СУВНИНГ ҲАМ ТАРОЗИСИ БОР
2026-05-02 11:40:00 / Янгиликлар

– Бугун ҳар бир мисқол сув ҳисоб-китобли, – дейди қўштепалик тажрибали сувчи Рўзибой Норимов. – Боиси қишлоқ хўжалигида бу неъмат ҳаёт-мамот масаласига айланди. Энди ҳар бир томчи сувнинг тарозиси бор. Унинг бир ҳовучини ҳам исроф қилиб бўлмайди. Сувчилар мактаби фаолияти бу борада бизга тажриба ва маҳорат кўникмаларини ўргатади.
Қўштепа тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси мутахассиси Диёрбек Муҳаммаджоновнинг маълум қилишича, бу йил туманда 600 гектар ерда томчилатиб ва 230 гектарда ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий этиш учун амалий ишларга киришилди. Шу мақсадда тумандаги 11 та фермер хўжалигига 7 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди. Шунингдек, фаолиятида бу каби янгиликлар жорий этаётган фермер ва деҳқон хўжаликларига субсидиялар бериш ҳам кўзда тутилган.
Табиийки, бундай эътибор ва рағбат, замонавий ёндашувлар туманда сув сарфини салмоқли даражада тежаш ва сувчилар ишини енгиллаштириш имконини бераётир. Вилоятимиз миқёсида эса сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш орқали экин майдонларида самарадорликни ошириш, ҳосилдорликни кўпайтириш ҳамда сув танқислиги муаммосини юмшатишда қувонарли ютуқларга эришилмоқда.
Ўтган йил якунларига кўра, вилоятда 81 минг гектар ерда сув тежовчи технологиялар жорий этилган бўлса, бу йил ушбу кўрсаткич қарийб 41 минг гектарни ташкил этиши кўзда тутилган. Яқинда Ёзёвон туманида жойлашган “Мезон” фермер хўжалигида тажриба тариқасида вилоятда илк бор рақамли сув назорати йўлга қўйилди.
– Қишлоқ хўжалигида сув танқислиги тобора долзарб масалага айланаётган бугунги шароитда ҳар бир томчи сувнинг қадри ошмоқда, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Воҳиджон Обидов. – Ақлли сув ўлчаш қурилмаси оби ҳаёт сарфини онлайн тарзда ўлчаш ва марказлашган тизимга интеграция қилиш имконини беради. Натижада ҳар бир томчи сув тўлиқ назорат қилинади ва исроф бўлмайди. Энг асосийси, тизим инсон омилини қисқартириб, ҳисоб-китобларда шаффофликни таъминлайди.
Ёзёвонлик тажрибали сувчиларнинг қайд этишича, авваллари сув сарфи кўп ҳолларда журнал орқали назорат қилинган бўлса, эндиликда рақамли технологиялар ёрдамида ҳар бир гектар ерга сарфланаётган сув миқдори аниқ кўрсаткичлар асосида баҳоланмоқда. Бу эса фермер хўжаликларига режалаштиришни тўғри йўлга қўйиш, ортиқча сарф-харажатларни қисқартириш имконини бераётгани билан аҳамиятли.
Янги тизим орқали сув таъминоти бўйича доимий мониторинг амалга оширилиб, ҳар қандай носозлик ёки йўқотишлар тезкор аниқланади. Натижада сув тақсимоти самарадорлиги ошиб, ерларнинг суғорилишида барқарорлик таъминланади.
Айтиш жоиз, замонавий ёндашувлар туфайли мазкур фермер хўжалигида сўнгги йилларда 115 гектар ерда хориж тажрибаси асосида пахта етиштирилиб, ҳар гектар ердан 60 центнердан зиёд ҳосил олишга муваффақ бўлиняпти. Айни пайтда фермер хўжалигининг пахта ва ғаллачиликдаги бу каби илғор тажрибаси вилоятимиз миқёсида кенг оммалаштирилмоқда.
2025 йили Ўзбекистон туманида ҳам 1066 гектар майдонда томчилатиб, 447 гектарда ёмғирлатиб суғориш тизими йўлга қўйилди. Мисол учун, “XXI аср хирмони” фермер хўжалигида 36,2 гектар ерда сув тежовчи технологиялар жорий этилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 608 миллион сўм бўлиб, унинг самараси сифатида дала ҳудудида махсус сув ҳавзаси, замонавий насос ускунаси ҳамда 35 кВт қувватга эга қуёш панели ўрнатилди. Бу электр энергияси харажатларини камайтириш билан бирга, суғориш жараёни узлуксизлигини таъминлаяпти.
Фермер хўжалиги сувчилари Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфидаги сувчилар мактабида доимий равишда билим ва амалий кўникмасини ошириб, замон билан ҳамнафас бўлиб ишлашга интилмоқда.
Хўш, янгича ёндашувларнинг афзаллиги нимада? Афзаллиги шундаки, сувчилар аввалгидек тиззагача лой кечиб, қоронғуда эгат оралаб юрмайди. Анъанавий усулда суғоришда бўлганидек, сув кўп сарфланиб, баъзи жойларга етиб бормай қолиши кузатилмайди. Нафақат сув тежалади, балки ҳар бир ниҳол ўз вақтида ва меъёрида намланиши таъминланади. Ҳосилдорлик сезиларли даражада ошиши ва электр харажатлари камайиб бораётгани янгича ёндашувнинг яна бир ютуғидир.
Хулоса ўрнида айтганда, эндиликда сувчиликда ҳам илм-фан, инновация керак. Бу айни ҳаётий ҳақиқат, десак, тўғри бўлади.
Сирдарё-Сўх ИТҲБ матбуот хизмати.



