ВАЗИР ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ
2026-03-12 18:20:00 / Янгиликлар

Талабалар, тадқиқотчилар, яқинда олий ўқув юртини тамомлаб келиб ишлаётган ёш ходимлар.
Келажакда улар орасидан олимлар, тадбиркорлар, етук мутахассислар, машҳур инсонлар етишиб чиқади.
Юртимизда ёшлар учун имконият эшиклари очиқ.
Вазир учрашув аввалида Президентимизнинг “Менинг ниятим – ёшларимиз талаб юқори бўлган касблар бўйича дунёда рақобатдош бўлсин, керак бўлса, бошқалардан бир поғона устун турсин”, деган фикрларини келтириб ўтди.
Таъкидландики, Давлатимиз раҳбари ҳар доим ёшларга алоҳида эътибор қаратадилар. Ёшлар сиёсати давлатимизнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Жорий йилнинг 24 февраль куни Кўксарой қароргоҳида Президентнинг ёшлар билан мулоқоти, унда белгиланган вазифалар бунинг амалий тасдиғидир.
Юртимиздаги 22 миллиондан зиёд ёшларимиз жуда катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч. Улар орасида 6 минг нафардан ортиқ сувчи ёшлар ҳам бор.
Вазирлик тизимида ёшларга эътибор, уларни қўллаб-қувватлаш, ҳар йили 500 нафардан зиёди ишга олинаётгани ҳисобига охирги 3 йилда ёш ходимлар сони 1 минг 330 нафарга ортди.
Ёш ходимларнинг 3 677 нафари ёки 61 фоизи олий маълумотли. Улардан 315 нафари раҳбарлик лавозимларида, 196 нафардан ортиғи бўлим бошлиғи лавозимида фаолият олиб бормоқда.
Вазир сувчи ёшларни фақат соҳадаги меҳнат билан чекланиб қолмасдан, фан олимпиадалари, спорт мусобақаларида қатнашиб, ғолиб бўлиш, “Ёшлар бизнеси”, “Келажакка қадам” дастурлари каби лойиҳаларда иштирок этиб, йирик тадбиркорга айланиш, китобхонлик, маънавият бўйича танловларда юқори ўринларни олишга даъват этди.
Сувчи ёшлардан ким агар илм қилишни, тил ўрганишни, спорт билан профессионал тарзда шуғулланишни истаса, уларга ҳамма шароитларни яратишга ваъда берди.
Учрашувда вазирлик тизимида ишлаб, “Эл-юрт умиди жамғармаси” танловида ғолиб бўлиб, ҳозирда АҚШнинг Техас қишлоқ хўжалиги ва механика университетида магистратура йўналишида ўқиётган Хушнудбек Шамсиддинов, "Ер кадастри асосида ҳудудларни комплекс ривожлантириш механизмларини такомиллаштириш” мавзусида – иқтисодиёт фанлари доктори (DSc) диссертациясини ҳимоя қилиб, вазирликнинг Гидротехника иншоотлари ва кадастрини юритиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаётган Бегенч Юнусов, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан фаол сувчи ёшлар, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари” миллий тадқиқот университети талабалари сўзга чиқди.
Вазир уларни тинглади. Стипендиантлар сонини кўпайтириш, PhD ҳимоя қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар, бошқа ташаббуслар маъқулланди.
Ҳафтанинг пайшанба куни барча ҳудудларда ёшлар билан тадбирлар ўтказиш, соҳада фаолият юритаётган ёшлар улушини 19 фоиздан йил якунига қадар 30 фоизга етказиш, ёшлар ўртасида интеллектуал ва спорт мусобақаларини йўлга қўйиш топшириқлари берилди.
Мулоқот чоғида вазир ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазири, вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари бошлиқларининг мулоҳазалари тингланди.
“Сув – зар, сувчи – заргар” деган нақл бор. Сувчини заргарга тенглаган халқимиз миробларни азалдан қадрлаган, уларга ҳамиша давранинг тўридан жой берган.
Мулоқотда иштирок этган ёшларнинг барчаси соҳанинг асл заргарига айланиши тўғрисида ниятлар, эзгу истаклар билдирилди.
Учрашув якунида шундай тилак айтилди: Ҳаёт йўлингиз равон ва порлоқ бўлсин, азиз сувчи ёшлар!
Ахборот хизмати






