СОҲИБҚИРОН АМИР ТЕМУР ФАЗИЛАТЛАРИ
2026-04-04 12:30:00 / Янгиликлар

(3-мақола)
Амир Темирнинг яна бир фазилати устозларни ҳурмат қилиши ва улардан маслаҳат олишидир. Чунки устозларни ҳурмат қилиш азал-азалдан бизларга мерос бўлиб келган тушунчадир. Соҳибқирон устоз ҳурмати, устоз хизматига катта эътибор берган. Ўз навбатида устозлардан фойдали маслаҳатлар олган.
Мир Саййид Барака Амир Темурнинг пирлари ичида энг машҳури. У ҳар доим: жангларда ҳам, машваратларда ҳам, базму байрамларда ҳам Амир Темурнинг ёнида бўлган. Унга ҳар бир ишнинг шариатга мувофиқ ёки номувофиқлиги ҳақида айтиб турган. Амир Темурнинг ҳар бир ишида дуолар қилиб, унга зафар тилаган. Ибн Арабшоҳнинг “Амир Темур тарихида тақдир ажойиботлари” китобида келтирилишича, Амир Темурнинг қўшинлари Тўхтамишхон билан Туркистон атрофида бўлган жангда енгила бошлаган пайтда устози Сайид Барака маънавий, руҳий ёрдамга келди. Сайид Барака отдан тушиб, бир сиқим тупроқни ердан олиб душман томонга сепиб, “ёғи қочди” деб бақира бошлади. Унга Амир Темурнинг барча аскарлари қўшилиб баланд овоз бақиришиб, душманга ҳужумга ўтишди ва уларни шу тариқа енгишди.
Амир Темур душманни тор-мор этишда қўшиннинг сонига эмас, балки жанг қилиш услубларига алоҳида эътибор берган. Кам сонли қўшин билан душманнинг йирик сонли қўшинини енга олган. Масалан, 1360 йилларнинг бошида Темур ўзининг ҳали унча катта бўлмаган қўшини билан мўғулларнинг кўп сонли лашкарини мағлуб этган. Манбаларда келтирилишича, “Жетилар Темурни тор-мор этиш учун унинг қўшинига қараганда бир неча марта каттароқ лашкар жўнатишибди. Ана шунда Амир Темур душманнинг орт томонига абжир йигитлардан бир қисмини юборибди ва уларга барча тепаликларда гулханлар ёқишни буюрибди. Жетилар, бизни қуршаб олишибди, деган хаёлга бориб, қоча бошлабди. Шундан сўнг Амир Темур икки юз чоғли суворийлари билан ўзининг она юрти – Қашқадарё сари от сурибди. Отларнинг биқинига эса у барглари тўкилмаган шохларни боғлашни буюрган экан. Осмони фалакка кўтарилган чанг-тўзон душманга жуда катта лашкар бостириб келаётгандек бўлиб кўринибди. Шундай сўнг жетилар тум-тарақай бўлиб қочишибди”.
Гулзода Хуррамова,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ 2-сон Тошкент академик лицейи ўқитувчиси
