АҚЛЛИ СУҒОРИШ: РАҚАМЛИ ТРАНСФОРМАЦИЯ ВА СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ЕЧИМЛАРИ ЖОРИЙ ЭТИЛМОҚДА
2026-05-16 10:25:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ҳамда Хитой Халқ Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сариқ дарё лойиҳа-қидирув ва илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида Тошкент вилояти Пскент туманида “Марказий Осиёда рақамли ва интеллектуал суғориш (AI-Based Smart Irrigation)” халқаро лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа иқлимий ноаниқликлар ва сув танқислиги шароитларида қишлоқ хўжалигида сув ресурсларини оптимал тақсимлаш, оператив бошқариш ва суғориш самарадорлигини оширишга қаратилган бўлиб, 10 гектар майдонда сунъий интеллектга асосланган автоматлаштирилган “ақлли суғориш” тизимини жорий этишни назарда тутади.
Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг “Сув хўжалигида замонавий ахборот технологиялари ва сув ресурсларини бошқариш” лабораторияси томонидан “Бир макон - бир йўл” ташаббуси доирасида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа Марказий Осиёда сув ресурсларини рақамли ва интеллектуал бошқаришга қаратилган илғор ташаббус ҳисобланади.
Лойиҳа доирасида сунъий интеллект технологиялари асосида сувни оптимал тақсимлаш ва оператив бошқариш механизмлари жорий этилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 5 000 000 юань (731 АҚШ доллари)ни ташкил этади.
Бугунги кунда лойиҳа доирасидаги амалий ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, Сариқ дарё лойиҳа-қидирув ва илмий-тадқиқот институти ҳамда Lichuang Technology Co., Ltd. (LETRUE) компанияси томонидан қиймати 230 минг АҚШ долларига тенг бўлган илмий-техник ускуналарнинг иккинчи транши Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтига етказиб берилди.
Шунингдек, Пскент туманидаги “Оҳангарон–Далварзин” ирригация тизими бошқармаси ҳудудида қурилаётган 400 метрлик канал учун мўлжалланган сунъий интеллект ёрдамида бошқариладиган 6 та замонавий затворлар лойиҳа объекти (демонстрацион участка)га олиб келинди. Айни пайтда Хитойдан жалб қилинган мутахассислар иштирокида ушбу қурилмаларни ўрнатиш, созлаш ва самарали эксплуатация қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Лойиҳа доирасида суғориш тизимларини рақамли платформалар, автоматлаштирилган мониторинг тизимлари, аниқ суғориш технологиялари ва сунъий интеллект ечимлари билан интеграция қилиш орқали сув ресурсларини реал вақт режимида назорат қилиш, оптимал тақсимлаш ва оператив бошқариш имкониятлари яратилмоқда.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг сув хўжалигини модернизация қилиш, рақамлаштириш ва сув тежамкор технологияларни кенг жорий этишга қаратилган фармон ва қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга хизмат қилади. Хусусан:
- суғориш тизимларини рақамлаштириш ва модернизация қилиш;
- сув ресурсларидан самарали ва тежамкор фойдаланиш;
- сунъий интеллект асосида бошқарувни такомиллаштириш;
- иқлим ўзгаришига мослашув ва сув барқарорлигини таъминлаш;
- илмий-инновацион ҳамкорлик ва технологиялар трансферини ривожлантириш каби устувор йўналишлар қамраб олинган.
Мазкур лойиҳа “Бир макон – бир йўл” ташаббуси доирасида амалга оширилаятган бўлиб, Марказий Осиёда минтақаси бўйича биринчи “магистрал каналлар-суғориш тизимлари-сув тежовчи технологиялар ва рақамли мониторинг”ни комплекс бошқаришга қаратилган илк йирик амалий ва инвестицион лойиҳалардан бири ҳисобланади.
Лойиҳа натижасида суғориш тизимларининг рақамли трансформацияси ва интеллектуал бошқарув даражаси оширилиб, сув ресурсларидан самарали ва тежамкор фойдаланиш, сув тақсимотини оптималлаштириш ҳамда иқлим ўзгариши шароитида барқарор сув бошқарувини таъминлашга эришилади. Шу билан бирга, мазкур ташаббус Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга хизмат қилувчи муҳим инновацион модель сифатида аҳамият касб этмоқда.
Ҳусен Ғаффоров,
Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири




