳон сув форумида иштирок этиши ҳам муҳокама қилинди.
Томонлар ушбу тадбирда юқори даражада иштирок этишнинг аҳамиятини таъкидлаб, форум доирасида замонавий сув тежаш технологиялари, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш муҳимлигини қайд этдилар.
Йиғилиш якунида сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, барча келишувларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш ҳамда навбатдаги тўққизинчи йиғилишни Қирғиз Республикаси ҳудудида келгуси нoвегетация даврида ўтказишга келишиб олдилар.
Мазкур йиғилиш ўзаро ишонч, конструктив мулоқот ва стратегик шериклик руҳида ўтди ҳамда унинг якуни бўйича тегишли баённома имзоланди.
Отабек Хазратов,
Халқаро алоқалар ва Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўлими бошлиғи



