ҚОЗОҒИСТОН ЭЛЧИСИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ
2026-03-12 17:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон ва Қозоғистон – энг яқин қўшни ҳамда иттифоқчи давлатлардир. Уларнинг муносабатлари умумий дўстлик ва яхши қўшничилик тамойиллари асосида қурилган.
Давлат раҳбарларининг ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлари туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик стратегик даражага кўтарилди.
Учрашувда Қозоғистон элчиси бугунги кунда дунёда сув ресурслари иқтисодиётга, энергетикага, экологияга, аҳоли фаровонлигига таъсир қилувчи муҳим омилга айланганини, том маънода, сув – ҳаёт манбаи эканлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Президентининг сув бўйича юргизаётган сиёсатини кузатиб боришини, 2028 йилга қадар 3,5 млн гектар ер майдонида замонавий тежамкор суғориш тизимларини ўрнатиш, ушбу технологиялар орқали йиллик сув тежаш ҳажмини 5 млрд куб метрга етказиш, 2026 йилнинг ўзида тижорат банклари томонидан 2,6 трлн сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратиш, давлат томонидан 800 млрд сўм субсидия йўналтириш каби амалий ташаббуслари нафақат мамлакат, балки бутун минтақа фаровонлиги учун хизмат қилишини айтиб ўтди.
Шу билан бирга, элчи жаноблари минтақанинг сув хўжалиги вазирлари тез-тез учрашиб, сув билан боғлиқ барча масалаларни очиқ, шаффоф, дўстона ҳал этиб келишини тилга олар экан, уларни минтақа давлатларининг энг фаол вазирлари дея эътироф этди.
Таъкидландики, 2025 йил 15 ноябрда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари трансчегаравий сув объектларидан биргаликда фойдаланиш ва уларни бошқариш тўғрисидаги Битимни имзолаган. Ушбу Битимни амалга ошириш учун зарур ички давлат тартиб-таомиллари мамлакатимиз томонидан якунланди. Шу мақсадда 2026 йил 6 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги
ПҚ-88-сон қарори қабул қилинди.
Битим икки давлат ўртасида сув ресурсларидан самарали ва барқарор фойдаланишни таъминлашга қаратилган амалий ҳамкорликнинг янги босқичини белгилайди. У трансчегаравий сув объектларини бошқаришда тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш, соҳавий идоралар ўртасидаги ўзаро муносабатларни такомиллаштириш ва икки давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши манфаатлари йўлида сув ресурсларидан фойдаланишни оптималлаштиришга қаратилган.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев “Биз Қозоғистон билан дўстона муносабатлардан фахрланамиз ва қадрлаймиз” дея таъкидлади.
Учрашувда 2026 йил 30 март куни Остона шаҳрида ўтказиладиган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси йиғилиши, 22–24 апрель кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Минтақавий экологик саммит, унинг доирасида ташкил этиладиган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари Кенгаши йиғилиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Ахборот хизмати





