ДАРЁ КАБИ МАВЖЛАНИБ ОҚҚАН УМРЛАР
2026-05-08 10:30:00 / Янгиликлар

Элнинг дуосини олганлар асло кам бўлмайди. Миробликдан етишиб чиқиб, юрт хизматида юқори мартабаларга эришган, ҳурмат эътиборга сазовор бўлганлар замондошларимиз орасида ҳам бисёр. Улар ҳақида том-том китоб ёзсак озлик қилади.
Мамлакатимиз сув хўжалиги соҳаси ривожига ҳисса қўшган устозларнинг барчасига бош эгиб, таъзим қилган ҳолда, бугун улардан икки нафарини ёдга олмоқчимиз.
Ўтган асрнинг 70–80 йилларидан буён Ўзбекистонда барпо этилган йирик ирригация ва мелиорация иншоотлари, ўзлаштирилган массивларнинг барчасида Исмоил Ҳакимович Жўрабековнинг фаол иштироки ва муносиб ҳиссаси бўлиб, бу иншоотлардан ҳозиргача фойдаланиб келмоқдамиз.
Хусусан, Мирзачўл, Жиззах, Қоровулбозор, Қарши, Бўз-Ёзёвон, Сурхон-Шеробод, Шўманай ва Элликқалъа чўлларининг ўзлаштирилиши, Каттақўрғон, Оҳангарон, Тозакўл, Туямўйин, Чорвоқ, Андижон, Талимаржон сув омборларининг бунёд этилиши, Қарши насос станцияси, Жанубий Мирзачўл, Қарши магистрал, Аму-Бухоро машина каналлари қурилишида, Катта Фарғона канали, Оқ-Қорадарё гидроузели бошқарувининг автоматлаштирилишида Исмоил Ҳакимовичнинг хизматлари беқиёс.
У қанчадан-қанча ҳудудларга обиҳаёт олиб борди, ерларни яшнатди, шу билан бирга, ирригация ва мелиорация соҳасини ривожлантирмасдан туриб, қишлоқ хўжалигида муваффақият қозониб бўлмаслигини амалда исботлади. Қачон, қаерда бўлмасин ҳамиша деҳқону миришкорларни қўллаб-қувватлади ва уларга беғараз кўмакчи бўлди.
Ўз даврида Ўзбекистон Республикаси Мелиорация ва сув хўжалиги вазири, Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Президентнинг давлат маслаҳатчиси лавозимларида самарали фаолият кўрсатди.
Исмоил Ҳакимович нафақат сув хўжалиги, балки ишлаб чиқариш, ижтимоий, барча соҳалар бўйича ҳам улкан ишларни амалга оширганки, бу инсоннинг юрт олдидаги хизматларини кичик бир мақолага сиғдириб бўлмайди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2018 йилда Сув хўжалиги вазирлиги янгидан ташкил этилди. Вазир маслаҳатчиси сифатида Исмоил Ҳакимовичнинг кўп ташаббуслари ва армонлари рўёбга чиқди.
Ҳар йили вегетация мавсуми якунлаганидан сўнг вилоятлар сув хўжалиги бошқармаси бошлиғидан тортиб, насос станциялари бошқармаси ва қуйи ташкилотлар бошлиқлари, сув тежовчи технологиялар бўйича мутахассислар ҳамда гидрометрларгача ўқитилиб, малакаси оширилмоқда.
Зомин тумани Даштобод шаҳарчаси яқинидаги Қоратепа қишлоғида, муаллим оиласида дунёга келган, татар миллатига мансуб Рим Абдулович Гиниятуллин Ўзбекистон тарихининг муҳим саҳифаларида ўз изини қолдирди.
Мамлакатимиз сув хўжалиги соҳасини ривожлантириш, йирик гидротехник иншоотлар ва насос станцияларини барпо этиш, Қарши чўли, Мирзачўлни ўзлаштиришдек жуда кўп ишларда беқиёс ҳисса қўшди.
У Ўзбекистон Республикаси Мелиорация ва сув хўжалиги вазири этиб тайинланганида Совет иттифоқи парчаланиш арафасида турган, минтақада сув муаммоси тобора кескинлашаётган давр эди.
Рим Абдулович мустақилликка эришганимиздан сўнг Марказий Осиё республикалари билан сув муносабатларини тартибга солиш, Орол фожеаси оқибатларини юмшатиш ва Орол бўйи минтақаси аҳолисига ёрдам бериш, сувдан оқилона фойдаланиш бўйича самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқишда фаоллик кўрсатди.
Рим Абдулович Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари лавозимида халқимизга хизмат қилди. Умрининг энг муҳим қисмини Орол денгизи муаммосига бағишлади. 1997 йилдан 2007 йилгача – тўлиқ ўн йил Оролни қутқариш халқаро жамғармасида: аввал ижроия қўмитаси раиси, сўнгра Оролни қутқариш халқаро жамғармаси GEF агентлиги бошлиғи сифатида фаолият кўрсатди.
Айнан у биринчилардан бўлиб “Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзаларида кичик сув омборлари яратиш, Орол тубининг қуриган қисмида қудуқ бурғилаш ва шўр ҳамда қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар экиш концепциясини илгари сурди.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида бу масалалар ечимини топмоқда.
Исмоил Жўрабековнинг ҳам, Рим Гиниятуллиннинг ҳам ҳаёт йўллари бошқа-бошқа. Исмоил Ҳакимович 1931 йилда туғилган, 94 йил умр кўрди, Рим Абдулович 1943 йилда туғилган, 83 йил яшади. Бироқ, иккаласининг ҳаётида туташ нуқталар бор.
Мисол учун, иккаласи ҳам сентябрь ойида туғилган. Иккаласи ҳам Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институтини (ҳозирги “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети)ни муҳандис-гидротехник йўналиши бўйича тугатган.
Исмоил Жўрабеков 1976–1985 йилларда, Рим Гиниятуллин эса 1989–1996 йилларда Ўзбекистон Республикаси Мелиорация ва сув хўжалиги вазири бўлган.
Исмоил Ҳакимович 1985–1998 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатди.
Рим Абдулович 1996–1997 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари бўлган.
Ҳар иккаласи ҳам сув илмининг етук билимдони, қатъиятли раҳбар ва бағрикенг устоз, барча сувчилар учун ҳақиқий ибрат намунаси эди.
Улар китоб ўқишни севимли машғулот деб биларди.
Иккаласи ҳам “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор” фахрий унвонига эга бўлган.
Иккаласи ҳам улуғ ёшларга етди.
Энг муҳими, Исмоил Жўрабеков ҳам, Рим Гиниятуллин ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан иззат, эътибор кўрди.
Улар сув хўжалигидаги ҳар бир янгилик, соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, Президентимизнинг ташаббуслари билан бўлаётган ўзгаришлардан хабардор бўлиб турар, менга боғланиб фикрини, муносабатини билдирар эди. Иккаласи ҳам умрининг сўнгига қадар сув хўжалиги ходимларидан, шогирдларидан маслаҳатларини, ўгитларини аямади. Таклиф этган пайтларимизда тадбирларимизда қатнашиб, давраларнинг тўрида файз бериб турди.
Охирги бир йил ичида мамлакатимиз сув хўжалиги соҳаси икки марта оғир жудоликка учради. Дастлаб Исмоил Ҳакимович, яқинда эса Рим Абдулович бу дунёни тарк этди.
Иккаласи ҳам ҳаётлик пайтларида жўшқин дарё каби мавжланиб оқди. Ўзидан ўчмас из қолдирди.
Уларнинг хотираси қалбимизда мангу яшайди.
Охиратлари обод бўлсин.
Шавкат Хамраев,
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири


