ИБРАТЛИ УМР МАҲЗАНИ
2026-02-02 15:15:00 / Янгиликлар

Рустам ака 1962 йил 17 февралда Бухоро шаҳрида зиёли оилада туғилди. У кишининг бобоси Соли Ёдгоров Бухоро вилояти партия қўмитасида қишлоқ хўжалиги бўйича котиб бўлиб ишлаган, катта раҳбарлик тажрибасига эга инсон эди. Бухоро туманидаги бир хўжалик у кишининг номи билан аталган. Отаси Дамир Ёдгоров ҳам турли раҳбарлик лавозимларида, жумладан, вилоят ҳокими бўлиб ишлаган. Шу сабабли ҳам Ёдгоровлар оиласи бухороликларнинг юксак ҳурмат ва эътиборига сазовор. Рустам ака ана шундай нуфузли сулоланинг давомчиси эди.
У оилада иккинчи фарзанд бўлган, опаси ва укаси бор. Болалигиданоқ “Мен оиламнинг, қолаверса, Ватанимнинг кўзга кўринган, эъзозли фарзанди бўлишим керак” деган шиор билан яшаган. Рус тилига ихтисослашган мактабни аъло баҳоларга битириб, 1979 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига ўқишга кирган.
Талабалик даврида спортда катта ютуқларга эришиб, кўп кураш бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлган. Шу даврда институт Ёшлар иттифоқида фаоллардан бири, институтнинг спорт йўналиши бўйича етакчиси эди.
Биз унинг ташаббускорлик, ташкилотчилик, раҳбарлик қобилиятига кўп гувоҳ бўлганмиз. Рустам ака атрофидагиларни бир жамоа сифатида ҳаракатлантиришга ва йўналтиришга қодир ҳақиқий лидер эди. Менимча, у шу хусусиятларини ўша даврда институт ёшларининг раҳнамоси бўлган Шавкат Миромонович Мирзиёевдан ўрганган. У кишига эргашиб, талабчанлик, ташаббускорлик фазилатларини ҳам ўзлаштирган.
Институтни битиргандан кейин, Тошкентда, Ўрта Осиё хўжалик қурилиш бирлашмаси (Главсредазирсавхозстрой) тизимида фаолият юритди. Бирлашма обрўли ташкилот бўлиб, раҳбари академик Нажим Раҳимович Ҳамроев эди. Рустам ака дастлаб ирригация ва мелиорация бўйича етакчи мутахассис, кейин бош мутахассис ва бўлим бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатди.
Республикамиз ҳудудларида чўлларни ва ерларни ўзлаштиришга ўз ҳиссасини қўшди.
Кейин Бухоро вилояти Қоровулбозордаги сув хўжалиги ташкилотига ишга юборилди. Рустам ака аввал раҳбар ўринбосари бўлиб ишлади, кейин бир неча йил раҳбарлик қилди. У ҳудудда мелиорация ва ирригация масалаларини ҳал қилишда фидойилик кўрсатди.
Ўша даврда бошқа кўпгина соҳалар каби сув хўжалигида ҳам салоҳиятли кадрлар етишмас эди. Қоровулбозордаги сув хўжалиги ташкилотида 300 киши ишлаган бўлса, олий маълумотли муҳандис-техник ходимлар иш ўрни 130 та эди. Амалда атиги 30 нафар олий маълумотли мутахассис бор эди.
Чўл ҳудуд бўлгани учун одамлар узоқдан қатнаб ишларди. Душанба куни айрим ходимлар етиб келгунича туш вақти бўлиб қолар, жума куни эса йўл узоқ деб кўпчилик тушдан кейин жўнаб кетарди. Натижада ҳафтасига тўрт кун иш бўларди.
Рустам ака ишларни қайтадан ташкиллаштириб, нафақат беш кунлик, балки етти кунлик тартибга ўтказди. Жамоанинг бир қисми шанба-якшанба кунлари уйига кетадиган, бир қисми навбат билан қоладиган бўлди.
Бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратилди: яшаш жойи, иссиқ овқат, қўшимча даромад, транспорт ва алоқа. Ўша пайтда бу масалалар давлат томонидан таъминланмаган эди, фақат раҳбарнинг фидойилиги ва жамоа билан бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши эвазигаҳал қилинди.
Ўша даврда мобиль телефонлар йўқ, алоқа учун 10–50 км масофадаги радиостанциялардан, Алтай ва Лён (Болгария) радио алоқаларидан, рациялардан фойдаланиларди. Бутун чўл бўйлаб сувчилар билан алоқа ўрнатилди ва назорат самарали йўлга қўйилди.
Транспорт воситалари ривожлантирилди: оддий ходимлар учун аввал велосипед, кейин мотоцикл, юк ташиш учун автомобил ва тракторлардан фойдаланилди. Ҳатто айрим ҳудудларда отлар олиниб, коллектор бўйларини назорат қилишда сувчилар улардан фойдаланди.
Бошида яшаш учун вагонлардан фойдаланилган бўлса, жамоанинг сайъ-ҳаракати билан кичик уйчалар қурилди, кейин эса режа асосида гидротехниклар учун уйлар барпо этилди, йўллар асфальт қилинди, электр таъминоти ўрнатилди. Яшаш учун барча шароитлар муҳайё қилинди.
Бу ишларда мен Рустам ака билан ёнма-ён фаолият юритганман. У киши билан бирга Қоровулбозорда 8,5 йил ишлаганмиз. Шу даврда илмий ишлар ҳам олиб борилди, янги лойиҳалар ҳам яратилди.
