СОҲИБҚИРОН АМИР ТЕМУР ФАЗИЛАТЛАРИ
2026-04-04 12:35:00 / Янгиликлар

(4-мақола)
Амир Темур Баҳоуддин Нақшбандийнинг: «Кам егин, кам ухла, кам гапир» деган панду насиҳатларига амал қилган. Шунинг учун ҳам қўл остидагиларга қуйидаги фикрларни доимо такрорлаб келган: «Кам енглар - очарчилик кўрмасдан бой-бадавлат яшайсизлар, кам ухланглар - мукаммалликка эришасизлар, кам гапиринглар - доно бўласизлар».
Амир Темур мамлакатда вақти-вақти билан текшириш, тафтиш, сўроқ қилиш каби тадбирларни ўтказиб турган. Ўз амалини суиистеъмол, порахўрлик, доимий ичкилик қилганлар, маиший бузуқлик қилганлар қаттиқ жазоланган. Айниқса, Яздийнинг ёзишича, суиистеъмол қилганлар Амир Темур авлодидан бўлса ҳам муносиб жазосини олган.
Шарафуддин Али Яздийнинг қайд этишича, Амир Темурнинг характерли хусусиятлардан бири – мамлакат фуқароларига ғамхўрлиги эди. Унинг қоидаси “рости-русти” эди. Ҳақиқат – сиҳат саломатлик, ҳақиқат – тартиб, ҳақиқат – адолат демакдир деб тушунтиради, у.
Шарафиддин Али Яздий: “Соҳибқироннинг ҳиммати ул эрдиким, йўллар анинг айёми давлатида эмин бўлғай ва худо бандалари ҳар сориким борсалар, аларға ташвиш ва тараддуд бўлмағай, фароғат била бориб келғайлар. Мунга кўб саъй қилур эрди...”
Амир Темур аскарларини довюрак бўлишга, юмшоқ муомалали ва адолатли бўлишга, бечораларга хайру эҳсон кўрсатиш, бошга оғир кунлар тушганда ёрдам қўлини чўзишга ундаган.
Амир Темур даврида савдо йўллари тинчлигига, диний илмлар ва дунёвий фанлар ривожига, фақир ва мискинларни ранжитмасликка катта аҳамият берди. Соҳибқирон қалтис вазиятларда ҳеч қачон ўзини йўқотмаган, энг оғир ҳолатдан тадбиркор билан чиқиб кетган.
Гулзода Хуррамова,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ 2-сон Тошкент академик лицейи ўқитувчиси
