ВАТАН ОБОДЛИГИ СУВГА ЭЪТИБОРДАН БОШЛАНАДИ
2026-04-18 17:30:00 / Янгиликлар

Миллий мустақиллигимиз мард ва матонатли халқимизнинг қатъий иродаси, истиқлол йўлида курашган фидойи аждодларимиз орзу-умидларининг рўёби бўлиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу ишларимизнинг мустаҳкам асоси, келажак авлодларимиз учун безавол етказишимиз шарт бўлган буюк ва муқаддас қадриятдир.
Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғоя асосида Янги Ўзбекистоннинг бугунги улкан салоҳияти ва жаҳон майдонидаги нуфузига мувофиқ юксак даражада, муносиб нишонланади.
Барча соҳалар қаторида мамлакатимиз сув хўжалиги ходимлари ҳам байрамга қизғин тайёргарлик кўришмоқда.
Яшиллик, ободлик, иқтисодий ривожланиш, аҳоли фаровонлиги сув таъминотига ҳам боғлиқ.
Савобли касб эгалари бўлган сувчилар шуни қалбдан ҳис этган ҳолда фидойилик билан меҳнат қилишмоқда.
Бугун Сув хўжалиги вазирлигининг навбатдаги ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ҳайъат аъзолари, вазир ўринбосарлари, вазирлик марказий аппарати бошқарма ва бўлим, тизим ташкилотлари бошлиқлари, онлайн тарзда Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазири, вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси раҳбарлари, ҳудудлардаги сув хўжалиги ташкилотлари бошлиқлари ва мутахассислари иштирок этди.
Ҳайъат йиғилишини Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев бошқарди.
Йиғилишда вазирлик тизимида 2026 йилнинг биринчи чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш якунлари, жорий йилга белгиланган мақсадли кўрсаткичларнинг ижроси муҳокама қилинди.
Рақамлаштириш, насос станцияларини ДХШ тамойиллари асосида тадбиркорлик субъектларига фойдаланишга бериш, янги насос ва энергия тежамкор электродвигателларни харид қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, балиқчиликни ривожлантириш, сувни тежайдиган технологиялар қамровини кенгайтириш, канал ва хўжалик ички суғориш тармоқларини бетоншлаштиришни давом эттириш масалаларига эътибор қаратилди.
Қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг барча тармоқларига, томорқаларга сувни лимит асосида белгиланган муддатларда етказиб бериш, бу йилги суғориш мавсумини муваффақиятли ўтказиш бўйича топшириқлар берилди.
Вазир ҳар бир раҳбар ва мутахассис берилаётган топшириқлар ижросига масъулият билан ёндашиши, сувнинг ҳисобини аниқлик билан юритиш, маҳаллага тушиб, фермерлар, деҳқонлар, халқнинг розилигини олиш зарурлигини таъкидлади.
Ҳайъат йиғилишида вазир ўринбосарлари, тизим ташкилотлари, ҳудудий бошқармалар раҳбарларининг фикр-мулоҳазалари, кун тартибидаги масалаларга муносабати тингланди.
Йиғилиш баёнида белгиланган топшириқлар қай даражада бажарилганини май ойининг биринчи беш кунлигида муҳокама қилишга келишиб олинди.
Ахборот хизмати




