СУВ ХЎЖАЛИГИДА ЯНГИ ЛОЙИҲА ИШГА ТУШИРИЛАДИ
2026-02-27 11:55:00 / Янгиликлар

Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Зокир Ишпулатов меҳмонларни ташрифи билан қутлади.
– Япония ҳукумати, БМТ Тараққиёт дастури билан яқин ҳамкорликда кўп йиллардан буён лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб келаяпмиз. Соҳани модернизация қилиш, янада ривожлантириш, кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича ишлар натижаларини берди, – деди З.Ишпулатов.
Учрашувда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимиз сув хўжалиги соҳасида сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг самараси ҳақида маълумот берилди.
Мулоқот чоғида “Оролбўйи минтақасида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш” лойиҳаси билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Лойиҳани амалга ошириш муддати 3 йил (2026–2029 йиллар) бўлиб, бюджети 4,6 млн. АҚШ долларини ташкил этади.
Япония ҳукумати лойиҳа донори ҳисобланади.
Ушбу лойиҳа Кегейли, Чимбой, Қораўзак ва Бўзатов туманларини қамраб олади. Оролбўйи ҳудудида сув ресурсларини бошқариш тизимларини трансформация қилиш, инфратузилмаларни ривожлантириш, рақамли инновацияларни жорий этиш ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни оширишга қаратилган.
Япония элчиси Хирата Кенжи Орол инқирози замонамиздаги энг йирик экологик фожеалардан бири эканлигини таъкидлади. Орол муаммоси минтақада яшовчи миллионлаб инсонлар ҳаётига таъсир кўрсатмоқда. Бу таъсир миллий чегаралардан ҳам ошиб ўтаяпти. Шу сабабли, Япония ҳукумати Ўзбекистоннинг дўсти сифатида ушбу масалада ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Янги лойиҳа мамлакатингизнинг сув хавфсизлигини таъминлаш, сувни шаффоф ва адолатли тақсимлашга қаратилган олдинги лойиҳаларимиз каби юқори натижаларни беришига ишонамиз, - деди элчи жаноблари.
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фудзии хоним сўзларига кўра, ушбу лойиҳа ўта муҳим вақтда амалга оширилаяпти. Чунки, Марказий Осиё минтақаси давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистон учун экологик ва сув билан боғлиқ муаммолар долзарб. Янги лойиҳа Оролбўйи ҳудудида фермерлар, деҳқонлар, аҳоли ҳаётини янада яхшилашга хизмат қилади. Лойиҳанинг ноёблиги, у интеграциялашган ёндашувларга асосланади. Юқорида таъкидланганидек, сувни шаффоф ва рақамли бошқаришга қаратилади.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида “Оролбўйи минтақасида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш” лойиҳаси ҳужжати имзоланди.
Ахборот хизмати



