НАСОС СТАНЦИЯЛАРДА НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИШ КЕРАК?
2026-04-24 10:50:00 / Янгиликлар

Республикада қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасининг барқарор ривожланиши, ирригация ва мелиорация тизимларининг самарали фаолият юритиши бевосита сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш билан чамбарчас боғлиқдир. Мамлакатимиз суғориладиган майдонларининг катта қисми насос станциялари ва турли қувватдаги насос агрегатлари орқали сув билан таъминланади. Шу боис, насос агрегатларининг техник ҳолати, уларнинг хизмат кўрсатиш даври ва самарадорлиги сув чиқариш меъёрларини тўғри аниқлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Амалдаги шароитларда кўплаб насос станцияларида агрегатларнинг эксплуатация муддати белгиланган даврдан ошиб кетган, бу эса сув чиқариш жараёнида қўшимча энергия сарфи, сув тақсимотида номутаносиблик ва техник ишончлиликнинг пасайишига олиб келмоқда. Шу билан бирга, мавжуд насос агрегатларининг самарадорлигини баҳолаш ва уларнинг хизмат кўрсатиш даври асосида сув чиқариш меъёрларини белгилаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2026 йил 20 февралдаги 05/23-277-сонли топшириғига асосан 23 апрель куни Бухоро вилояти Жондор 3-кўтарма насос станциясида ўрганиш олиб борилди.
Ушбу насос станциясини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга бериш кўзда тутилаётган бўлиб, мутахассислар иштирокида насос агрегатларини ишлаб чиқарган завод томонидан берилган тавсифномадаги ва амалдаги сув чиқариш қобилияти, сув кўтариш баландлиги ва бирлик сув сарфига тўғри келадиган электр энергия сарфлари бўйича ўлчов тадқиқотлари олиб борилди ва насос станциясида илмий ва амалий семинар ўтказилди.
Семинарда насосларнинг ФИК ва энергия тежамкорлигини ошириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Қатнашчиларга ҳар бир насосга босимни доимий назорат қилиб туриш учун босим ўлчовчи вакуумметр ва манометр ўрнатиш, насос станциясининг насослар иш режимини масофадан Online кузатиш ва созлаш имконини берувчи электрон қурилма билан жиҳозлаш, ҳар бир насосга унинг иш режимини (сув сарфини ва босимли қувурдаги босим)ни бошқариш учун ишлатиладиган инвертор ўрнатиш, насос станцияси ҳудудида қуёш панелларини ўрнатиш ва шу йўл билан давлатдан сотиб олинадиган электр энергия сарфини камайтириш, насоснинг сув сарфини ўлчаб турувчи “Улътратовушли сарф ўлчовчи қурилма” ни тарировка қилиш, мавжуд насосни янги энергия тежамкор насос билан алмаштириш, насос станциясининг мунтазам ишлаши учун қўшимча заҳира насосини ўрнатиш қоидалари бўйича маьрузалар қилинди.
Шуҳрат Шодиев,
Ирригaция ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг Бухоро минтақавий маркази директори

