СУРХОНДАРЁДА СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ИШЛАРИ НЕГА ЧЎЗИЛАЯПТИ?
2024-07-03 16:30:00 / Янгиликлар

Йиғилишни бошқарган Аму-Сурхон ИТҲБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Н.Худойберганов ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги вакили Ҳ.Йўлдошевлар сув тежовчи технологиялар ўрнатилишини назорат қилувчи давлат муассасалари ва иш бажарувчи пудратчи корхоналар раҳбарларидан қилинган ва қилинаётган ишлар ҳисобини сўраб, нима сабабдан ҳозиргача фермер хўжаликлари ҳамда кластер ташкилотларига қарашли далаларда шартнома бўйича сув тежовчи технологияларни ўрнатиш якунланмаганлигини танқидий ҳамда таҳлилий муҳокама қилдилар.
Маълумотларга қараганда апрель ойи бошида банклардан «Suvkredit.uz» электрон платформаси орқали вилоятдаги фермер хўжаликлари ҳамда кластер ташкилотлари экин майдонларида тежамкор технологияларни жорий қилиш учун 82 миллиард сўм молиялаштирилган. Ҳисоботларда ушбу маблағ ҳисобига вилоят бўйича 3278 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни ўрнатиш юзасидан қурилиш ишлари бошлангани қайд қилинган.
Июль ойининг дастлабки кунига қадар фақатгина 868 гектар майдонда тежовчи технологиялар тўлиқ ишга туширилган. Бироқ деҳқонларнинг даласига технологияларни ўрнатишни зиммасига олиб, кластер ва фермер хўжаликлари билан шартнома тузган «Eko polimer comfort», «Omad start», «Aqilli sera», «Infinty construction», «Murad neo drip», «Industrial kluster servise» каби МЧЖлар қурувчилари томонидан ҳар хил важ ва омилларга кўра, қурилиш-монтаж ишлари беҳад чўзилаётгани танқид қилинди.
Сўзга чиққан мутахассисларнинг фикр-мулоҳазаларидан аён бўлишича, пудратчи ташкилотлар қурувчилари аввало талабгор фермер ёки кластер ташкилоти билан икки томонлама шартномани белгиланган тартибларга асосан расмийлаштирмаган, ҳатто айрим фермер хўжаликлари раҳбарлари даласига қайси пудратчи корхона хизмат кўрсатишидан тўлиқ хабардор эмас. Боз устига пудратчилар ҳар бир контурдаги далада сув тежовчи технологияларни ўрнатиш учун тўлиқ ишчи лойиҳа тузмаган ва таваккалига технологияларни қуришни бошлаб юборган.
Оқибатда бугунги кунга келиб фермернинг пахтазорида неча километр олисдан электр энергияси тортиш, баъзи сув таъминоти оғир ерларга артезиан қудуғи қазиб сув чиқариш, бир фермернинг даласидан иккинчи фермернинг даласи орқали электр линияси тортиб ўтиш каби ҳар хил сабаблар кўндаланг бўлиб, технологияни ўрнатиш ишлари ҳаддан зиёд чўзилмоқда. Айрим пудрат корхоналари белгиланган 45 кунлик муддатда қурилиш-монтаж ишларини якунламагани ва баъзи далаларда уч ойдан бери технологияларни ўрнатиш давом этаётгани оқибатида фермер ёки кластер деҳқонлари томчилатиб суғоришдан умидларини узиб экин майдонларини одатдаги усулда суғоришга мажбур бўлмоқда.
Йиғилишда таъкидланганидек, айрим фермерлар йил бошида кредит олиб, ер майдонига томчилатиб ёки ёмғирлатиб суғориш технологиясини ўрнатишга хоҳиш билдирган ва «Suvkredit.uz» платформаси орқали банкдан кредит олганига қарамай июль ойига келиб, пахтазори ёки бошқа экин майдонига тежамкор технологияларни ўрнатишни хоҳламаяпти. Бунга асосий сабаб-пудратчи корхона вакили улар билан шартномани расмийлаштираётганда аниқ келишувга эришмагани ёки бўлмаса, ишни чўзиб юборгани боис ишончни йўқотганликлари туфайли ҳавасманд фермер йилнинг ўртасига келиб технологиядан воз кечиш талабини қўймоқда.
Пудратчи корхоналар раҳбару мутахассислари эса хоҳиш билдирмаётган фермернингми, кластернингми, банкдан чиқарилган маблағини қайтариб берамиз, деб вазиятдан қутулишни ўйлашаяпти. Йиғилиш жараёнида пудратчи корхона қурувчиларига банкдан ажратилган ўша маблағга технологияларни жорий этишлари шартлиги тушунтирилди.
Қисқаси, йиғилиш якунида пудратчи корхоналар вакилларига белгиланган майдонларга сув тежовчи технологияларни тўлиқ ўрнатиб бериш вазифаси юклатилди. Туманлар «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари раҳбару сув тежовчи технологияларни жорий этишга масъул мутахассисларга қурувчиларнинг кунлик ишини назорат қилиш ва якунланмай қолган далаларда сув тежовчи технологияларни тўлиқ ўрнатилишига эришиш топшириғи берилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати


