РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-02-22 17:10:00 / Янгиликлар

Кармана тумани “Нарпай” ҳудудидаги “Кармана Назарбек” фермер хўжалиги пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган, ер майдони 41 гектар.
Фермер хўжалиги раҳбари Мавлуда Собирова 2026 йил 21 февраль куни “Kun.uz” сайти мухбирига берган интервьюсида 2025 йил суғориш мавсумида керакли муддатда ва миқдорда сув етказиб берилмаганлигидан шикоят қилган.
Ушбу мурожаат бўйича Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш олиб борилди.
Ўрганиш чоғида маълум бўлдики, тасдиқланган лимитга асосан Кармана тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси томонидан “Suv hisobi” (https://suvhisobi.uz/uz/main) ахборот тизими орқали тузилган шартномага мувофиқ, “Кармана Назарбек” фермер хўжалигига 2025 йил давомида экин майдонларини суғориш учун 510,5 минг м3 сув етказиб берилган.
2025 йилнинг январь-август ойлари учун фойдаланилган сув миқдорини тасдиқловчи далолатномалар фермер хўжалиги раҳбари томонидан ахборот тизими орқали электрон рақамли имзолар билан тасдиқланган. Сентябрь, ноябрь ва декабрь ойлари учун тузилган далолатномалар белгиланган муддатда кўриб чиқилмаганлиги ва эътироз билдирилмаганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 13 октябрдаги “Сув соҳасини рақамлаштириш жараёнини янада жадаллаштириш ва барқарор ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-183-сонли Фармони талабларига мувофиқ далолатнома келишилган деб ҳисобланиб, солиқ органларига юборилган.
Шунингдек, фермер хўжалиги 2025 йилнинг апрель-октябрь ойларида жами 425,7 минг м3 сув олганлиги тўғрисида икки томонлама ёзма далолатномалар ҳам расмийлаштирилган. Далолатнома ва олди берди кундалик ҳисоби журналлари фермер хўжалиги раҳбари М.Собированинг имзо ва мухри билан тасдиқланган.
“Кармана Нарзарбек” фермер хўжалигининг ғўза майдонларига 2025 йил ёз мавсумида етарли микдорда сув етказиб берилмагани ҳақида шикояти ўринсиз ва уни рад этувчи ҳужжатлар ва видео тасвирлар мавжуд.
Бундан ташқари, ўрганиш чоғида фермер хўжалиги томонидан 2021 йилда 22 гектар ер майдонида пахта етиштириш мақсадида “Кармана сув таъминот” МЧЖ билан тузилган шартнома асосида томчилатиб суғориш тизимлари ўрнатилгани, ушбу мақсадлар учун Давлат бюджетидан 176,0 млн. сўм субсидия ажратилгани, бироқ 2025 йилда мазкур майдонларда экинлар эгатлаб суғорилгани аниқланди.
“Сувхўжаликназорат” инспекцияси Навоий вилоят бошқармасининг “Кармана Назарбек” фермер хўжалигига юборилган 2025 йил 29 апрелдаги 8/25-151-сонли Огоҳлантириш хати билан субсидия маблағлари жорий қилинган сувни тежайдиган суғориш тизимлари камида беш йил ишлатиш шарти билан ажратилиши таъкидланган.
Тегишли қонунчиликка биноан, жорий қилинган сувни тежайдиган суғориш технологияларидан суғориш ва носуғориш мавсумларида фойдаланмаслик ҳолатлари аниқланса, ажратилган субсидия белгиланган тартибда қайтарилиши ҳақида огоҳлантирилган. Шунга қарамасдан, фермер хўжалиги 2025 йилда сувни тежайдиган суғориш технологияларидан фойдаланмаган.
Қуйи Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати
