МИНТАҚАВИЙ ЭКОЛОГИК САММИТДА СУВ РЕСУРСЛАРИНИ БОШҚАРИШ МАСАЛАЛАРИ ҲАМ ЭЪТИБОР МАРКАЗИДА БЎЛАДИ
2026-04-16 17:25:00 / Янгиликлар

Айниқса, саммит кун тартибида сув ресурсларини бошқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, трансчегаравий сув ҳамкорлигини ривожлантириш, сув тақчиллиги шароитида ресурслардан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш, рақамли мониторинг ва ҳисобга олиш тизимларини кенгайтириш каби йўналишлар устувор аҳамият касб этади. Шунингдек, Орол денгизи ҳавзасидаги экологик вазиятни яхшилаш, сув-энергетика мувозанатини таъминлаш ҳамда иқлим ўзгаришининг сув ресурсларига таъсирини камайтиришга қаратилган амалий чора-тадбирлар муҳокама қилиниши назарда тутилган.
Саммит доирасида давлатлар раҳбарлари иштирокидаги пленар мажлис, вазирлар даражасидаги сессиялар, шу жумладан сув хўжалиги ва экология соҳаси раҳбарлари иштирокида алоҳида муҳокамалар, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар билан юқори даражадаги учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, “RES-2026 EXPO” халқаро кўргазмаси ташкил этилиб, унда сув ресурсларини бошқариш, сув тежаш, қайта фойдаланиш ва инновацион гидротехнологияларга оид илғор ечимлар намойиш этилади.
Мазкур саммит Марказий Осиёда сув ресурсларидан барқарор ва адолатли фойдаланиш, минтақавий келишувларни мустаҳкамлаш ҳамда сув дипломатиясини ривожлантиришда муҳим сиёсий ва амалий аҳамият касб этиши кутилмоқда.
Ахборот хизмати
