МЎҒУЛИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ БИЛАН УЧРАШУВ
2026-04-06 16:55:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон ва Мўғулистон географик жиҳатдан узоқ жойлашган ва умумий чегараларга эга бўлмасада ўзаро алоқалар дипломатия, иқтисодиёт, транспорт, маданият ва гуманитар соҳаларда жадал ривожланмоқда. Хусусан, Тошкентда Мўғулистон элчихонасининг очилиши, ҳукуматлараро ва парламентлараро мулоқотнинг фаоллашгани, 14 та икки томонлама битимнинг имзоланиши ўзаро ишонч ва шерикликни чуқурлаштириш истаги кучайганидан далолат беради.
Ўтган йили Шавкат Мирзиёевнинг Улан-Баторга давлат ташрифи Ўзбекистон–Мўғулистон муносабатларида янги босқични бошлаб берди.
Ушбу ташриф мазмун-моҳиятига кўра тарихий воқеа, десак, муболаға бўлмайди. Нега деганда, икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилган ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида биринчи марта Ўзбекистон раҳбари Улан-Баторга давлат ташрифи билан борди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Зокир Ишпулатов иқлим ўзгариши таъсирига мослашиш, сувдан оқилона фойдаланиш, ирригация тармоқлари самарадорлигини ошириш икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари ҳисобланишини таъкидлаб ўтди. Меҳмонларга Ўзбекистон сув хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақида маълумот берилди.
Мўғулистоннинг иқлими иссиқ, қуруқ. Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларига ўхшаб кетади.
Мўғулистон Ҳукумат ишлари бошқармасининг ҳудудий бошқарув ва мувофиқлаштириш департаменти бошлиғи Пурев Зоригтбаатар Ўзбекистоннинг сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш бўйича тажрибасини ўрганиш, шу йўналишда ҳамкорлик қилиш ниятида эканликларини гапириб берди.
Ўзбекистонлик мутахассислар томонидан сув тежайдиган технологияларни жорий қилишнинг афзалликлари ва усуллари бўйича қўлланмалар ишлаб чиқилган бўлиб, мулоқот якунида уларни Мўғулистон томонига топшириш бўйича ҳужжат имзоланди.
Ахборот хизмати



