БИЗ ЁШЛАРГА ИШОНАМИЗ, ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАЙМИЗ ВА УЛАРГА СУЯНАМИЗ
2024-06-25 12:40:00 / Янгиликлар

Ирригация ва сув муаммолари илмий тадқиқот институти
3-босқич таянч докторанти Қувончбек Эшқувватов сув омборларини тўлдирувчи манбалар, дарё ўзанларида кечадиган жараёнларни моделлаштириш таклифини билдирди.
Қувончбек “Сув омборларининг қирғоқ эрозияси ва қайта шаклланиши мониторинггини олиб бориш” мавзусида докторлик диссертациясини ёзган, яқинда ҳимояга чиқади.
Интеллектуал мулк агентлигидан 3 та муаллифлик гувоҳномаси олинган.
“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети докторанти Сарвар Мелиқўзиев жорий йил 7 июнь куни диссертация ҳимоя қилган. У 2023 йилда сув хўжалиги соҳасидаги инновацион ишланмалар йўналишидаги ишлари учун “Мард ўғлон” давлат мукофотига сазовор бўлган.
Сарвар Мелиқўзиев Марказий Осиё давлатлари сув хўжалиги ходимлари ва соҳа олий ўқув юртлари талабалари, тадқиқотчилари учун тажриба алмашиш дастурини йўлга қўйиш ташаббуси билан чиқди.
Бухоро вилояти Мелиоратив экспедициянинг бўлим бошлиғи Зуҳро Жумаева “Гидрометр аёллар” клубини тузишни таклиф этди.
Шу ва шу каби билдирилган таклифларнинг барчаси қабул қилинди.
Учрашувда Вазир “Биз ёшларга ишонамиз, қўллаб-қувватлаймиз ва уларга суянамиз” дея таъкидлади.
Ҳар йили сув хўжалиги ташкилотларига 500 нафарга яқин ёшларни ишга олиш ҳисобига сўнгги йилларда таркиб анча ёшариб, раҳбар лавозимдагилар орасида ҳам ёшларнинг салмоғи ортиб бормоқда.
Бугунги кунда вазирлик тизимида 33 минг нафардан зиёд ходим фаолият юритаётган бўлиб, шундан қарийб 4 200 нафари ёшлар. Улардан 2 033 нафари олий маълумотли.
Ёшлар орасида раҳбар лавозимларда ишлаётганлар сони 238 нафарга етди.
2024 йил бошидан буён 350 нафардан ортиқ олий маълумотли мутахассислар тизим ташкилотларига ишга қабул қилинди. Ушбу кўрсаткични йил охирига қадар 700 нафарга етказиш, келгуси йилда эса 3 минг нафардан ошириш режалаштирилган.
Учрашувда ёш раҳбарлардан Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, “Сув хўжалиги аълочиси” кўкрак нишони соҳиби Арслон Мустақов, вазирликнинг Сувни тежайдиган, илмий ва инновацион технологияларни жорий қилиш бошқармаси бошлиғи Дауранбек Кдирбаев сўз олиб, ёшларга яратилган имкониятлар ҳақида ҳаяжон билан гапирди.
Вазир билан учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ирригация тизимларидан 3 нафардан, вазирлик марказий аппарати, республикаси тизим ташкилотларидан, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети талабаларидан иборат 200 нафардан зиёд ёшлар қатнашди. Шунингдек, ҳудудий ташкилотлардаги яна 400 га яқин ёшлар видеоселектор орқали иштирок этди.
Ёшлар билан мулоқотда ташкилий масала кўрилди. Вазирнинг ёшлар сиёсати бўйича маслаҳатчиси, ёшларнинг етакчилигига Сув ресурслари ва сувдан фойдаланиш бўлими етакчи мутахассиси Турсуналиев Асилбек Муродали ўғли сайланди.
Асилбек 1996 йилда Сирдарё вилояти Ховос туманида туғилган. 2019 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаган.
2019-2022 йилларда вазирликнинг Марказий диспетчерлик, коммуникация ва кадастр хизматида 1-тоифали муҳандис алоқачи, Гидрометрия ва сув омборларида сув ресурслари мониторинги бўлими етакчи мутахассиси бўлиб ишлаган.
2022-2023 йилларда вазирликнинг Сув ресурслари ва сувдан фойдаланиш бўлими бош мутахассиси сифатида фаолият кўрсатган.
Ҳозирда вазирликнинг юраги бўлган, энг асосий бўлимлардан бири – Сув ресурслари ва сувдан фойдаланиш бўлими етакчи мутахассиси. Сувнинг балансини юритиш, ҳисоб-китобини олиб бориш бўйича ўта масъулиятли ишларни бажариб келмоқда.
Асилбек бутун тизимдаги ёшларни бирлаштириб, уларга қанот бўлишига ишонч билдирилди.
30 июнь – “Ёшлар куни”. Мулоқот ана шу сана арафасида ўтказилди.
Сув хўжалиги вазири тизимда меҳнат қилаётган ёшларни, сув хўжалиги соҳасида ўқиётган талабаларни, коллежларимиз ўқувчиларини “Ёшлар куни” билан самимий табриклади.
Ахборот хизмати


