ЁШЛАР БИЛАН ФАХРЛАНАМИЗ
2026-04-09 11:55:00 / Янгиликлар

Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври.
Ёшлик – ўз сўзини айтиш, истеъдод ва қобилиятларни руёбга чиқариш орқали ўзини дунёга намоён қилиш имконияти.
Жорий йил 24 февраль куни «Кўксарой» қароргоҳида ёшлар билан мулоқоти чоғида Президентимиз «Юртимиздаги 22 миллиондан зиёд ёшларимиз тимсолида биз жуда катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий кучни кўрамиз», – дея таъкидладилар.
Мамлакатда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда «Ёшлар куни» ўтказилиши белгиланди.
Бугун Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев соҳа ёшлари билан учрашиб, улар билан мулоқот қилди.
9 апрель – Буюк саркарда, йирик давлат арбоби, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси, соҳибқирон Амир Темур туғилган кун. Бугун мамлакатимизда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Вазир учрашув аввалида Темур бобомизнинг қатъият, адолатпарварлик, илмга ҳурмат, интизом ва масъулият каби фазилатлари ҳар бир ёш учун ўзига хос ибрат мактаби эканлигини таъкидлади.
Шахмат бўйича 2026 йилги Номзодлар турнирида муваффақиятли қатнашаётган 20 ёшли Жавоҳир Синдоров, Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган ўзбекистонлик футболчилар, фан олимпиадаларида совриндор бўлаётган ёшларимиз намуна сифатида кўрсатилди.
Вазир сув хўжалиги ёшлари орасидан машҳур спортчилар, буюк ижодкорлар, олимпиадачилар, Нобел мукофоти совриндорлари етишиб чиқишини ният қилишини, буни чин юракдан исташини айтиб ўтди.
Ўз бизнесини бошламоқчи бўлган, илмга интилган, стартап лойиҳаларни илгари сураётган, касбий маҳоратини оширишга ҳаракат қилган, спорт турлари билан шуғулланмоқчи бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаб, барча шароитларни яратишга тайёр эканлигини билдирди.
Ёшларнинг таклифлари, ташаббуслари тингланди.
Учрашув якунида Вазир ёшларга қарата шундай фикрларни билдирди:
Сизлар билан фахрланамиз, ғурурланамиз. Барчангиздан катта-катта натижаларни кутиб қоламиз.
Ахборот хизмати