1980 йиллар охиридаги иқтисодий ислоҳотлар даврида ходимларни “жамоавий пудрат” усулида ишлатдик: бу орқали ходимлар бюджетдан ташқари, хўжалик ҳисобидан ҳам ишлаб, қўшимча маош олади. Шунингдек, қўшимча ёрдамчи хўжаликлар ташкил этилди: кимдир қўй, эчки, товуқ ва балиқчилик билан шуғулланди, яна кимдир асалари боқди.
Энг асосий вазифа – чўлни ўзлаштириш ва яшил маконга айлантириш эди. Минглаб дарахтлар экилди, боғлар, манзарали ҳудудлар, узумзорлар барпо этилди. Улар ҳозиргача мавжуд.
Ўша даврда Қоровулбозор алоҳида туман эмас, биз ишлаётган жойлар массив ҳисобланарди. Кейинчалик туман ташкил этилди ва бизнинг ташкилот негизида олтита ташкилот барпо этилди. Электр тармоғи корхонаси, сув қурилиши, ирригация, мелиорация, техника-транспорт, насос станциялари участкаси алоҳида ташкилот сифатида ажралиб чиқди.
Шу даврда илмий диссертациямни ҳимоя қилиб, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди даражасига эришган эдим. Қоровулбозорда экинларнинг суғориш тартиби мавжуд эмас эди, шуни ишлаб чиқиб, гектарига 15–17 центнер ҳосил берган ерлардан 48–54 центнергача пахта етиштирдик.
1994 йилнинг тўртинчи чорагида Рустам ака Бухоро вилояти Сувхўжаликназорат бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди, мен эса вилоят сув хўжалиги бошқармасида сувдан фойдаланиш бўлими бошлиғи бўлдим.
Рустам ака ўзининг бой тажрибаси ва билими орқали жамоани эргаштириб, ташкилотни ривожлантирди. Кўплаб шогирдлар тарбиялади, ҳозир улар вилоят ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида ишлайдилар.
Рустам Ёдгоров кўп инсонларга яхшилик қилди. Кимдир муаммо ёки илтимос билан мурожаат қилса, сувчи, деҳқон ёки оддий етим бола бўлсин, фарқи йўқ, ҳаммани эътибор билан тингларди.
Ҳар бир инсоннинг дардини ўз дарди деб биларди. Масалан, бир куни иссиғим кўтарилиб, ётиб қолдим. Рустам ака шифокорларни чақириб, ёнимда турди. Даволанишимга вақтини ва меҳрини сарфлади.
Тасаввур қилинг, агар ҳозир сизга кимдир “иссиғим чиқаяпти, шамоллаб қолдим” деб мурожаат қилса маслаҳат берасиз ёки кимгадир юборасиз. У киши унақа қилмас эди. Охиригача ёнингизда бўларди.
Мен у Рустам Ёдгоровнинг кўп хислатларидан ўрнак олиб, ўз фаолиятимда қўллайман.
Оилa аъзоларига ҳaм жудa эътиборли эди. Ўзининг aёлини ҳурмaт қилиш, фарзaндгa муносaбaтни у кишидaн ўрганса бўларди. Турмуш ўртоғига, бoлaлaригa, нeвaрaлaргa ҳaм шундай мeҳрибон, улуғ инсон эди.
У киши aйтaрди: “Вaтaн oилaдaн бошлaнaди. Oилaсини яхши кўриб, oилaсигa мeҳрибон бўлмaсa, ўзининг жaмoасигa мeҳрибон бўлмaсa, билингки, у oдaм вaтaнпaрвaр эмaс”.
Бу чуқур фaлсaфий гaп. Ҳурмaтли Прeзидeнтимиз ҳaм доим aйтaдилaр: “Ҳaётдaги энг кaттa мaқсад oилaнинг бaхтини кўриш”. Ана шу тарбиянинг меваси бўлганки, ўғли ва қизи ҳозир отaсигa мунoсиб яшaяптилaр. Нeвaрaлaри бор. Бaхтли бўлишсин. Бу oилaни мен ўзимгa жудa яқин деб билaмaн.
Ҳaётдa ўртоқлaри билaн, қaриндoш-уруғлaри билaн муносaбaти ҳaм ҳавас қилгулик эди.
Мaрд ва одил инсон эди. Дейлик бир яқин одами ким биландир тортишиб қолди. Таниши ноҳақ. Рустам ака унинг олдига келардида, “Aнaви тўғри aйтяпти, кел, ўша aйтаётгaн нaрсaгa рoзи бўлгин. Агар сeнгa қийинлик қиладиган бўлса, мен ёрдам бeрaмaн. Лeкин, нoмaрдлик қилмa” дeрди. Шунaқa мaрд инсон эди. “Тeпaдa Аллоҳ қaрaб турибди. Мaйли, бугун биз зaрaр кўрaйлик, лекин виждoн олдидa ютгaн бўлaмиз. Ҳар бир ишимизнинг ажру-савоби бор” дерди.
Бу гаплар эртак эмас. Рустам ака Ёдгоров бизнинг замондошимиз эди. Кўп йиллар ёнма-ён, елкама елка ишлаб, ундан ҳаётий, касбий сабоқлар олганмиз. Рустам ака том маънода ибрат мактаби эди.
Афсуски, бешафқат ўзим устозимизни 2022 йилда орамиздан олиб кетди. Бу кўнглидарё инсондан эзгу аъмоллар, қобил фарзандлар қолди. Жойлари жаннатда бўлсин!
Шавкат Хамраев,
Сув хўжалиги вазири
(“Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги” журналининг 2026 йил 2-сонидан олинди).
